Наботот олами ва доришунослик
  • 02 Ноябрь 2015

Наботот олами ва доришунослик

Маълумки, фармацевтика саноатининг ривожи кўп жиҳатдан доривор ўсимликшуносликнинг истиқболи билан боғлиқ. Негаки, наботот олами дори воситалари ишлаб чиқаришда муҳим хом ашё ҳисобланади.

Қолаверса, дунё аҳолисининг табиий гиёҳлар асосида тайёрланган дори-дармонларга бўлган эҳтиёжи йил сайин ортиб бораяпти. Айни шу жиҳат инобатга олинган ҳолда, бундай маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми муттасил равишда оширилмоқда. Ривожланган давлатлар фармацевтика бозорида табиий дорилар улуши 50-60 фоизга етказилгани бунга мисол бўла олади.
Ўзбекистонда фармацевтика саноатининг ушбу йўналишини ривожлантириш имконияти, айниқса, катта. Сабаби, ўлкамиз табиатида шифобахш хусусиятларга эга ўсимлик турлари ниҳоятда кўп. Фақат уларни табиатга зиён етказмаган ҳолда йиғиштириб олиш, шу билан бирга, янги саноат плантацияларини барпо этиш, набототнинг ноёб турларини маданийлаштириш зарур.
Пойтахтимизда “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Қайд этилдики, юртимизда доривор ўсимликларни етиштириш ва улар асосида дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича муайян ютуқларга эришилаяпти. Ушбу эзгу ишга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Дори-дармон” компанияси ҳамда ўрмон хўжаликлари жалб этилгани, шунингдек, концерн ҳузурида “Ўзфармтаъминот” унитар корхонаси тузилгани кутилган самараларни бераётир. Ўтган давр ичида доривор ўсимликларни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилингани, тўрт минг гектар майдонда саноат плантациялари яратилгани, мазкур йўналишда фармацевтика фаолиятини олиб бориш учун 78 та корхонага лицензиялар берилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Йиғилишда, шунингдек, наботот оламининг доривор ўсимликлар рўйхатига киритилган янги намуналари, уларни йиғиб-териб олиш ҳажмлари ҳамда ишлаб чиқарилаётган табиий дори воситалари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn