Тинчлик ва фаровонлик гарови
  • 09 Июнь 2017

Тинчлик ва фаровонлик гарови

Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.

Миллий ўзлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик жамият етуклигининг муҳим белгиси ҳисобланади. Мамлакатимизда барча миллат ҳамда элатларнинг тили, маданияти, миллий қадриятларини ўрганиши, ривожлантириши учун зарур шароит яратилгани миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларда ҳаммамиз учун ягона Ватан — Ўзбекистон тараққиётига дахлдорлик туйғусини юксалтиришда асосий омил бўлмоқда. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган навбатдаги социологик тадқиқот буни яққол тасдиқлади.

Шуни қайд этиш керакки, марказ мутахассислари 1999 йилдан бери ушбу йўналишда тадқиқот ўтказиб, юртдошларимизнинг фикр ҳамда қарашларидаги ўзгаришларни таҳлил қилиб боришади. Мазкур тадқиқотда турли миллат ҳамда элат, ёш ва касб вакиллари, қишлоқ ҳамда шаҳарларимизда яшаётган юртдошларимиз иштирок этди.

Сўров сўнгги йилларда миллий ўзлик ўз халқига мансублигини ич-ичидан ҳис қилиш эканлигини англаб етган респондентлар сони ўсганини аниқлади (2015 йилда бу кўрсаткич 22,7 фоизни ташкил қилган бўлса, жорий йилда 33,1 фоизга етди). Бу халқимиз учун муҳим жиҳат эканлигини кўрсатади. Тадқиқот ўз миллати ва унинг тарихидан фахрланиш, она-Ватанига муҳаббат барқарор ўсиб (68,1 фоиз) бораётганини кўрсатди.

Респондентларнинг аксарияти ўзларини ўз миллати вакиллари ҳамда мамлакати фуқаролари, деб ҳис қилишади. Шак-шубҳасиз, бу жамиятда миллатлараро тотувлик, барқарорлик ва хотиржамликни қарор топтириш йўлида олиб борилаётган сиёсат самарадорлигининг далилидир. Шунинг учун сўровда қатнашганларнинг ярмидан кўпи ўзини, авваламбор, ўзбекистонлик, деб ҳисоблайди.

 

Тарихни билишга интилиш кучайган

Мамлакат тарихи ҳамда маданиятига муносабат фуқароларнинг миллий ўзлигини англашида муҳим кўрсаткич саналади. Сўровда иштирок этганларнинг 54,7 фоизи “Ўзбекистон тарихини етарли даражада биламан”, деб ҳисоблайди. Айни пайтда жамиятда, айниқса, ёшлар ўртасида тарихий, маданий ва маънавий меросни янада чуқур ўрганишга интилиш кучайган. Ўз навбатида, респондентларнинг 17,7 фоизи мамлакат ҳамда халқларнинг тарихи, маданияти ва маънавий меросини ўрганиш мақбул иш, аммо мажбурий эмас, деб билади. Лекин бундай фикрда бўлган кишилар сафи йилдан-йилга камайиб бораяпти.

 

Тараққиёт — ҳамжиҳатликда

Тадқиқот иштирокчиларининг фикрича, давлат, фуқаролар ҳамжиҳатлиги кишиларни бирлаштирувчи асосий омил ҳисобланади (2016 йилда 51,5 фоиз, 2006 йилда 40,8 фоизни ташкил қилган). Тадқиқотнинг аввалги натижалари билан қиёслаганда, динни бирлаштирувчи омил деб ҳисобловчи респондентлар сони барқарор равишда камаймоқда. Агар 2006 йилда бу кўрсаткич 14,6 фоизни ташкил қилган бўлса, жорий йилда 8,5 фоизга етди.

Сўровда қатнашганларнинг фикрича, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларининг кучайтирилиши, ижтимоий адолатнинг таъминланиши юртимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш (39,5 фоиз), жамиятда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлашда одамлар масъулиятини кучайтириш (35,7 фоиз), оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик фикрини акс эттиришдаги роли (27,2 фоиз)ни ошириш каби омилларнинг аҳамияти алоҳида қайд этилди.

 

Ватан тақдири — менинг тақдирим

Юртдошларимиз учун Ўзбекистоннинг дунёдаги нуфузи ва ўрни, миллий мустақиллик муҳим жиҳат ҳисобланади. Респондентларнинг кўпчилиги, яъни 72,4 фоизи фикрига кўра, истиқлол уларга эртанги кунга ишонч, 52 фоизига эса ўз келажагини эркин белгилаш, барпо этиш имкониятини берди.

Тадқиқот иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги Ўзбекистоннинг байроғини кўриб, давлат мадҳиясини эшитганда ғурур туйғусини ҳис қилишларини ифодалаганлар (жорий йилда 92,4 фоиз, 2015 йилда 89,2 фоиз эди). Булар, аввало, фуқароларда ўзларининг республикамизга, унинг ютуқларига дахлдор, деб билишлари билан боғлиқдир. Респондентларнинг 88 фоизи Ўзбекистонда барча фуқаролар учун миллий мансублиги ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар Конституция билан кафолатланганлигини якдил қайд этишган.

Тадқиқотнинг кўрсатишича, юртдошларимизнинг кўпчилиги (98,4 фоиз) ўзларини тўлақонли Ўзбекистон фуқаролари сифатида ҳис қилишади.

 

Ҳал қилувчи омиллар

Маҳалла — жамиятимиз ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга. Сўров натижаларида турли миллат вакилларини ўзида бирлаштирган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мамлакатимиз аҳолисининг фуқаролик позициясини мустаҳкамлашдаги ўрни ортиб бораётгани ўз ифодасини топган (70 фоиз). Айни пайтда, 66 фоиз респондентлар фикрича, таълим муассасалари миллий ўзликни англашга таъсир қилувчи муҳим омил саналади. Эътиборли жиҳати, ўтган йиллардаги тадқиқотлар билан қиёслаганда, миллий-фуқаролик позициясини шакллантиришда оиланинг роли бирмунча пасайган, яъни 55,1 фоизни ташкил қилди. Ваҳолонки, 2015 йилда бу 89,7 фоиз эди. Сўровда миллий ўзликни англашга, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, адабиёт ва санъат ҳам катта таъсир кўрсатиши ойдинлашди.

 

Миллат зийнати

Сўров жараёнида аниқланганидек, миллий ўзликни англаш ва миллатлараро муносабатларни шакллантиришда тил етакчи роль ўйнайди. Тадқиқотда аён бўлишича, оилаларда, асосан, ўзбек тилида гаплашилади (88 фоиз).

Айни пайтда юртдошларимизнинг кўпчилиги ўзбек тилини оммалаштиришни қўллаб-қувватлаган ҳолда, Ўзбекистонда яшовчи миллат ва элатларнинг тили ҳамда маданиятини ривожлантириш, хорижий тилларни, айниқса, рус тилини ўрганиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида фикр билдирдилар (53 фоиз). Бундай фикрлар Самарқанд, Навоий, Фарғона ҳамда Қашқадарё вилоятларида кўпроқ эканлиги кузатилди.

 

Қадриятларга эҳтиром

Азалий қадриятлар, урф-одатлар миллий ўзликнинг, миллий маданиятнинг ажралмас қисми саналади. Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги, яъни 73,8 фоизи ўз халқининг урф-одатлари ва анъаналарини яхши билади. Бу кўрсаткич 16 — 29 ёшли респондентларда қарийб икки мартага ортгани диққатга сазовор (62,8 фоиз). Анъаналар ва урф-одатларга тўла даражада амал қиладиган ўзбекистонликлар сони анча ўсди (65,2 фоиз, 2015 йилда 49,5 фоиз). Респондентларнинг 31,5 фоизи ўз маънавий эҳтиёжларига мувофиқ келадиган анъаналар ва урф-одатларга риоя этишини маълум қилган.

Тадқиқот, шунингдек, юртдошларимиз “маҳаллийчилик” ва “уруғ-аймоқчилик” сингари ҳолатларга салбий муносабатда эканлигини кўрсатди.

Умуман олганда, тадқиқот мустақиллик йилларида юртдошларимизнинг миллий тикланиши изчил равишда ривожланиб, миллий ўзлиги қарор топгани, фуқаролар онгида катта, кўп миллатли ягона оилага мансублик ҳисси ҳамда Ўзбекистонда миллатлараро барқарор муносабатлар мустаҳкамланганлигини яққол ифодалади.

Фуқароларимиз Президентимизнинг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини ўз вақтида қабул қилинган, деб ҳисоблайди ва қўллаб-қувватлайдилар.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида тайёрланди.

 

Оила қувончи — бахт-саодат рамзи

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017 — 2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори асосида Кармана туманидаги Ёшлик маҳалласида учта ана шундай кўп қаватли тураржой қурилиб, ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Мазкур маҳалла туманнинг энг кўркам масканларидан бирига айланиб бормоқда. Негаки, бу ерда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари тобора кенг кўлам касб этаётир. Фақат сўнгги уч йил ичида тўрт юзга яқин оиланинг уй-жойларга бўлган эҳтиёжлари қондирилгани ана шу эзгу саъй-ҳаракатлар самараси ҳисобланади. Бундай бахтиёр оилалар сони  яна 185 тага кўпайди. Шундан 157 таси мустақил ҳаётга энди қадам қўйган ёш оиладир.

— Илгари шундай замонавий уйлар олдидан ўтганимда уларга ҳавас билан қараб, “Бизга ҳам насиб қилсин”, дея ният билдирардим, — дейди янги хонадон соҳибаларидан бири Зулфизар Узоқова. — Бугун орзуим ушалиб, ўз уйимизга кўчиб ўтдик. Бундан жудаям хурсандмиз. Бу давлатимиз раҳбарининг одамларни рози қилиш, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш мақсадида олиб бораётган халқчил сиёсатининг самарасидир. Қаранг, уйимиз шинам ва қулай. Барча шарт-шароит яратилган. Уни жуда қисқа фурсатларда қуриб битказган бунёдкорлардан ҳам миннатдормиз.

“Бунёдкор замондош” масъулияти чекланган жамияти ишчиларининг айтишича, жамоа ушбу уй-жойлардан ташқари, яна иккита тураржойда қурилиш ишларини ниҳоясига етказмоқда. Улар фойдаланишга топширилгач, 80 та оила уй-жой билан таъминланади.

Албатта, ҳар бир одам фаровон турмуш кечиришни истайди. Шаҳару қишлоқлармизда барпо этилаётган шинам, замонавий ва арзон уйлар эса одамларнинг ана шундай орзу-умидларини рўёбга чиқараётгани билан аҳамиятлидир.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn