Малака ва касб маҳорати
  • 17 Ноябрь 2015

Малака ва касб маҳорати

Гулистонда Ўзбекистон врачлар ассоциацияси, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда ассоциациянинг вилоят бўлими ҳамкорлигида Кексаларни эъзозлаш йилига бағишланган илмий-амалий конференция ўтказилди.

Унда Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги умумий амалиёт ҳамда тиббиёт тизимининг бошқа бўғинларида фаолият кўрсатаётган шифокорлар, ассоциациянинг республикамиздаги ҳудудий бўлимлари вакиллари ва соҳанинг етакчи олимлари иштирок этди.
Тадбирда аҳолининг касалланиш кўрсаткичларига таъсир қилувчи хатарли омиллар ҳамда уларнинг олдини олишдаги долзарб вазифаларга оид йигирмага яқин маърузалар тингланди. Таъкидландики, кейинги йилларда халқимиз турмуш фаровонлиги, ҳаёт тарзи тобора юксалиб бормоқда. Бунда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг ҳам аҳамияти беқиёс. Соҳанинг моддий-техника базасини яхшилаш, тиббиёт муассасаларини модернизациялаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, врачлар малакасини узлуксиз ошириб бориш сингари омиллар ана шулар жумласидандир.
— Аҳоли, айниқса, кексалар саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашда умумий амалиёт шифокорлари зиммасида катта масъулият бор, — дейди Ўзбекистон врачлар ассоциацияси Сирдарё вилояти бўлими раиси Ботир Мирзаев. — Шу боис уларнинг малакаси ҳамда касб маҳоратини кучайтириб боришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, мазкур конференцияда ҳам қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият кўрсатаётган кўплаб тиббиёт ходимлари даволаш-профилактика ишларининг қатор йўналишлари бўйича зарур маълумотларга эга бўлишди.
Конференция доирасида фармацевтика корхоналари томонидан юртимизда ишлаб чиқарилаётган дори-дармон воситалари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Асоратсиз даво Манзилли дастур асосида »