«Порлоқ келажак» болаларни кутмоқда
  • 04 Июль 2017

«Порлоқ келажак» болаларни кутмоқда

Вобкент туманида “Порлоқ келажак” болалар оромгоҳи фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан мазкур масканда тантанали тадбир ўтказилди. Унда юртимизда баркамол авлодни тарбиялаш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Сўлим табиат қўйнидаги оромгоҳ “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятига қарашли “Бухоропахтасаноат” ҳудудий филиали ва унинг тизимидаги қайта ишлаш корхоналари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, “Бухорогазсаноатқурилиш”, “Бухоронефтгазқурилиштаъмир” акциядорлик жамиятлари, “Вобкентмахсусқурилиш” масъулияти чекланган жамияти ҳамда бошқа кўплаб пудрат ташкилотлари томонидан ўзига хос лойиҳа асосида барпо этилди. Бу ерда ҳар бири 50 ўринли тўртта ётоқхона, ошхона, кутубхона, спорт майдончалари, сузиш ҳавзаси, маънавият ва маърифат маркази, аттракционлар бор. Масканда мавсум давомида 750 нафардан зиёд болалар дам олади.

— Оромгоҳда фарзандларимизнинг ёзги таътилни мароқли ва мазмунли ўтказишлари учун ҳавас қилса арзигулик шарт-шароитлар яратилибди, — дейди шу туманда яшовчи Озода Ҳикматова. — Биз бу сўлим маскан тимсолида давлатимизнинг навқирон авлодга кўрсатаётган юксак эътибор ҳамда ғамхўрлигини яна бир карра ҳис этдик.

Оромгоҳнинг очилиш маросимида театрлаштирилган дастур намойиш қилинди. Ватан, тинчлик ва бахтиёр болаликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. 

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў. Барноев сўзга чиқди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn