Кенг кўламли тиббий ислоҳотлар самараси
  • 10 Апрель 2014

Кенг кўламли тиббий ислоҳотлар самараси

“Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтаётган “Соғлиқни сақлаш — TIHE 2014” тадбирларида яққол намоён бўлмоқда

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, “Ўзфармсаноат” давлат- акциядорлик концерни, “Ўзтибтехника” масъулияти чекланган жамияти, Стоматологлар уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган ушбу кўргазманинг очилишида сўзга чиққан соғлиқни сақлаш вазири А. Алимов ва бошқалар мамлакатимизда
Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ва бу борада амалга оширилаётган улкан чора-тадбирлар юксак самара бераётганлигини алоҳида қайд этди.
Бугун Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини халқаро талабларга жавоб берадиган даражада ривожлантириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Зеро, ҳар қандай мамлакатнинг тараққиёти унда истиқомат қилувчи аҳоли манфаатлари ва фаровон ҳаётига қай даражада эътибор берилаётганлигига боғлиқ.
Шу маънода, Соғлом бола йилида соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 407 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ажратилиши кўзда тутилганлигининг ўзиёқ бу борадаги ишлар кўлами нақадар кенглигини кўрсатади. Давлат дастури доирасида янги тиббиёт муассасаларини қуриш ва замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, тиббий хизмат сифатини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади. 
Кўргазма доирасида илк марта “Тиб-биёт туризми” шуъбаси ҳам ташкил этилди. Унда “University Medical Center Freiburg” (Германия), “Kardiolita” (Литва) ва “Acibadem Hospitals Group”  каби тиббиёт муассасалари соғломлаштириш хизматлари билан иштирок этмоқда.  
Бу йилги халқаро кўргазмада жаҳоннинг 22 мамлакатидан 150 га яқин компаниялар қатнашмоқда. Австрия, Беларусь, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Италия, Хитой, Литва, Голландия, Польша, Руминия, Словакия, АҚШ, Ўзбекистон, Украина, Чехия, Швейцария, Жанубий Корея, Япония шулар жумласидандир.
Кўргазманинг энг оммабоп экспозицияси бўлган “Соғлиқни сақлаш — TIHE” ҳар йили замонавий тиббиётнинг долзарб муаммоларини, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими тараққиёти йўналишлари ва суръатларини акс эттиради. “TIHE” иштирокчилари орасида хориж компаниялари ва мамлакатимиздаги ўнлаб етакчи компанияларни кўришимиз мумкин. Булар тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилардир. Хусусан, жаҳонга машҳур “Toshiba”, “Samsung”, “Medison”, “BTL”, “Draeger”, “Pentax”, “Fujifilm” ва бошқа шу каби компаниялар энг янги техник, технологик, илмий ютуқларини намойиш этаяпти.
Биласиз, саломатликни муҳофаза этиш учун фармацевтика технологиялари, воситалар, препаратлар ва вакциналар қўлланилади. Ўз навбатида, доимий равишда уларнинг янгилари ишлаб чиқилади ва такомиллаштирилади. Тадбир доирасида бўлиб ўтаётган “AptekaExpo Central Asia — 2014” тўққизинчи Марказий Осиё ихтисослаштирилган кўргазмаси экспозицияси фармацевтика саноати сифат жиҳатдан янгиланганлигини кўрсатади.
Шунингдек, “Стоматология —  Stomatology Uzbekistan — 2014” кўргазмасида эса тиш даволаш техникаси ускуналари ва материаллари жамланган. Махсус стендлар орқали замонавий протезлаш, тиш касалликларини даволаш технологияларини кўриш имкони яратилган. Бу тажрибали ҳамда эндигина фаолият бошлаётган шифокорларнинг, стоматология билан боғлиқ барча соҳалар мутахассисларининг илмий ва амалий салоҳиятини оширишга кўмаклашади.
Стоматологик ускуналар ишлаб чиқарувчилар орасида маҳаллий компанияларимиз ҳам борлиги кишини қувонтиради.
“Tibbiy texnologiyalar”, “Premium technics”, “Avicon med”, “Denismed”, “Intermed innovation”, “Stekloplastik”, “As-farm”, “Shifo-NUR” каби компанияларимиз маҳсулотлари сифати ва нархи арзонлиги билан ажралиб туради. 
— Бугун кўплаб жаҳон фармацевтика саноати бўйича фаолият олиб бораётган муассасалар Ўзбекистон бозорида иштирок этишни хоҳлайди ва бу борада мамлакатимиз тадбиркорлари билан ҳамкорлик қилмоқда, — дейди “Intermed innovation” компанияси менежери Умид Мамутов. — Кўргазма ҳам  юртимизда иқтисодий, ижтимоий, маиший жабҳалар қатори тиббиёт соҳасининг жадал ривожланаётганлигини кўрсатади.
Мазкур тадбирлар, шак-шубҳасиз, мамлакатимизга хориж сармоясини жалб этиш, фармацевтика, стоматология ва тиббиёт туризмини янада ривожлантириш, хорижликлар билан ҳамкорликда қўшма корхоналар ташкил қилишда муҳим аҳамият касб этади.

М. ЎРОҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn