Каврак — шифобахш ўсимлик
  • 29 Апрель 2015

Каврак — шифобахш ўсимлик

Заминимизда доривор гиёҳларнинг кўплаб турлари учрайди. Каврак — шулардан бири. Ундан халқ табобатида узоқ йиллардан буён фойдаланиб келинади.

Каврак зирадошлар оиласига мансуб бўлиб, дунёда унинг 170 дан зиёд тури мавжуд. Мамлакатимизда эса 50 тури кенг тарқалган. Улар унчалик ер танламайди. Қумли чўллар, қир-адирлар, тоғ ва тоғолди ҳудудлар бўладими, соф тупроқли майдонларми, бирдек барқ уриб ўсаверади.
Каврак март-апрель ойларида гуллаб, меваси июль-августда пишиб етилади. Ўсимликнинг ер устки қисми об-ҳаво шароитига қараб 1,5-2 ойгача яшнаб туради.
Абу Али ибн Сино кўплаб хасталикларни даволашда кавракдан фойдаланган. Чунки ўсимликнинг илдизи ҳам, пояси ҳам соғлиқ учун малҳам. Масалан, томоғи оғриб, овози битиб қолган кишилар каврак елимини сувга қўшиб ичса, хасталик дарҳол чекинади. Иллатли яраларга ҳам каврак елими наф келтиради. Бунинг учун унга мурч ва сирка аралаштирилиб яраларга суртилса, кифоя. Сариқ касаллигига чалинганларга эса ўсимлик ширасини анжирга қўшиб истеъмол қилиш тавсия этилади.
Каврак бош мия, склероз, бронхит, астма, кўкйўтал, диабетга ҳам даво. Шунингдек, қон кетишини тўхтатиб, иштаҳани очади. Буйрак касалликлари, хусусан, томчилаб сийиш хасталигида каврак илдизининг таъсири катта. Бунинг учун ўсимлик илдизининг қайнатмасини 30 граммдан кунига уч маҳал ичилса, самараси 15 кундаёқ сезилади. Бундан ташқари, қайнатма оғриқларни босиш хусусиятига ҳам эга. Ёш оналарга ўсимлик уруғи қайнатмасидан 50 граммдан кунига 3 маҳал ичиш буюрилади. Шундай қилинганда, она сути кўпаяди.


Сарвар ОЧИЛОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn