«Меҳр ва эътибордан беҳад мамнунмиз» дейишмоқда мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган саломатлик ҳафталигида кўрикдан ўтаётган юртдошларимиз
  • 30 Июнь 2015

«Меҳр ва эътибордан беҳад мамнунмиз» дейишмоқда мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган саломатлик ҳафталигида кўрикдан ўтаётган юртдошларимиз

Инсон саломатлиги — бебаҳо бойлик. Зеро, мамлакатимизда  тиббиёт соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад ҳам халқимиз саломатлигини сақлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган.

Бундай хайрли вазифалар “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг муҳим бир йўналишига айланганки, айни пайтда бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга ошириб келинаётир.
Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан республика бўйлаб бошланган навбатдаги саломатлик ҳафталиги ана шундай эзгу саъй-ҳаракатлар ифодасидир. Анъанага мувофиқ, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остидаги ижтимоий акцияда нуронийлар, оналар ва болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Ҳафталик давомида ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари ва тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг 300 нафардан зиёд фан докторлари, профессорлари, доцентлари ҳамда малакали шифокорлари иштирок этаётир.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ташкил қилинган шундай тадбирда кўплаб фуқаролар ўзларини ўйлантириб келаётган саволларга атрофлича жавоб олиб, соғлиқларини тиклаш борасида энг малакали шифокорлар хизматидан фойдаланаяптилар.
Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидамиз. Ушбу маскан ҳар қачонгидан-да гавжум. Эрта тонгдан онахонлар, отахонлар, ёш болали аёллар, хотин-қизлар малакали мутахассислар ҳузурига ошиқадилар.
— Тадбирни ўтказиш учун кўп тармоқли марказий поликлиникамизнинг танлангани бежиз эмас, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Рустам Унаров. — Чунки бу муассаса ўтган йили манзилли дастур асосида давлатимиз томонидан ажратилган 3,6 миллиард сўмлик маблағ эвазига бутунлай янгидан бунёд этилди. Ҳозирги кунда 150 қатновга мўлжалланган поликлиникада 40 нафарга яқин мутахассис туманимизнинг 200 мингдан ортиқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатаяпти. “Саломатлик — 3” лойиҳаси доирасида тиббиёт масканимиз энг илғор асбоб-ускуна ва лаборатория жиҳозлари ҳамда рентген аппарати билан таъминланди. Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган бундай шарт-шароитлардан барча мамнун.
— Насиб бўлса, ҳадемай етмиш беш ёшни қаршилайман, — дейди Дилбар Қурбонбоева. — Болалигим уруш ва ундан кейинги қийинчилик йилларида кечди. У пайтларда тиббий кўрикдан ўтиш у ёқда турсин, унинг нималигини тасаввур ҳам қилолмасдик. Мана, энди кўринг, кексаю ёшнинг саломатлигига давлатнинг ўзи ғамхўрлик қилаяпти. Барака топкур шифокорлар беминнат хизматимизда бўлишаяпти. Яқинда сиҳатгоҳда дам олиб қайтдим. Бугун эса энг малакали шифокорлар суҳбатидан ўтиб, маслаҳатини олаяпмиз. Уларнинг ширин сўзи, меҳр ва эътиборидан, очиғи, танимиздан дард аригандек бўлаяпти.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn