Ҳаёт — гўзал, саломатлик — бебаҳо
  • 19 Июнь 2014

Ҳаёт — гўзал, саломатлик — бебаҳо

Гиёҳвандлик — аср вабоси. Бу ҳақиқат замирида не-не аянчли тақдирлар, мажруҳлик, мубталолик, бевақт ўлим каби аччиқ ситамлар, босқинчилик, ўғрилик, фаҳш каби жирканч иллатлар ётганини, афсуски, ҳамма ҳам ҳамиша бирдек ҳис қилавермайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, айни пайтда дунё бўйича 500 миллиондан зиёд киши гиёҳвандлик воситаларига қарамликдан азоб чекаётир. Уларнинг аксариятини 

30 ёшгача бўлган навқирон авлод вакиллари ташкил этаётгани ҳамда гиёҳвандларнинг катта қисми бедаво дард — ОИТСга чалинаётгани янада ачинарлидир. Хўш, бугун глобал муаммолар қаторида турган бу иллатдан — балои офатдан ўсиб келаётган ёш авлодни қандай асраш мумкин? Мамлакатимизда гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш мақсадида олиб борилаётган кенг қамровли чора-тадбирларнинг самарадорлигини янада ошириш учун нима қилмоқ керак?

— Гиёҳвандлик — фожиалар гирдобидир, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Самарқанд вилояти кенгаши раиси ўринбосари Жасур Раҳмонов. — Вилоятимизда бу иллатнинг олдини олиш, ёшлар ўртасида соғлом турмушни тарғиб қилиш мақсадларига йўналтирилган ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Жумладан, кенгашимиз қошида ОИТС ва гиёҳвандликнинг олдини олиш  тўгараги фаолият кўрсатаётир. Ушбу тўгарак фаоллари томонидан минисессиялар ташкил қилиниб, шу йилнинг ўзида бу ишга қарийб 500 нафар йигит-қиз жалб қилинди. Мазкур тадбирларда гиёҳвандлик ва унинг ортида турган -хатарлар, касалликлар атрофлича тушунтирилмоқда, “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз!” мавзуида буклетлар тарқатилмоқда. Бундан ташқари, вилоят наркология диспансери, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда касб-ҳунар коллежларида, олий таълим муассасаларида мавзу юзасидан давра суҳбатлари, турли спорт мусобақалари ўтказилаяпти. Асосий эътибор ёшларнинг онгида аср вабосига қарши маълумотлар базасини кенгайтиришга қаратилган.

Дарҳақиқат, мактабда, лицей ва коллежда, олий ўқув юртларида ёшларнинг онгу тафаккурига миллий ва умуминсоний қадриятларни чуқур сингдириш, кашандалик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, ОИТС каби иллатларга қарши иммунитетни шакллантириб, соғлом турмушга бўлган интилишини кучайтириш мақсадида қилинаётган ишлар диққатга сазовордир. Бироқ ёшлар орасида гиёҳвандлик асирига айланиб қолиш ҳолатлари учраб тургани ҳам сир эмас. Бунинг сабаби, назаримизда, дарсдан сўнг ўсмирларнинг ота-она -эътиборидан четда қолаётгани билан боғлиқ. Тарбия соҳасида бўшлиқнинг пайдо бўлиши носоғлом турмуш омилларига йўл очиб бермоқда.

— Юртимизда ёш авлод учун яратилаётган имкониятларга ҳар қанча ҳавас қилса, арзийди, — дейди қўшработлик педагог, меҳнат фахрийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Абдуқодир Абдувоҳидов. — Лекин бу имкониятлардан барча ёшлар муносиб фойдаланаяпти, дейиш қийин. Кўпинча кечки тановулдан сўнг саломатликка фойдали, деб -кўчада сайр қиламан. Ана шунда баъзан бир-икки ёшларнинг кўча четида ўтириб олиб, сигарета бурқситганча пивохўрлик қилаётганига гувоҳ бўламан. Уларнинг ота-оналарини яхши танийман. Ана шу ота-оналарни фарзандига кўпроқ эътибор қаратишга ундаб, маслаҳат берган пайтларим кўп бўлган. Баъзилар буни тўғри тушуниб, ҳушёр тортади. Айримлар эса “Сизга оғирлиги тушмасин!” қабилидаги гаплари билан дилимни хира қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги шиддаткор замонда фарзандларимизни, ёшларимизни ҳар қандай иллатдан, хусусан, гиёҳвандликдан асрамоғимиз, гўзал ҳаётнинг, саломатликнинг қадрига етишни ўргатмоғимиз, зийрак, фаол ҳамда фидойи бўлмоғимиз шарт ва зарур.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn