Бунёдкорлик сари
  • 30 Июнь 2017

Бунёдкорлик сари

Президентимизнинг кенг кўламли ташаббуслари мамлакатимизнинг жадал тараққиётини, халқимиз фаровонлигини таъминламоқда.

Кун ортидан кун, ой ортидан ой, йиллар бир-бирини қувиб ўтаверади. Дунёда ҳар лаҳза, ҳар дақиқа яхши ва ёмон, оддий ҳамда мураккаб воқеликлар юз бераверади. Шунчаки ухлаб, туриб, яна ухлаб вақт ўтказиш мумкин. Мудрасанг ҳам соат миллари югураверади. Аммо шундай яшасанг, орқада қолиб кетасан, биринг икки бўлмайди. Қора қозонинг гоҳ қайнаб, гоҳ қайнамайди. Аста-секин ҳаётдан четга чиқасан. Обрўйинг, мартабанг, шону шарафинг, шаънинг... Ахир инсон яхши яшаши керак: орзуларига етиб, озод ва обод, фаровон жамиятда қадри улуғланиб кун кечириш — унга муносиб эмасми?!

Худди шундай.

Кеча, ундан олдин, бугун давлатимиз раҳбари бизни янада яхши яшашимиз учун уйғоқ бўлишга чорлаяпти. Қозонимиз ҳамиша қайнаб, дастурхонимиз нозу неъматлардан ял-ял ёниб, қўлимизни узатсак узоқ-узоқларга етишини истаб, ғайрат-шижоат кўрсатишга, дардингиз бўлса айтинг, давлатимиз сиз, азизларга хизмат қилади, бундан буён фақат ҳушёр, огоҳ бўлиб, мен Ўзбекистон фарзандиман, шу эл учун, шу юрт учун фидойи бўламан, тўқ, фаровон, гўзал ҳаёт завқу шавқини сураман, десангиз, олға интилинг, юксак марраларни бирга забт этайлик, деб янги зафарлар сари ундаяпти.

Эътибор берган бўлсангиз, Ўзбекистон деган табаррук оиланинг ҳар бир рўзғор тутуми жабҳасида аниқ-равшан йўл-йўриқлар кўрсатилди, давлат ва халқ ҳаётига доир бирон-бир соҳа қолмадики, янгиланишга, жадал ривожланишига ойдин йўл очиб берилмаган бўлса.

Фермердан тортиб, муҳандисгача, ҳунарманддан тортиб академиккача, умуман, қайси касб-корнинг тизими бўлса, деҳқонча қилиб айтганда, “шудгори яхши бўлди, обиҳаёт тараб қўйилди. Уруғ қадалди — энди ҳосил баракали бўлади”.

Шу йилнинг 27 июнь куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Киндик қонимиз тўкилган муқаддас тупроқ, саждагоҳимиз, абадият бешигимиз — она-Ватан! Қошу кўзингдан айланайин, фидойинг бўлайлик, айт биздан розимисан?! Президентимиз ҳар биримизга истиқлолимизнинг 

26 йиллигини дилимизда такрорлаб, унинг маъносини рўёбга чиқариб, улуғ байрамимизни муносиб кутиб олишимизга оид ғояларни ўртага ташлади. Бинобарин, -давлатимиз раҳбари беш йил мобайнида қўлга киритишимиз лозим бўлган Ҳаракатлар стратегиясининг самараси ўлароқ, қудратли мамлакатга айланишимиз йўлининг беш йўналишини белгилаб берди.

Мақсад аниқ: биз бахтли, ҳеч нарсадан камчилиги бўлмаган, етук ва салоҳиятли, фуқаролари ҳаётидан рози, ҳамманинг ҳавасига молик давлат ҳамда жамият барпо этажакмиз. Ҳозирам чакки эмас-ку, деб кимдир эътироз билдириши мумкин. Ёхуд акси. Йўқ. Биз ориятли — давралардан қуруқ қолмаган, марду майдон халқмиз. Бизга кичкина ният тўғри келмайди. Ҳамиша катта орзуларни кўзлаб келганмиз.

Шу маънода, Президентимизнинг ҳар бир иши, ташаббуси ана шундай юксакликни ифодалагани билан бизга улкан иштиёқ, баланд кайфият бахш этмоқда.

Буни эса чуқур ва теран англашимиз керак.

Буни англаш учун анъанавий оммавий ахборот воситалари, яъни давлат ва нодавлат, интернет-нашрларга бир нигоҳ ташлашнинг ўзи кифоя. Берилаётган  янгиликлар тўплами у ёки бу тарзда мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуслари, қабул қилган қарорлари билан боғлиқ. Президентимиз бугун энг асосий бунёдкор ғоялар муаллифи сифатида янгиланишлар бошида туриб, хабарларни аҳолига етказишда ҳам намуна кўрсатмоқда. Сўнгги кунларда кузатилган воқеаларнинг ўзиёқ бундан далолат беради. Савдо-саноат палатасидаги ислоҳотлар, 

11 йиллик таълимни тажриба-синов тарзида жорий этиш таклифи, тадбиркорлар ва экспорт қилувчилар учун қўшимча рағбатлар — буларнинг барчаси ҳаёт тақозо этаётган ниҳоятда долзарб масалалар эканини ҳис қилиш қийин эмас. Шу боис ҳам матбуотнинг, бутун жамоатчиликнинг бу янгиликларга нисбатан қизиқиши кучли. 

Оммавий ахборот воситаларининг қизиқиши ҳақида сўз юритар эканмиз, фақат миллий эмас, балки хорижий нашрларни ҳам назарда тутаяпмиз. Негаки, Шавкат Мирзиёевнинг халқаро анжуманлар минбаридан туриб илгари сурган ғоялари глобал аҳамиятга эга. Жумладан, ислом динининг зиёга, эзгуликка  етакловчи хусусияти, жаҳолатга  қарши маърифат билан курашиш, террорчиликка қарши туриш учун кучларни бирлаштириш зарурлиги каби ғоялари етакчи давлатлар раҳбарларининг таклифлари билан ҳамоҳанг. Шу билан бирга, уларнинг энг муҳим жиҳати — Ўзбекистон манфаатларидан келиб чиққанлигидир. 

 

Ҳамма нарса илдизига қайтади

Мозийга қараб иш тутиш хайрли, дейишади. Сабаби, неча минг йиллик тарихимиз давомида орттирган тажрибамиз, маънавий-маърифий меросимиз, эришган ютуқларимиз билан бир қаторда, асрлар оша ёнма-ён, қўлни қўлга бериб келган қавму қариндош ҳамсояларимиз, жону жигар қўшниларимиз, биз билан қадрдон бўлган, қадриятлари, анъаналари яқин биродар халқлар ва давлатлар билан деворларни суриб ташлаб суҳбат қуришга нима етсин!

Борди-келди кўпайса, замонавий карвонлар у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа қаторлашиб ўтса, ким ютади: ҳамма.

Авваламбор, боболаримиздан қолган эътибор, эъзоз, яхшилик осмон қадар юксалади. Майда-чуйда гина-кудуратлар унутилади. Яқин дўст, ҳамкор ва ҳамнафасликда ҳақиқий дўстона, шунинг билан бирга, манфаатли алоқалар кенгаяди. Санъатлар, маданиятлар, иқтисодиётлар, энг муҳими, бир-бирига қалби туташ халқлар ягона мақсад йўлида ҳаракатланади.

Давлатимиз раҳбарининг Туркманистон, Қозоғистон ва Россияга қилган ташрифлари, нуфузли халқаро форумлардаги иштироки Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти учун очиқ эканини намоён этиб, турли йўналишларда кенг кўламли ҳамкорлик алоқаларини жадал ривожлантиришга тайёрлигини кўрсатди.

Хитой файласуфи Лао Цзи 2,5 минг йил аввал айтганидек, дунёда ҳамма нарса ўсади, гуллайди ва илдизига қайтади. Ўзбекистон Президенти “Бир макон, бир йўл” халқаро форумидаги нутқида Буюк Ипак йўлининг турли минтақаларнинг ўзаро муносабатларидаги аҳамияти, унинг қайта тикланиши нақадар муҳимлиги ҳақида фикр юритар экан, юқоридаги иборага алоҳида мурожаат қилиб ўтди. 

Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига май ойидаги давлат ташрифи, худди олдингиларидек, экспертлар томонидан бир овоздан тарихий, туб бурилиш ясовчи воқеа, дея баҳоланди. Ташриф давомида давлатларимиз ўртасида умумий чегара бўлмаса-да, ўзбек ва хитой халқлари ўзларининг урф-одатлари, маънавий қадриятлари, меҳнатсеварлиги ва бебаҳо тарихи билан бир-бирига жуда яқин эканлиги қайд этилди.

Шу ўринда Буюк Ипак йўлини минг йиллар оралиғида дилларни дилларга, элларни элларга боғлаган буюклик йўли, деб таърифласак, мақсадга мувофиқдир. У 12 минг километрни ташкил этиб, Хитойнинг қадимги пойтахти Сиандан бошланиб, Шарқий Туркистон, Ўрта Осиё, Эрон ва Месопотамия орқали то Ўрта Ер денгизигача етиб борган. Бизнинг юртимиз бўлса, унинг қоқ ўртасида жойлашган, яъни бу ердан Сариқ ва Шарқий Хитой денгизи, Евроосиёнинг шарқий чегараларигача бўлган масофа тахминан 4,5 минг километр, Атлантика океанигача эса 5 минг километрча келади.

Аждодларимиз мингйилликлар давомида дунё ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириб, қўшнилар билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилиб келганлар. Тарихда шундай далил борки, Хитойнинг жануби-шарқий чегараси, Вьетнамга яқин жойида эрамизнинг бешинчи асрига оид қазилмалар орасида кумуш идиш топилган бўлиб, унда сўғд ёзуви битилган. Идиш Чоч, яъни ҳозирги Тошкент аҳли вакилига тегишли бўлган. Демак, ўша вақтлардаёқ сайёҳлар баланд чўққилар, жазирама чўллар ва тезоқар дарёларга қарамасдан, Осиё қитъасининг чеккасига қараб 5 минг километр масофани босиб ўтганлар.

Буюк Ипак йўли бўйлаб аждодларимиз солган сўқмоқларни ўт босиб кетмади, балки аксинча, улар кенг магистралларга айланди, ҳаракатланиш кўрсаткичи эса борган сари ортмоқда. Ўзбекистон Президентининг ХХРга ташрифи чоғида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражадаги юздан ортиқ ҳужжатлар имзоланди. Уларнинг умумий қиймати 23 миллиард доллардан ошади.

 

Кеча тасаввурга сиғмасди, бугун — ҳақиқат

Ким йўлга чиқмасин, уни чамалайди, қачон ва қаердан ўтишини,  ким билан ҳамроҳ бўлишини, сафар натижасини олдиндан чуқур ўйлаб кўради. Чунончи, Хитой билан узвий ҳамкорлик, савдо-иқтисодий алоқаларнинг изчил мустаҳкамланиши Ҳаракатлар стратегияси, яъни яқин беш йил ва кейинги йилларга мўлжалланган, барқарор тараққиётнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишлардаги концептуал вазифаларини ўз ичига олган “йўл харитаси”га уйғун. Олтин, уран, пахта ва табиий газ ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўнталикка кирувчи Ўзбекистонда дунёга таклиф эта оладиган маҳсулотлари бисёр. Бу айни пайтда қизиқиш тобора кучаяётган замонавий технологик товарларга ҳам тегишли. Масалан, Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган “ЭКСПО — 2017” халқаро кўргазмаси ташкилотчиларининг хабар беришича, мамлакатимиз павильони катта қизиқиш уйғотаётган павильонлар орасида 

2-ўринни эгаллаб турибди. Энг кўп ташриф буюрилаётган павильонлар ўнталигида Ҳиндистон, Хитой, Туркия, Малайзия каби давлатларни ортда қолдирди. Дастлабки икки ҳафта ичида кўргазмамизни 100 мингдан ортиқ кишилар бориб кўрди. Бу рақамлар бизда қандай таассурот уйғотади? Шубҳасиз, ёқимли ва ғурурбахш.

Эндиликда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларига, бошқа тармоқлардаги улкан салоҳиятига таянган Ўзбекистон ўз қўшнилари, азалий ҳамкорлари билан, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билан алоқаларни тобора мустаҳкамлаяпти. Президентимизнинг ШҲТ саммитидаги таклифлари муҳим ва долзарблиги, давримизнинг яна бир илғор ғояларига айланди. Бу ташаббуслар “Бир макон, бир йўл” доирасида кенг кўламли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, илмий интеграция, янги транспорт магистраллари орқали жаҳон бозорига чиқиш каби масалаларга ҳам тегишли. 

Улуғ шоиримиз ўафур ўулом машҳур шеърида “Бу йўллар кўп қадим йўллардир...” деб ўтган асрнинг бошларида қурилган темир йўлдан фахр ила, кўкси тўлиб, бир қадар сурур, бир қадар чексиз ғам билан ҳайқирган эди. Агар улуғ шоиримиз ҳаёт бўлганида, истиқлол йилларида Ўзбекистон нафақат бутун мамлакатни ягона темир йўл тизимига бирлаштиришга эришганини, шу билан бирга, тўрт қутбга қараб транспорт коммуникация йўлакларини барпо этишга қатъий киришганини кўриб, авлодлар тақдирига, албатта, тасаннолар айтарди.

Таъкидлаш жоизки, транспортга эътибор нафақат глобал коридорлар масаласида, балки маҳаллий йўналишлар доирасида ҳам такомиллашмоқда.

Дейлик, кечагина Фарғона водийсида электр поездлар ҳаракатланишига ишониш қийин эди. Бугун эса аҳолига қулайлик яратиш мақсадида бу ерда замонавий, тезюрар транспорт қатнови йўлга қўйилмоқда. Яқин келажакда электрлаштирилган темир йўллар водийни тўлиқ қамраб олади.

Давлатимиз раҳбари вилоятларга сафари чоғида доимо шу сингари долзарб масалаларга эътибор қаратиб келаётгани барчага аён. Фарғонада, мисол учун, транспорт билан боғлиқ масала кўрилган бўлса, Хоразмда — юқори технологик тиббиёт хизматини яхшилаш, Жиззахда республикани бензин билан таъминлаш, Бухорода — туризм ва инфратузилмани ривожлантириш, пойтахтимиз туманларида эса коммунал соҳа муаммолари ечимига урғу берилди. Энг сўнгги янгиликлардан яна бири кўпгина туманларда жисмоний имконияти чекланган аёлларга беғараз асосда замонавий тикув машиналари тарқатилмоқда. Улар билан меҳнат шартномалари тузилиб, матолар етказиб -берилади. Тайёр бўлган буюртмалар эса уйларига келиб олиб кетилади. 

Қаранг, ҳал этиб бўлмайдиган муаммонинг ўзи йўқ. Фақат уларни  манзилли ёндашув туфайли, яъни ҳар бир шаҳар ва туманнинг ўзига хослигини, иқтисодий салоҳияти ва у ерда яшовчи одамларнинг кайфиятини ҳисобга олиш йўли билан бартараф этиш мумкин, аслида.      

 

Очиқ мулоқот — мамнуният мезони

Юртдошларимиз барча соҳадаги муаммоларни тез ва самарали ҳал этиш бўйича узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаётий, аниқроғи, амалий тизимни қувонч билан кутиб олишди. Давлат раҳбарининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари орқали фуқаролар билан мулоқот ўрнатишнинг янгича тизими адолатни таъминлаш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш борасида ҳал қилувчи босқич бўлибгина қолмай, у пировард мақсадга — онгни уйғотиш ва бунёдкорлик руҳини кучайтиришга эришиш воситасидир. Бугун вазирлик, идора, ҳокимият ё ташкилот борки, фуқаролар билан мулоқотда, уларнинг хизматида.

Оммавий ахборот воситалари зиммасидаги вазифалар ҳам улкан. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўлланган байрам табригида қайд этилганидек, ҳаётимиздаги мавжуд муаммоларни, жойларда ташкил этилган Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонада аҳоли томонидан кўтарилаётган ўткир ҳамда долзарб масалаларни, уларнинг сабаб ва омилларини очиб бериш, жамиятимизда танқид ва ўз-ўзини танқид руҳини кучайтириш, афсуски, оммавий ахборот воситалари фао-лиятида ҳали тўла ўз ифодасини топган эмас. Бу эса ижод соҳаси вакилларидан янада қатъий ҳаракатларни, фаоллик ва ташаббускорликни, барча кучни мамлакат ва жамият манфаати учун сафарбар қилишни талаб этади. 

Бугун давлат чинакам маънода инсон манфаатларига хизмат қилмоқда. Мамлакат раҳбари учун халқнинг хоҳиш-иродаси, рўй бераётган ўзгаришларга нисбатан фикри ва келажак ҳақидаги тасаввури жуда муҳим. Кўпчиликнинг фикри муаммоли жиҳатларни яхши англаб олишга ва уларга ўз вақтида ечим топишга имкон беради. Хусусан, раҳбарлар орасида Алишер Навоийнинг “Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами” деган сўзларига амал қилувчилар сафи тобора кенгайиб бораётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. 

Қийин шароитга тушиб қолгудек бўлсанг, сенга елка тутиб, қўллаб-қувватловчилар борлигига ишониш — катта бахт. Буни англаб, шу туйғу билан ҳаёт кечирилса, дадил режалар тузиш, уларни рўёбга чиқариш учун меҳнат қилиш ва фаровонликка эришиш ҳам осон кечади. 

Дарвоқе, бахт индексини ҳам ўлчаш мумкин экан. Бу вазифа билан деярли бир асрдан буён глобал миқёсда фаолият юритиб келаётган нуфузли таҳлилчи ташкилот — “Гэллап” институтининг социолог олимлари шуғулланишади. Улар тадқиқот давомида 142 та давлатнинг 150 мингга яқин фуқаролари орасида сўров ўтказишди. Сўнг одамларнинг кайфиятини, ўз ҳаётидан мамнунлигини аниқлашди. Сўров якунлари бўйича эълон қилинган ижобий ҳис-туйғулар индексида Ўзбекистон тўпланган балларга кўра, жаҳонда учинчи ўринни эгаллади. МДҲда эса биринчи!

Ўзини ва яқинларининг хавфсизлиги, севган касби билан шуғулланиш имконияти, атрофда рўй бераётган янгиланишлар — ана шу омилларнинг барчаси мамлакатимизда инсон ўз ҳаётидан мамнун бўлиб яшашига замин яратди. Бундай кайфиятни “Гэллап” институти мутахассислари ўз ҳисоботларида акс эттиришди. Яқинда мамлакатимизга ташриф буюрган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар халқ фаровонлигини юксалтиришда, мамлакат тараққиётида муҳим роль ўйнаётганини таъкидлаб ўтгани бежиз эмас.

Мард, олижаноб, бағрикенг, орзулари мўл халқимиз Президентимизнинг бунёдкорлик йўлидаги ташаббусларидан илҳомланиб, ана шу эзгу ва хайрли мақсадлар сари дадил қадам ташламоқда. Бугуннинг муҳим, ишончли ҳамда мустаҳкам ҳақиқати шу.

Ўткир РАҲМАТ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn