Стоматологиянинг долзарб масалалари
  • 20 Апрель 2016

Стоматологиянинг долзарб масалалари

Тошкентда ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда кенг муҳокама қилинди.

Мамлакатимиз олимлари, шифокорлар, жамоат ташкилотлари ҳамда хорижлик мутахассислар, тиббиёт анжомлари ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарлари, талаба-ёшлар қатнашган мазкур тадбирда юртимизда аҳоли саломатлиги муҳофазаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани алоҳида таъкидланди. Бинобарин, республикамизда  халқимиз саломатлигини  янада мустаҳкамлаш ва бунёд этилаётган даволаш муассасаларида ноёб технологиялар орқали хизмат кўрсатишга қодир мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.  Президентимизнинг 2014 йил 22 июлдаги “Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқди. 

Анжуманда юртимизда ушбу соҳада қўлга киритилган ютуқлар, илмий изланишлар натижалари ҳақида ҳам  сўз юритилди. Мазкур конференциядан мақсад тармоқнинг  ривожланиш босқичлари, тиббиёт тараққиётининг инсон саломатлигини асрашдаги ўрни, болалар стоматологик касалликларини даволаш ҳамда бошқа бир қатор йўналишларда халқаро аҳамиятга молик илғор ютуқ ва тажрибаларни ўрганиш ҳамда кенг оммалаштиришдан иборат.

Тадбирда тиббиётнинг ушбу йўналишига оид замонавий жиҳозлар, тиш қаттиқ тўқималари патологияси, беморларни даволашга индивидуал ёндашув, протезлашнинг муҳим жиҳатлари каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Халқаро илмий-амалий анжуман доирасида Тошкент давлат стоматология институти битирувчилари ва илмий ходим-изланувчилар ўртасида “Энг яхши реставрация” танлови ўтказилди. ўолибларни аниқлашда эса иштирокчиларнинг назарий билимни амалиётда қўллай олиши, тиш касаллигини даволашда ишлатиладиган техник воситалардан самарали фойдалана олиш, беморлар билан мулоқот сингари жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

— Компаниямиз жаҳоннинг турли давлатларига стоматология соҳасида зарур бўлган энг замонавий ускуналарни етказиб беради, — дейди Жанубий кореялик тадбиркор Жонгпил Чои. — Биз юртингиздаги халқаро анжуманда илк бор иштирок этаяпмиз. Мақсадимиз Тошкент давлат стоматология институти ва тармоқ ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

Тадбир доирасида мамлакатимиз ҳамда хорижда ишлаб чиқарилган дори-дармонлар, тиббий жиҳоз ва ускуналар кўргазмаси бўлиб ўтди.

 

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn