Пиёда юринг, соғлом бўласиз
  • 18 Апрель 2015

Пиёда юринг, соғлом бўласиз

Жисмоний тарбия инсон организми учун ниҳоятда фойдали эканлигини яхши биласиз. Бироқ аксарият кишилар иши кўплигини рўкач қилиб ёки эринчоқлиги боис ҳар доим ҳам жисмоний машқларни бажармайди. Бундайларга аслида мутахассисларнинг фикрига кўра, пиёда юриш асқатади.

Чунки яёв йўл юриш кўпгина хасталикларнинг олдини олади. Хусусан, қон босими меъёрлашиши, мия фаолияти яхшиланишига хизмат қилади.
Маълумки, қон босимининг кўтарилиши ва организмда холестерин миқдорининг кўпайиши натижасида юрак хасталиклари вужудга келади. Бундай беморларга шифокорлар энг содда даво усули сифатида ҳар куни маълум бир вақт мобайнида тоза ҳавода сайр қилишни тавсия этишади. Бунинг қанчалар ижобий самара беришини эса пиёда юришни одатий машғулотга айлантирган кишилар жуда яхши билади.
Шунингдек, пиёда юриш инсон мияси фаолиятини яхшилайди.
30 дақиқа пиёда юриш юрак уришини меъёрлаштириб, қон босими кўтарилишининг олдини олади. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, югуришдан ёки чопишдан кўра бир маромда юришнинг фойдаси кўпроқ.
Умуман олганда, очиқ ҳавода барча кундалик ташвишлардан холи бўлган ҳолда пиёда сайр қилиш инсоннинг тана аъзоларига ижобий таъсир кўрсатади.
АҚШлик шифокорларнинг айтишича, яёв юриш инсон мияси ҳажмини ҳам кенгайтираркан. Бу эса қуйидаги тажриба асосида исботланган. Хусусан, турли ёшдаги 60 нафар кўнгилли гуруҳ ҳафтасига уч маротаба 40 дақиқадан пиёда юришган. Иккинчи шундай гуруҳ эса ҳафта давомида уч марта жисмоний машқ билан шуғулланган. Бир йилдан кейин иккала гуруҳ аъзоларининг миялари текширилиб кўрилганда, пиёда юрувчиларнинг хотира маркази 2 фоиз, машқ қилувчиларники эса 1 фоиз кенгайгани аниқланган.
Қолаверса, яёв юриш миянинг қон билан яхши таъминланишига олиб келади. Бу эса янги нейронларнинг ўсишига сабаб бўлади. Агар кимнингдир кўриш имконияти пасайган бўлса, у, албатта, кўпроқ пиёда юриши лозим. Бир хил ҳаракат кўз нурини ҳам равшан қилади.
Маълумки, кўпчилик овқат еб бўлганидан кейин сайрга чиқади. Аслида эса овқатдан олдин бир оз сайр этиб, ундан кейин тамадди қилиш киши организми учун ниҳоятда фойдалидир. Бир ярим соатлик сайр қон таркибидаги ёғларни 25 фоиз камайтиради. Бу жараён овқат истеъмолидан кейин ҳам давом этади. Шу билан бирга, ёғларнинг ўзлаштирилиши ҳам яхшиланади.
Хуллас, кўпроқ пиёда юринг, соғлом бўласиз.

Ринат БЕККУЗИН,
олий тоифали шифокор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn