Фарзандлари соғлом юрт
  • 07 Февраль 2015

Фарзандлари соғлом юрт

Фарзанд — оила қувончи, юртнинг бебаҳо бойлиги. Унинг маънан ва жисмонан етук, соғлом ҳамда баркамол бўлиб вояга етиши учун алоҳида эътибор ва ғамхўрлик зарур. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда “Соғлом она — соғлом бола” миллий модели асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш ва даволашга йўналтирилган ишларни янги босқичга кўтарди.

Аҳамиятли томони, унда соғлиқни сақлаш тизимининг барча босқичида оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича сифатли тиббий хизматлардан кенг ҳамда бир хил фойдаланишни таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар бугунги кунда ўзининг ижобий самарасини бераяпти. Республика Перинатал марказида бу борада ҳаётга татбиқ этилаётган изчил ислоҳотлар, кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар бунга яққол мисол бўла олади.
Мазкур марказда ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқлар саломатлигини асрашга катта эътибор қаратилади. Жумладан, ҳомиладорлик даврида муайян бир хасталик билан оғриган, муддатидан аввал туғуруқ хавфи мавжуд бўлган оналар ҳамда эрта туғилган чақалоқлар парваришланади.
— Тиббий муассасамиз 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда акушерлик, гинекология, катталар ва чақалоқлар реанимацияси ҳамда интенсив даволаш,  ҳомиладорлар патологияси, муддатига етмасдан туғилган чақалоқларни парваришлаш ва чақалоқлар патологияси сингари бўлимлар ҳамда унинг қошида республика неонатал хирургия ўқув-даволаш методик маркази ва консультатив-диагностик поликлиника мавжуд, — дейди республика Перинатал маркази директори ўринбосари Саида Ҳасанова. — Марказда икки ва уч ўлчамли УЗД, допплер, СРАП, лапароскоп, сунъий нафас бериш, кардиомонитор, кардиотокограф, гистероскоп сингари замонавий ускуналар ёрдамида нафақат пойтахтимиз, балки республикамизнинг турли ҳудудларидан келган беморларга юксак сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Мисол учун, бир килограммдан кам вазнда туғилган жажжи гўдаклар чақалоқларни парвариш қилиш бўлимида буткул соғломлаштирилаётгани бахтиёр оналар сафини кенгайтирмоқда.  Шунингдек, гинекология бўлимида бепуштликни даволашнинг ноёб усуллари, яъни юқори технологик операциялар қўлланила бошланди.
— Очиғи, ҳомиладорлик даврида ўзимга етарлича эътибор қаратмаганим, турли сиқилишлар сабабли болам муддатидан аввал туғилди, — дейди паркентлик Сабоҳат Маҳкамбоева. — Унинг яшаб кетишига умидим йўқ эди. Чақалоқ жуда кичкина, нимжон, ҳаракатлари суст, устига-устак, ўпкаси яхши ривожланмаган, махсус аппарат ёрдамида зўрға нафас олар эди. Малакали шифокорларнинг зарур кўмаги, парвариши туфайли болам омон қолди. Ўн кун ичида вазни ортди, аппаратларсиз нафас оляпти. Яна бир неча муолажадан сўнг уйга кетишимизга рухсат беришади. Бу ерда кичкинтойим саломатлигини асраш билан бир қаторда, менинг ҳам соғлиғимга катта эътибор қаратишаяпти. Шундай фидойи инсонларга чин юракдан миннатдорлик билдираман.  
Бу каби дил сўзларини кўплаб келтириш мумкин. Дарҳақиқат, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан замонавий, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг ташкил этилгани ва улар энг илғор аппаратлар билан жиҳозлангани гўдаклар саломатлигини муҳофаза қилиш, болалар ўлими камайишида муҳим омил бўлмоқда. Тиббиётнинг ўзига хос бундай миллий моделига асосланиб иш юритаётган Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилаётгани юртимизда ушбу тизим равнақи йўлида олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг амалий натижасидир.
Шифо масканининг чақалоқлар реанимацияси бўлими ҳақида сўз юритадиган бўлсак, қайд этиш жоизки, бу ерда ҳар хил патологик ҳолатлар билан туғилган чақалоқларга юқори даражада реанимацион ва интенсив ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, турли нуқсонли чақалоқларни жарроҳлик амалиётига тайёрлаш ва ундан кейинги парвариш ҳам шифокорлар назоратида.
— Муддатидан аввал туғилган ҳар бир чақалоқ, аввало, ретинопатияга (кўрликка олиб келадиган касаллик, бу муддатидан аввал туғилган гўдакларда кўп учрайди) махсус аппарат ёрдамида текширилади, — дейди чақалоқлар реанимация бўлими мудири, реаниматолог Гулчеҳра Даминова. — Эшитиш қобилиятини аниқ-
лаш учун эса аудиоскрининг ўтказилади. Бу мутахассисдан ўта чуқур билим ва юксак маҳорат талаб қилади. Буни юқори технологиялар кўмагисиз амалга ошириш мушкул. Бўлимимиз энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. Масалан, кўп функцияли мониторинг чақалоқнинг тана ҳароратини, қон босимини мунтазам кўрсатиб туради. Сунъий нафас олдириш аппарати эса ташқи муҳитга мослаша олмаган гўдакларнинг бир меъёрда нафас олишларини таъминлаб туради. Аҳволи яхшиланганда эса, чақалоқлар патологияси бўлимига ўтказилади ва у ерда уларга юқори даражада ташхис қўйилиб, даволаш амалга оширилади.
Қайси мамлакатда тиббиётнинг гинекология, педиатрия ва неонатология йўналишлари кенг тараққий этган бўлса, айнан ўша ерда соғлиқни сақлаш тизими ривожига юксак эътибор қаратилаётган бўлади. Мутахассисларнинг фикрича, булар энг мураккаб соҳалар бўлиб,  жуда катта маблағ талаб қилади. Мамлакатимизда давлат бюджети жами харажатларининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳанинг барқарор фаолиятини таъминлашга йўналтирилаётгани бунда катта ўрин тутади. Чунончи, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирлар самараси ўлароқ, сўнгги ўн йилда ривожланишида туғма нуқсонлари бўлган болалар сони 1,3 баробар камайди.     
Марказ қошида Республика неонатал хирургия ўқув-даволаш методик марказининг ташкил этилгани амалий ишларнинг маҳсули бўлди, десак, асло муболаға эмас. Айни пайтда мазкур марказда гастрошизис (боланинг ошқозон, ичак каби аъзолари ташқарида жойлашган бўлади), пастки ичак тутилиши, қизилўнгач атрезияси, туғма лобар энфезема (ўпканинг бир томони қисман ишламайди), гидронефроз (буйракда сув йиғилиши), аноректал аномалия сингари туғма хасталиклар жарроҳлик йўли билан муваффақиятли даволанмоқда.   
— Она учун фарзандининг соғлиғи — энг катта бойлик, — дейди фарғоналик Одина Қўчқорова. — Бахтли онаман, қизим Ҳаётхонни бағримга босаяпман-у, бир неча ой олдинги хавотирим, дунё кўзимга қоронғи кўринган кунларни эслаб, энди ҳаммаси ортда қолганига шукроналар айтаяпман. Боламда туғма нуқсон — қизилўнгач атрезияси ташхиси қўйилди, яшаб кетишига ҳеч бир умид йўқ эди. Туғилган заҳотиёқ операция қиламиз, дейишганида, тўғриси, шифокорларга ишонмаган эдик. Чет элда операция қилдириш учун эса катта маблағ керак. Биздан ҳам кўпроқ ташвиш чеккан шифокорлар саъй-ҳаракати билан операция муваффақиятли ўтди. Мана, ҳозир қизим тўққиз ойлик. Соғлом, бошқа болалардан фарқи йўқ. Юрагимнинг бир парчаси — дилбандимни ҳаётга қайтарган шифокорлар олдида бир умр қарздорман.
Марказ раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашевни навбатдаги мураккаб операция жараёнидан сўнг суҳбатга тортдик.
— Гувоҳи бўлганингиздек, муддатидан аввал, туғма нуқсон, яъни қизилўнгач атрезияси билан туғилган бир кунлик чақалоқни операция қилдик, — дейди шифокор. — Бу жуда мураккаб операция, катта малака, тажриба, қолаверса, юқори технологияларни талаб этади. Мазкур касалликка ўз вақтида зарур жарроҳлик муолажаси кўрсатилса, бундай беморлар кейинчалик соғлом болалардан асло фарқ қилмасдан, жамиятнинг фаол аъзосига айланади. Очиғини айтиш керак, авваллари юртимиз миқёсида бундай хасталиклар билан туғилган болаларда юз фоиз ўлим ҳолати кузатилар эди. Сўнгги ўн йил ичида эса бундай нохуш ҳолатлар 90 фоиз камайди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу соҳага катта эътибори натижасида айни пайтда Ўзбекистонда неонатал хирургиянинг ривожланиши энг юқори босқичга чиқди. Марказда операция хоналари  замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган. Лапароскоп, эндоскоп, иситилувчи операция столлари операцияларни муваффақиятли якунлашимизда катта ўрин тутмоқда.
Ҳозирги вақтда марказ мутахассислари хорижий давлатлардаги етакчи клиникаларда малака ошириш, жаҳонга таниқли неонатал жарроҳларнинг тажрибаси билан танишиш имконига эга. Бу илмий изланишлар олиб бораётган ёш ходимлар учун ҳам ўзига хос мактаб вазифасини ўтамоқда.   
Бугун тиббиёт соҳасида қўлга киритилаётган ижобий ютуқлар мамлакатимизда аҳоли репродуктив саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, пировардида жамиятда соғлом ва барқарор муҳитни қарор топтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётганидан далолатдир. Истиқболда ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар кўлами янади кенгайиши, шубҳасиз. 


Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn