Истиқлол саодати ва шукрона
  • 22 Июнь 2017

Истиқлол саодати ва шукрона

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 июндаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда инсон ва унинг манфаатлари устувор эканлигига яна бир далилдир. Бу айём кунларида ташкил этиладиган турли маросимларда элимизнинг янада бахтли, дастурхонларимизнинг бундан-да баракотли бўлиши ҳар биримизнинг эзгу ниятларимиз ҳамда саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ эканлигини инобатга олсак, ушбу қарорнинг аҳамияти ниҳоятда беқиёс эканлигини англаб етамиз.

Ватанимиз мустақиллиги йилдан-йилга мустаҳкамланиб, Ўзбекистонимиз халқаро миқёсда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, халқимизнинг турмуш даражаси, эл-юрт фаровонлиги янада равнақ топмоқда. Айниқса, диний маросимларни эмин-эркин адо этиши учун барча шарт-шароит яратиб берилаётир. Ислом маданиятига мансуб бўлган 1300 йиллик тарихга эга, ўтмиш қаъридан оламга нур таратиб келган муқаддас обидалар — масжид ва мадрасалар, аждодларимиздан қолган тарихий меросимиз қайта тикланди, инсоний қадриятларимизнинг асосини ташкил этган ислом дини таълимотларидан бемалол баҳраманд бўла бошладик.

Заминимиз улуғ алломалар, буюк инсонлар етишиб чиққани билан дунёга машҳур. Айниқса, ислом оламида Қуръони каримни ёд этиб, тафсир қилган, ақида илмида ном қозонган алломаларнинг китоблари бугун дунёнинг нуфузли илм даргоҳларида ўқитилаяпти.

15 июнь куни пойтахтимиз Тошкент шаҳрида “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби” мавзуида анжуман уюштирилиши ва  Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу анжуманда сўзлаган нутқи ўз мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан кенг жамоатчилик, дин арбоблари, барча -юртдошларимиз томонидан катта қизиқиш ҳамда мамнуният билан кутиб олинди.

Давлатимиз раҳбарининг нутқини алоҳида диққат ва эътибор билан тингладик. Билдирилган фикрлар дилимиздаги эзгу муддаоларга ҳамоҳанглиги билан, айниқса, қимматлидир. Зеро, бугун мамлакатимизда бизга кенг имкониятлар яратиб берилгани, диний эътиқод эркинлиги, масжиду мадрасалар ихтиёримизда эканлигининг ўзиёқ давлатимизнинг оқилона сиёсати ифодасидир.

Президентимизнинг муборак Рамазон кунларида дин уламоларини мулоқотга чорлашлари тинч ва осуда ҳаётимизни асраб-авайлаш, хотиржамлигимизга путур етказадиган ҳар қандай ғов ва тўсиқлар билан аёвсиз кураш олиб бориш, фарзандларимиз таълим ва тарбиясига янада жиддий эътибор беришга даъват этади. Анжуманда кўтарилган масалалар бўйича ушбу қутлуғ кунларда жойларда бўлиб ўтаётган тадбирларда ҳам алоҳида тўхталаяпмиз.

Қолаверса, бу суҳбатларда юртимиздаги тинчлик ва хотиржамликнинг аҳамияти, уни асраб-авайлаш, фарзандларимизга тўғри таълим ҳамда тарбия беришга ҳам кўпроқ урғу бераяпмиз. Бинобарин, тинчлик — дунёдаги энг бебаҳо неъмат. Бахтимиз шундаки, биз ана шундай хотиржамлик ҳукмрон юрт фарзандларимиз. Буни мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси теран англамоғи, қадрламоғи лозим, деб ўйлаймиз. Шундай экан, муборак -кунларда ният қиламизки, юртимиз фаровонлиги, элимиз тинчлиги янада зиёда бўлсин, истиқлолимизнинг нурафшон ёғдуси қалбларимизни мунаввар айлайверсин.

Баҳодир АМИНОВ,

Тошкент шаҳар, 

Учтепа туманидаги

«Чўлпон ота» жоме масжиди имом ноиби.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn