Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмайди
  • 09 Июнь 2017

Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмайди

Мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши, ўз турмушидан рози бўлиб яшаши учун шароит яратиш давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятида устуворлик касб этаётгани халқимизнинг руҳини кўтариб, ўзгаришу янгиланишларга дахлдорлик туйғусини кучайтирмоқда.

Айниқса, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда расмиятчилик, ўзибўларчилик, қонун талабларига риоя этмаслик каби иллатларнинг тобора камайиб бораётгани, раҳбар ва мансабдор шахсларнинг бу борада масъулият ҳамда жавобгарликни чуқур ҳис эта бошлагани кўплаб инсонларнинг йиллар давомида қийнаб келган муаммолардан қутулишига, осуда, хотиржам кунлар фароғатини ҳис қилишига имкон бераётир.

— Ногиронлигим сабабли ўзим истагандай ишлаб, даромад топиш имкониятим чекланган, — дейди Андижон вилоятининг Асака туманида яшовчи Муқаддам Умарова. — Лекин боқимандалик билан кимгадир оғирлигингни ташлаб яшаш ҳам нотўғри. Мен имкониятим доирасида ишлашни, оиламга, жамиятга фойдам тегишини истайман. Шу ниятда Президентимизнинг Халқ қабулхонасига кўмак сўраб, мурожаат қилгандим. Мурожаатим эътиборга олиниб, менга тикув машинаси ва бошқа зарур материаллар ажратилди. Яъни касаначи сифатида меҳнат қилишим учун шароит яратиб берилди. Очиғи, бу ғамхўрлик менга ҳар томонлама далда бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида қилинаётган кенг кўламли ишлар Муқаддам сингари ўнлаб, юзлаб ҳамюртларимиз қалбида миннатдорлик, мамнуният ҳисларини уйғотмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар одамларга қатор вазирлик ҳамда идоралар, маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, ўз дарду ташвишини, қонуний талабларини тўғридан-тўғри баён этиши учун шароит яратаяпти.

Ана шундай сайёр қабуллар Андижон вилоятининг Избоскан, Жалақудуқ, Бўз ва Булоқбоши туманларида бўлиб ўтди. Ушбу тадбирлар асносида Президентнинг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган 500 га яқин мурожаатларга тегишли жавоб берилди.  Жумладан, фуқароларнинг кафолатланган тиббий хизматдан фойдаланиш, йўл қурилиши, электр энергияси, уй-жой, пенсия таъминоти, паспорт тизими, таълим-тарбиявий ишларга оид мурожаатлари юзасидан масъул ходимлар олдида турган асосий вазифалар белгиланиб олинди.

— Олтинкўл туманида истиқомат қилувчи Ҳожиакбар Рўзибоевнинг саломатлигини тиклаш мақсадида қилган мурожаатини ҳар томонлама ўрганиб чиқдик,— дейди Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдушукур Содиқов. — Бу фуқаронинг мурожаати асосли, деб топилди ҳамда Тошкент тиббиёт педиатрия институти клиникасида даволаниши учун имтиёзли йўлланма берилди.  Бажариладиган жарроҳлик амалиётининг сарф-харажатлари ҳомийлик асосида қопланиши юзасидан келишиб олинди.

Олтинкўл туманидан Давлатбой Каримов узоқ йиллар пиллачилик соҳасида меҳнат қилди. Кексалик нафақасига чиқди-ю, тегишли корхонадан тўланмай қолган иш ҳақини ундириш билан овора бўлиб, ҳаловатини йўқотди. Охир-оқибат -Президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилди. Мутасаддиларнинг аралашуви туфайли унга 7 миллион сўм миқдорида иш ҳақи ундириб берилди.

Бундай мисоллар кўп. Ўз навбатида, маҳаллий ҳокимликлар, давлат идоралари аҳоли мурожаатларининг амалий ечимини топиш борасида янада фаоллашиши ҳаётий заруратга айланмоқда.

Андижонда ўтган сайёр қабуллар буни яна бир карра тасдиқлади.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn