Китоб — энг яхши совға
  • 09 Июнь 2017

Китоб — энг яхши совға

Мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев муҳим масалалар қатори китоб ҳақида ҳам фикр билдириб, жумладан шундай деганди: “... ҳаммамиз учун айни пайтда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни кенг ёйиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган  ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди. Ушбу масалаларни амалга ошириш учун биз куни кеча алоҳида фармойиш ҳам қабул қилдик”.

Бунда  гап Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январда имзоланган “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ҳақида бормоқда. Ушбу ҳужжатда китоб масаласи бўйича бир қатор вазифалар белгилангани халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди. 

Болалигимизда туғилган кун ёки байрамларда одамлар бир-бирига китоб совға қилишарди. Китобнинг биринчи саҳифасига тилакларимизни ёзиб, уни устозларимиз, дўстларимиз ва ота-онамизга ҳадя қилар эдик. Демак, энг яхши совға, бу — китоб  бўлган. Турли мусобақаларда, анжуманларда ғолиб чиққанлар ҳам, асосан, китоб билан рағбатлантирилар эди. Бундай  эзгу анъаналар сўнгги йилларда бир оз унутилгандек. 

Ҳар бир инсон ўзининг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ҳақида қайғуриши керак.  Бу унинг жамият олдидаги бурчи ҳисобланади. Интеллектуал ривожланишнинг асосий  йўли эса, бу — китоб ўқиш. Албатта, китобни мутолаа қилиш кутилмаган, тасодифий ҳолатда бўлмаслиги лозим. Бунинг учун кўп вақт керак, вақт эса, бу — бебаҳо қадрият, ундан самарали фойдаланиш талаб этилади. Шу боис Президентимиз фармойишидаги “...таълим муассасаларида синфдан ташқари ўқиш учун тавсия этилган ўзбек ва чет эл адибларининг  мумтоз ва замонавий асарларини танлаб, хрестоматия адабиётлари рўйхатларини қайта кўриб чиқиш ва ўқув жараёнига мутолаа этилган асарлар асосида иншо  ёзиш тизимини жорий этиш, адабиёт тўгараклари фаолиятини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини қайта кўриб чиқиш”, деган таклиф беқиёс аҳамиятга эга. 

“Китоб — билим манбаи”, деймиз. Бу исбот талаб қилмас ҳақиқат. Зеро, инсон билимни, асосан, китоб орқали олади, унинг тарбияси ҳам китоб ёрдамида шаклланади.  Ёшларимиз бадиий адабиётларни ўқиганда, уларнинг дунёқараши кенгаяди, ҳаётга муносабати ўзгаради.

Илгари биринчи синфдан бошлаб мактаб ёки шаҳар болалар кутубхоналарига мажбурий аъзоликка ёздириб, ёзги таътил кунлари ўқув дастурига мувофиқ синфдан ташқари ўқишлар учун адабиётлар тавсия  қилинарди. Болалар таътил кунлари мутолаа қилган китоблари бўйича ўзаро беллашиб, фикр алмашарди. Янги ўқув йили бошлангач эса ўқитувчилар болалардан таътилда қандай китоб ўқиганлиги билан жиддий қизиқар эди. Нега шу анъанани яна жонлантирмаймиз? 

Талабаларимиз эса фақатгина маъруза матнлари ва интернетдаги маълумотлар билан чекланиб қолаётганлиги асло қониқарли эмас. 

Яна бир масала. Сўнгги йилларда телевидение ва радиода “бадиий, ифодали ўқиш” йўқолиб  кетди, шу боис адабиёт дарсларида ҳам, турли кечалар ва учрашувларда ҳам бу тушунча ижтимоий онгдан, хотирадан олиб ташланди. Улар ўрнини эса “кўнгилочар” эшиттириш ва кўрсатувлар, чет эл сериаллари эгаллади. Аслида эфирни ифодали ўқиш дастурлари кўпроқ банд қилганда эди, ёшларимизда шеърият ва адабиётга, табиийки, китоб ўқишга бўлган  қизиқиш ортарди,  деган хулоса чиқариш мумкин.

Китоб маҳсулотларини тарқатишга келсак, фикримизча, ҳар бир таълим муассасаси қошида китоб, газета, журнал,  яъни  матбуот нашрлари  сотиладиган кичик дўконлар бўлиши мақсадга мувофиқ.  Чунки улар ўқувчиларнинг китобга нисбатан қизиқишини табиий равишда  уйғотади. Масалан, мен кўрган Москва давлат университетининг ҳар бир факультетида  бир нечта китоб дўконлари бор. Ундан ташқари, арзон нархдаги китоблар, яъни ҳар кимнинг уйидан олиб келиб топширилган, фойдаланиб бўлинган китоблардан иборат дўконларнинг мавжудлиги ҳам эътиборимни тортган эди. Чунки китобнинг чиқинди қоғозларга топширилишидан  кўра, арзон баҳода унга муҳтож инсонларга берилиши ғоят ибратлидир. 

Яна бир мулоҳаза: кейинги йилларда кутубхоналарнинг чиройли, ажойиб номидаги “кутубхона” сўзи олиб ташланиб, у “Ахборот-ресурс маркази” атамаси билан ўзгарди. Тўғри, ҳозирги замон талабларига мувофиқ шундай атамадаги марказларнинг бўлиши зарур, аммо унинг таркибидаги “кутубхона” деган тушунчанинг унутилишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Ривожланган давлатларнинг ўқув юртларидаги кутубхоналар мазкур атама билан шу кунга қадар фаолият кўрсатиб келмоқда. Хизмат сафари билан Буюк Британиянинг Рединг университетида бўлганимда, университет кутубхонаси “Library”, унинг қошидаги китоб дўкони эса  “Вookshop” атамаси билан хизмат кўрсатиб турганди. Бизда ҳам шундай бўлса, қани эди...

Бир нарса аниқ: замонавий инсон китобсиз яшаши мумкин эмас. Китоб ўқиш, бу — ҳаётдаги ўсиш, илгарилаш, ривожланиш, камол топиш, ўзини ўзи тарбиялаш, мустақил таълим олишдир. Демак, у инсонга фойда келтиради, ўзига ишончини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Айгул УРУМБАЕВА, 

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти доценти.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn