«Сиҳат тиласанг — кўп ема, иззат тиласанг — кўп дема»
  • 09 Июнь 2017

«Сиҳат тиласанг — кўп ема, иззат тиласанг — кўп дема»

122 ёшли Ҳувайда момо Умарова ана шу ҳикматли сўзга амал қилиб яшамоқда.

Ҳувайда момо Умарова — Ўзбекистоннинг энг табаррук ёшли инсони. Бувайда туманининг Қорақум маҳалласида яшайди. Онахон бу йил 122 баҳорни қаршилади. Шунга қарамай, бардам-бақувват. Тилидан шукроналик тушмайди.

— Меҳнатда суягимиз қотди, — деб хотирлайди момо. — Пайкал оралаб улғайдик. Айниқса, уруш, очарчилик йиллари халқимиз бошига кўп оғир синовлар, кулфатларни солди. Фарғона каналини қазишда қатнашдик. Эркаклар фронтга кетган йиллари кундузи пахта суғориб, тунда буғдой ўрдик. Ундан кейин туманимиздаги Янги қадам чўлларини ўзлаштириш бошланди. Ер чопдик, чигит экдик. Ўшанда то мавсум якунланмагунича болаларимиз билан далада ётиб қолардик. Қорнимиз овқатга, кўзларимиз уйқуга тўймасди. Беадад шукр, бугун бошқа замонда яшаяпмиз. Кўз тегмасин, мустақилмиз. Сўзимиз дадил, бошимиз баланд. Еганимиз олдимизда. Ҳар неъмат муҳайё. Энг асосийси, юртимиз тинч. Бундай кунларнинг қадрига етиш керак, жоним болам...

Ҳувайда момо марҳум турмуш ўртоғи Умирали ота билан уч ўғил, тўрт қизни оқ ювиб, оқ тараган. Бир фарзанди Ҳошимжонни тупроққа топширган. Ҳозир 140 дан ортиқ невара, эвара, чеваралар ардоғида умргузаронлик қилаяпти. Набиралари орасида энг каттаси — 61 ёшни қаршилаган Жумақўзи ака онахоннинг яқин дардкаши.

Албатта, аввало, узоқ умр кўриш — улуғ неъмат. Табаррук ёшда ҳам тетиклик ва тансиҳатлик — саодат. Хонадон фариштаси, яқинлар, маҳалладошлар дуогўйи бўлиш, эл-юрт ардоғида яшаш — чинакам бахт. Кексаларини ардоқлаш, уларга эъзоз-эҳтиром кўрсатишни қадрият деб билган халқимиз наздида эса бундай ҳаёт йўли ибрат ва жасоратдир. Шу боис, давлатимиз Ҳувайда момо Умарованинг эл-юрт равнақи йўлидаги хизматларини эътибордан четда қолдирмади. Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида онахон “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Пиру бадавлат нуронийдан узоқ умр кўришнинг сирлари ҳақида сўраймиз.

— Абдуқодир исмли тоғам 130 ёшга, Сайдинисо аммам 125 ёшга кирганлар. Мен уларнинг дуоларини кўп олганман, — дейди момо.

— Ўғил тоғасига, қиз аммасига тортади, деганлари рост экан-да? — деймиз кулишиб.

— Албатта, болам. Бундан ташқари, инсон ҳамиша шукр қилиб яшаши ва ширинсўз бўлиши керак. Қолаверса, кам гапириш, меъёрида ейиш ҳам умрни узайтиради.

Онахоннинг сўзларини доимо ёнида туриб, унинг хизматини қилаётган ва иссиқ-совуғидан хабардор бўлган энг кичик келини Дилором Умарова ҳам тасдиқлайди. Шу билан бирга, “Сиҳат тиласанг — кўп ема, иззат тиласанг — кўп дема”, деган халқ мақолига хонадоннинг бошқа аъзолари ҳам амал қилиб яшаётганини таъкидлайди.

“Қорақум” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Файзулло Нурматов ва “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси -Иззатилло Эрназаровнинг айтишича, туман тиббиёт бирлашмаси ва Пошшопирим қишлоқ врачлик пункти шифокорлари Ҳувайда момонинг соғлиғидан мунтазам хабар олиб туришади. Айни пайтда онахоннинг ибратли умр йўлини вилоят ва туман аҳли, маҳалладошлар ҳамда ёшлар ўртасида тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис вилоятнинг бошқа туманлари, қишлоқ ва маҳаллаларидан, таълим муассасаларидан мазкур хонадонга келувчилар узилмайди. Нуроний момо уларга бошдан кечирган машаққатли ҳаёт йўли ҳақида гапириб, диёримиздаги файзу барака ва ободликни кўз қорачиғидек асраш лозимлигини уқтириб чарчамайди.

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn