Маънавий етуклик ва юксак тиббий маданият соғлом ва мазмунли ҳаёт гарови
  • 01 Декабрь 2015

Маънавий етуклик ва юксак тиббий маданият соғлом ва мазмунли ҳаёт гарови

Бугунги глобаллашув даврида ОИВ/ОИТС хасталиги дунё ҳамжамияти олдида турган энг долзарб муаммолардан бири бўлиб, мутахассисларнинг фикрича, айни пайтда мазкур касалликка чалинганлар сайёрамизнинг барча минтақасида учрайди.

Шу боис мамлакатимизда унга қарши самарали курашиш, хасталикнинг олдини олиш ҳамда беморларга тиббий хизмат кўрсатиш бўйича муайян ишлар қилинмоқда.
Хусусан, бу борада зарур меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ҳуқуқий пойдевор яратилган. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 январдаги “ОИТСга қарши кураш марказларининг ташкилий тузилмасини ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2014 йил 10 сентябрдаги “2014 — 2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари мазкур йўналишдаги ишларни янада ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Айниқса, 2013 йил 24 сентябрдан кучга кирган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича ягона тизимнинг фаолият кўрсатишини таъминлаш, хасталик профилактикаси, унга ташхис қўйиш, касалликни юқтириб олганларни бепул махсус даволаш ҳамда ижтимоий муҳофаза қилиш, шунингдек, ташхис қўйиш, даволаш ва илмий мақсадларда фойдаланиладиган тиббий препаратларнинг, биологик суюқликларнинг хавфсиз бўлиши устидан давлат назоратини, қолаверса, хасталик тарқалиши устидан эпидемиологик назоратни амалга ошириш каби қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Айтиш жоизки, бугун мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тармоққа илғор диагностика ҳамда даволаш услублари татбиқ этилиб, нафақат биз фаолият юритаётган Республика ОИТСга қарши кураш маркази, балки вилоятлар, туман ва шаҳарлардаги тиббий муассасаларда ҳам замонавий ташхис лабораториялари, ишонч хоналари ташкил этилиб, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилаяпти. Соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг тажриба ҳамда малакаси тизимли равишда ошириб борилаётир. Бу эса касалликни вақтида аниқлаш, тўғри ташхис қўйиш, хасталик туфайли юз берадиган оғир асоратларнинг олдини олишда қўл келаётир.
Аҳолини ОИВ инфекциясига тест синови билан қамраб олиш ва касалланганларни барвақт аниқлаш мақсадида ҳар йили 3 миллион нафар киши тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида биргина хорижга кетаётган ва чет давлатлардан Ўзбекистонга кириб келаётган 500 минг нафардан ортиқ шахс мазкур тестдан текширилиб, уларга ОИВ инфекцияси профилактикаси тадбирлари бўйича тегишли маслаҳатлар берилди.
Республикада ретровирусга қарши махсус даво чораларини қўллаш, беморларни махсус даволаш учун Глобал жамғарма лойиҳаси ҳамда давлат бюджети ҳисобидан йилига ўртача 4 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилмоқда. ОИТСга қарши кураш марказларида диспансер ҳисобида турадиган беморларнинг иммун ҳолати махсус лаборатория текширувлари асосида мунтазам кузатиб борилаяпти. Бундан ташқари, ОИВ инфекцияси билан хасталанган беморларга ОИТСга қарши кураш бўйича Республика маркази қошидаги клиникада малакали тиббий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган.
Қолаверса, мамлакатимизда ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишининг олдини олишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жорий йилнинг ўтган даврида 549 минг 81 нафар ҳомиладор аёл ОИВ инфекциясига текширувдан ўтказилиб, хасталик аниқланганларда касалликнинг онадан болага ўтишини олдини олиш бўйича махсус профилактика (АРВП) тадбирлари бажарилаётир.
ОИВ/ОИТСнинг олдини олишда ҳар биримиздан, энг аввало, соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилишимиз, миллий менталитетимизга хос фазилатларни турмуш тарзимизга чуқур сингдиришимиз талаб этилади. Шу билан бирга, ўз саломатлигимизни асрашга алоҳида эътибор қаратишимиз, ўткинчи ҳою ҳаваслар таъсирига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз даркор. Буни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, маҳаллалар билан ҳамкорликда таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишлаб ташкил этилаётган давра суҳбатлари, учрашув ҳамда семинарларда ҳам мунтазам таъкидлаймиз.
Таҳлилларга кўра, ОИВ инфекциясини юқтириб олганларнинг ҳаммасида ОИТСнинг ривожланиш даври бир хил кечмайди. ОИВ инфекциясининг ОИТС даврига ўтишини секинлаштириш, яъни беморнинг умрини соғлом одамнинг умригача узайтириш касалликка чалинган шахсларнинг ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиши ва даволаниш тартибига риоя қилишига боғлиқлиги бугунги кунда исботини топган.
ОИВ инфекциясини юқтириб олмаслик учун, аввало, киши соғлом турмуш тарзига риоя этиши, ахлоқан пок бўлиши, қолаверса, тери ҳамда шиллиқ қаватлар бутунлиги бузилиши билан кечадиган тиббий ва нотиббий муолажалар вақтида бир марта ишлатиладиган шприц, ниналардан ҳамда стерил анжомлардан фойдаланиш, бошқалар ишлатган соқол, тирноқ олиш асбоблари, тиш чўткаси каби гигиеник воситалардан фойдаланмаслиги керак. Булар нафақат ОИВ инфекциясидан, балки бошқа юқумли таносил касалликлари ҳамда вирусли гепатитларнинг В, С турлари юқишидан ҳам ҳимоя қилади.

Fулом РАЖАБОВ,
Республика ОИТСга қарши курашиш
маркази директори ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn