Ушбу хайрия акцияси давомида чекка туманлар ҳамда бориш қийин бўлган ҳудудлар аҳолиси, хусусан, кам таъминланган оилалар вакиллари ва нуроний отахону онахонлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларга зарур дори-дармон воситалари тарқатилди. Бунда пойтахтдан келган малакали шифокорлар ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг ҳудудлардаги тиббий-ижтимоий ёрдам гуруҳлари алоҳида фаоллик кўрсатди.
Шунингдек, тадбирлар доирасида Деҳқонобод туманидаги Оқработ темир йўл бекатида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда тиббиёт мутахассислари ва ижтимоий патронаж гуруҳлари ходимлари томонидан 720 нафардан зиёд киши чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Мингга яқин оилага эса “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси мурувват юклари ва дори-дармон воситалари тарқатилди.
— Учрашувларда аҳоли кенг қатлами вакилларига соғлом турмуш тарзи мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилиб, керакли тавсиялар берилди, — дейди фонднинг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Гулнора Шарипова. — Шунингдек, нуронийлар, аёллар, болалар ҳамда ногиронларга дори-дармон ва тиббий анжомлар, санитария-гигиена воситалари, кийим-кечаклар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Тиббий-ижтимоий тадбирни ташкил этишда “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “Фармед” қўшма корхонаси, “Orto Best”, “Navruz PTK”, “Interglobe” масъулияти чекланган жамиятлари ва бошқа ташкилотлар яқиндан кўмаклашди.
Нормурод ТЕМИРОВ,
Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.