Амалий тадбирлар натижаси
  • 09 Июнь 2017

Амалий тадбирлар натижаси

Республикамизда ҳар ҳафта уюшқоқлик билан ўтказилаётган “Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” доирасидаги тадбирлар жамиятда барқарор осойишталикни таъминлаш, ёшлар, айниқса, вояга етмаганлар ўртасида назорат ҳамда ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида ҳам профилактика куни тадбирлари изчил олиб борилаётир. Хусусан, ўтган даврда тўрт ярим мингдан зиёд оилаларнинг турмуш шароити, улардаги ижтимоий-маънавий муҳит ҳар томонлама ўрганилди. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида “Сармазор”, “ўиштмон”, “Лангар” маҳалла -фуқаролар йиғинларида туну кун фаолият юритадиган ишчи гуруҳлари ташкил этилди.

Улар томонидан олиб борилган тадбирлар давомида ҳуқуқбузарлик содир этган 98 нафар шахсга нисбатан маъмурий -баённома расмийлаштирилиб, 27 нафарига нисбатан тузилган маъмурий иш ҳужжатлари қонуний чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича туман судига тақдим қилинди.

— Профилактика куни тадбирлари вояга етмаганлар назоратсизлиги ҳамда ҳуқуқбузарликлари билан боғлиқ салбий ҳолатларга барҳам беришда сезиларли аҳамият касб этаяпти, — дейди Қўштепа тумани ички ишлар бўлими  бошлиғи Д. Рўзматов. — Ҳудудимиздаги 7 та касб-ҳунар коллежида кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда “Давомат”, “Ўсмир”, “Тиғ” тадбирларини ўтказиш асносида дарс машғулотларига мунтазам қатнашмаётган 45 нафар ўқувчи аниқланди. Улардан 21 нафарининг ота-онасига тегишли тартибда маъмурий чора кўрилди.

Профилактика куни доирасида касб-ҳунар коллежларида ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида битирувчиларни ишга жойлаштириш юзасидан қатор учрашувлар ташкиллаштирилаётгани ҳам диққатга моликдир.

Яна бир асосий масала. Ўтган пайшанбадан бу пайшанбагача ҳудудда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида олти маротаба рейд уюштирилди. Рейдлар давомида 399 та қоидабузарлик ҳолати аниқланди. Барча қоидабузарлик юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 158 та автомашина вақтинчалик жарима майдончасига келтирилди.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn