Дастурий вазифалар ва амалиёт
  • 16 Июль 2015

Дастурий вазифалар ва амалиёт

Мустақиллик йилларида юртимизда аҳоли, жумладан, она ва бола  саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Тизимни ривожлантиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Шу асосда даволаш муассасаларини мукаммал таъмирлаш, янгиларини барпо этиш, уларни замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш ишлари жадал тус олди.

Хусусан, Инвестиция дастури доирасида Бухоро вилояти перинатал маркази, болалар сил касалликлари санаторийси, онкология диспансери, Олот, Пешку, Жондор каби бир қатор туманлар тиббиёт бирлашмалари бинолари бугунги кун талаблари даражасида янгидан қурилиб, реконструкция қилинди.
2013 йилда Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази учун ҳам икки қаватли янги бино бунёд этилиб, фойдаланишга топширилган эди. 1 миллиард 200 миллион сўм эвазига барпо қилинган мазкур иншоот реанимация ва анестезиология бўлимлари учун мўлжалланган. Унда, шунингдек, жарроҳлик амалиёти бўлими ҳам мавжуд. Ушбу бинонинг қурилиши ва зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши жаҳон андозаларига мос малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун замин яратди. Умуман,  Инвестиция дастурига кўра, марказимизда ҳозиргача 3 миллиард 700 миллион сўмлик қурилиш, реконструкция ишлари бажарилди. Бундан ташқари, 3 миллиард 612 миллион сўм эвазига 100 нафар бемор ўрнига мўлжалланган янги бино ҳам қурилмоқда. Дарвоқе, муассасамизда 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларга 25 турдаги йўналиш бўйича стационар ҳамда амбулатор хизмат кўрсатилаяпти. Марказ таркибида маслаҳат поликлиникаси, 10 та даволовчи,
9 та ёрдамчи бўлим бор.
Айтиш ўринлики, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Жаҳон банки, Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти каби бир қатор нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорлиги оналик ва болалик саломатлиги муҳофазасига қаратилган дастурлар ижросини таъминлашда қўл келмоқда.
Эътироф этиш керакки, барча даволаш-профилактика муассасалари қатори марказимиз моддий-техника базаси ҳам мустаҳкамланмоқда. Хориждан замонавий тиббий асбоб-ускуналар харид қилинаяпти. Бу эса даволаш ишлари самарадорлигини ошириш имконини бермоқда. Масалан, ўтган йили марказ неонаталогия бўлими Германиянинг “КfW” банки томонидан ажратилган фототерапия, кувез, иситкич столи, “СРАР” аппарати, пульсоксиметрлар билан таъминланди. Бу эса бўлим фаолиятининг янада такомиллашувига олиб келди. Чунончи, фототерапия ускунаси қўлланилиши натижасида неонатал сариқ касаллиги билан оғриган беморларни ўртача даволаш муддати 8 кундан 5 кунга қисқарди. Бошқа ускуналар, жумладан, “СРАР” аппаратидан самарали фойдаланиш ҳам яхши натижа бермоқда. Яъни зотилжам билан касалланган беморларнинг ўртача даволаниш муддати 12 кундан
8 кунгача қисқаргани кузатилди. Ёки марказ реанимация бўлими учун ажратилган “Savina — 300” аппаратини олиб кўрайлик. Сунъий нафас беришга муҳтож беморлар учун мўлжалланган бу ускуна ўта аниқлик билан ишлайди. Унда махсус тизимнинг мавжудлиги беморларнинг сунъий нафасдан мустақил нафас олишга ўтишлари учун ёрдам беради.
Марказимизда ҳар йили ўн минг нафардан зиёд бемор бола даволанади. 1500 га яқин жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Бунда шифокорларнинг касб малакасини мунтазам ошириб бориш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу жараёнда бизга республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг кўмаги асқатмоқда. Шифокорларимиз ривожланган давлатларнинг илғор даволаш муассасаларида бўлиб, ўзаро тажриба алмашишмоқда. Янги даволаш усулларини амалиётда муваффақиятли қўллашаяпти. Мисол учун, “Фарзанд табассуми — оила қувончи” хайрия акцияси доирасида юз нафарга яқин бемор болада пластик жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Хулоса ўрнида айтганда, марказимизда бемор болаларни даволаш, уларнинг соғайиб, ота-оналари бағрига тезроқ қайтиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Жамоамиз бундай қулайликлардан оқилона фойдаланиб, келажагимиз ворислари саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш йўлида ўз куч-ғайратини, билимини аямаётир.

Асрор ШАМСУТДИНОВ,
Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли
тиббиёт маркази бош шифокори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn