Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда Президентимиз ташаббуси билан яратилган соғлиқни сақлаш бўйича миллий модель мамлакатимизда инсон манфаатларини муҳофазалаш ҳамда халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришда юксак самаралар бераётганини таъкидлашди.
Дарҳақиқат, юртимизда аҳолига бирламчи тиббий-профилактика хизмати, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофазалашнинг самарали тизими шакллантирилди. Аҳолига замонавий тиббий хизматни янада яқинлаштириш мақсадида вилоятларда кўп тармоқли тиббий диагностика марказлари ташкил этилди. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оилада соғлом фарзандларни камолга етказиш вазифаси умуммиллий ҳаракатга айланди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлаётир.
Шу билан бирга, тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, соғлиқни сақлаш соҳасининг моддий-техник базасини такомиллаштириш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир. Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажми йилдан-йилга кўпаймоқда.
Анжуманда мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар хасталикларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Бинобарин, мамлакатимизда жорий йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши ҳамда шу асосда Давлат дастури қабул қилиниши муносабати билан ҳукуматимиз томонидан муҳим вазифалар белгилаб берилди. Айни пайтда Дастурда кўзда тутилган долзарб вазифаларни амалга оширишда давлат, жамоат ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасаларининг ҳамкорлиги самарали бўлаётир.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.
О. ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.