Навоий вилоятида профилактика тадбирлари доирасида аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, улар улғаяётган муҳитни ўрганиш, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун муносиб шарт-шароит яратиш, “Маҳалла — оила — таълим муассасаси” ҳамкорлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасаларида ўқувчи ҳамда талабалар, аҳолининг уюшмаган қатламлари билан учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилаяпти. Мазкур мулоқотлар чоғида жойлардаги мавжуд камчиликлар ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари кенг жамоатчилик иштирокида -муҳокама қилинаётгани, айниқса, ўз самарасини кўрсатмоқда.
— Ўтказилган сўнгги тадбирларимизга ҳудудимиз бўйича 2255 нафар масъул ходим жалб этилди, — дейди Навоий вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси инспектори Шаҳоб Баратов. — 115 та умумтаълим мактаби ҳамда 29 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларда “Давомат” тадбири ўтказилиб, бир кунлик ўрганишлар натижасига кўра, дарсларга сабабсиз қатнашмаётган 43 нафар ўқувчининг ота-онаси ҳамда таълим муассасалари раҳбарларига нисбатан таъсир чоралари кўрилди.
Бундан ташқари, кун давомида салкам 7600 хонадон ўрганилиб, паспорт-виза қоидасини бузган 29 нафар шахс аниқланди. Айни чоғда 13 нафар қидирувдаги шахс ушланиб, илгари содир қилинган 6 та жиноят фош этилди.
Навбатдаги профилактика куни давомидаги ўрганишлар натижалари бўйича 118 таълим муассасаси, 40 корхона ва ташкилот ҳамда 133 маҳаллада учрашувлар -уюштирилиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабабларига жамоатчилик эътибори қаратилди.
Вилоят ИИБ ташаббуси билан ташкил қилинган “Бўш вақт” тадбири доирасида интернет клублари фаолияти ўрганилди ҳамда ўқувчи-ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказишини таъминлаш мақсадида турли интеллектуал ва спорт мусобақалари ташкил-лаштирилди.
Темур ЭШБОЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.