Машҳур кардиожарроҳ Хоразмда бўлди
  • 06 Июнь 2017

Машҳур кардиожарроҳ Хоразмда бўлди

Давлатимиз раҳбари жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Хоразм вилоятида бўлганида, Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг ҳудудий филиалига ҳам ташриф буюриб, шифохона негизида Россия Федерациясининг А. Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиалини ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Россия Федерациясининг А. Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази директори, академик Лео Бокерия юртимизга келди. Машҳур шифокор Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм вилояти филиалида бўлиб, тиббиёт муассасаси фаолияти билан яқиндан танишди. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош кардиожарроҳи Л. Бокерия ҳамда соҳа мутахассислари ўртасида кечган мулоқотда Россия Федерациясининг А. Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий марказининг Урганч шаҳрида ташкил қилинаётган филиалининг келгуси истиқболлари ҳақида сўз борди.

Кардиология, кардиохирургия, интервенцион кардиология, кардиореабилитация, физиотерапия бўлимлари ва ихтисослаштирилган поликлиника фаолият кўрсатаётган мазкур филиал жорий йилда замонавий ангиография ускунаси билан жиҳозланди. Натижада юрак ҳолатини чуқур ўрганиш баробарида, ўпка артерияси босимини ҳам мукаммал таҳлил қилиш, қон томирларини стендлаш, аорта коронар шунтлаш каби мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун зарур шароитлар яратилди. Мазкур шифохона келгусида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари аҳолиси учун минтақавий марказ бўлиши кўзда тутилган.

— Шифо масканимизда йилига юздан ортиқ мураккаб кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказилаётган эди, — дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали директори Анвар Сагиров. — Эндиликда у минтақавий шифохона мақомини олгач, мазкур кўрсаткич 3-4 баробар ошиши кутилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда ҳар минг чақалоқнинг 6-7 нафарида туғма юрак нуқсони қайд этилади. Ваҳолонки, бу хасталикни операция йўли билан бутунлай бартараф қилиш ва беморни тўлақонли ҳаётга қайтариш мумкин. Бундай оғир хасталикка чалинган болалар қанча эрта даволанса, касалликни асоратсиз бартараф этиш шунчалик самарали кечади. Марказ филиали Хоразмда иш бошлаши хорижлик ҳамкасблар билан бирга, шу ернинг ўзида бир ёшгача бўлган болаларда ҳам мураккаб юрак жарроҳлигини амалга ошириш имкониятини беради. Ҳозирги кунда шифохонамизда болалар кардиожарроҳлиги бўлими очилди.

Муҳими, фуқароларимизнинг эндиликда болаларда учрайдиган туғма юрак -нуқсонларини жарроҳлик йўли билан бартараф қилиш учун ортиқча вақт, маблағ сарфлаб хорижий клиникаларга боришларига ҳожат қолмайди.

Академик Л. Бокерия ўзбекистонлик мутахассислар билан ҳамкорликда Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Хоразм филиалида туғма юрак хасталиги билан оғриган 20 нафарга яқин чақалоқларни тиббий кўрикдан ўтказди ҳамда зарур хулосаларни берди. Боғот туманилик 16 ёшли Мақсадбек Йўлдошевнинг юрагида мураккаб жарроҳлик амалиётини бажарди. Булар маҳаллий кардиожарроҳлар учун ўзига хос маҳорат дарси вазифасини ўтади. Бу ерда кардиожарроҳликнинг долзарб масалаларига бағишланган суҳбатлар ҳам ташкил этилди.

— Биз маҳаллий кардиожарроҳлар билан биргаликда 16 яшар ўсмирнинг  юрагидаги туғма нуқсонни сунъий қон айланиш шароитида бартараф этдик, — дейди Лео Бокерия. — Хоразмлик юқори малакали юрак жарроҳлари билан ишлаш менга завқ бағишлади. Гўёки биз кўп йиллардан бери бирга ишлаётгандекмиз. Ўзбекистондаги шифохоналарда марказимиздан қолишмайдиган шароитлар яратилган. Энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, мутахассисларнинг малакаси ҳам талаб даражасида. Тиббиёт ҳамшираларининг жарроҳлик амалиётидаги иш услублари тасаввуримдагидан ҳам аъло.

Ўзбек халқини жуда яхши кўраман. Меҳнаткаш, самимий! Меҳмондўстлигини айтмайсизми?! Ушбу ташрифимни жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Чунки давлатларимиз раҳбарларининг Россиядаги учрашувида бевосита қатнашгандим. Ўшанда кўп -йўналишлар қатори соғлиқни сақлаш борасида ҳам катта келишувларга эришилди. Бизнинг ташрифимиз ана шу келишувлар натижасидир. Келгусида ҳамкорликда халқ саломатлиги йўлида жуда кўп хайрли ишларни амалга оширамиз.

Ташриф давомида Россия Федерациясининг А. Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази билан Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали ўртасида ҳамкорлик бўйича шартнома ҳам имзоланди. Ушбу ҳамкорлик келгусида маҳаллий шифокорларга россиялик ҳамкасблари билан мунтазам тажриба алмашиш имкониятини яратади. Бу эса аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, маҳаллий мутахассисларнинг юқори технологияга асосланган энг мураккаб кардиожарроҳлик амалиётларни муваффақиятли ўтказишдаги тажрибаларини янада бойитишга хизмат қилади.

Академик Л. Бокерия ҳамкасблари билан қадимий Хива шаҳридаги Ичан-Қалъани зиёрат қилди.

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn