Бразилияда бўлиб ўтган ХV ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари тақдирланди
  • 23 Сентябрь 2016

Бразилияда бўлиб ўтган ХV ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари тақдирланди

Мамлакатимиз спортчилари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XV Паралимпия ўйинларида 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза медални қўлга киритди.

Улар Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. Мирзиёевнинг 2016 йил 19 сентябрдаги фармойишига мувофиқ, пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.
Шу муносабат билан пойтахтимиздаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида 22 сентябрь куни Паралимпия ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси М. Усмонов ҳамда бошқалар таъкидлаганидек, юртимизда истиқлолнинг илк йиллариданоқ аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жисмоний имконияти чекланганларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шарт-шароит яратилгани ўзининг беқиёс самараларини бермоқда.
Навбатдаги ёзги Олимпиада ва Паралимпия ўйинларида ҳам спортчиларимиз Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб, ўзларига билдирилган ишончни оқлашди.
— Республикамизда жисмоний тарбия ҳамда спортни равнақ топтириш учун барча имконият яратилган, — дейди навбатдаги Паралимпия ўйинларининг дзюдо спорт тури бўйича ғолиби Адил Тулендибаев. — Ана шундай юксак ишонч бизга катта рағбат бўлди. Муваффақиятларимизни мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига бағишлаймиз.
— Ватанни севиш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш ҳар биримиз учун улуғ саодатдир, — дейди енгил атлетика бўйича Паралимпия мусобақалари олтин ва бронза медаллари соҳиби ҳамда жаҳон рекордини янгилаган Ҳусниддин Норбеков. — Юртимизда ҳар бир инсоннинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун юксак ғамхўрлик кўрсатилаяптики, бу иродамиз ҳамда матонатимизни янада мустаҳкамлаб, шижоатимизга шижоат қўшди. ўалабаларимиз барчамизга муборак бўлсин, деймиз!
— Бундай кўрсаткични қўлга киритганимдан жуда шодман, — дейди 100 метр масофага брасс усулида сузиш бўйича олтин медаль соҳиби Фирдавс Мусабеков. — Баҳсларга тайёргарлик кўришимиз учун барча қулайлик муҳайё этилгани, малакали мураббийлар кўмаги ва халқимиз ишончи бизга қанот бағишлади.
Беллашувларда “Ўзбекистонлик спортчилар ҳеч кимдан кам эмас”, дея баҳсларга киришиб, ўйлаган ниятимизга эришдик. Ютуғимни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлайман.
— Озод ва обод Ватанда туғилиб, вояга етганимдан чексиз фахрланаман, — дейди сузиш йўналишларида Паралимпия ўйинлари ғолиби ҳамда совриндори Фотима Амилова. — Шунга яраша она-юртим шарафини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилишга интилдим. Мамлакатимиз Биринчи Президентининг “Маррани дои-мо баланд қўйиб яшанг, азиз болаларим, давр бизники, марра бизники!” деган сўзлари бизга катта ишонч бағишлади. Ниятим, 2020 йили Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги нуфузли мусобақада ҳам шоҳсупадан ўрин эгаллашдир.
Жорий йил 19 сентябрда қабул қилинган тегишли фармойишга мувофиқ, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшлар ўртасида Паралимпия ҳаракатини тарғиб этишдаги ҳамда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтган ХV ёзги Паралимпия ўйинларида муносиб иштироки, жасорат, матонат ва мардлик намунасини кўрсатиб, юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ҳамда нуфузини янада юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшгани учун ва Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2016 йил 12 июлдаги қарорига биноан, спортчиларимиз бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан тақдирланди. Жумладан, Паралимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритган вакилларимизнинг ҳар бири 200 минг АҚШ доллари, кумуш медалга сазовор бўлган спортчиларнинг ҳар бири 100 минг доллар, бронза медалга сазовор бўлган юртдошларимизнинг ҳар бири 75 минг доллар билан мукофотланди.
Паралимпия ўйинларида ғолиб, совриндор бўлган ҳамда бошқа иштирокчиларга “Malibu” автомобили ҳам берилди.
Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Ё. Аҳмедов ва бошқалар спортчиларимизни Паралимпия ўйинларидаги юксак муваффақияти билан қутлаб, уларга келгуси мусобақаларда омад тилади.
Сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ф. Амилова, дзюдочи Ф. Саидов, енгил атлетикачи М. Сахатов мамлакатимизда спортни ривожлантириш ҳамда спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатилаётган доимий эътибор учун самимий миннатдорлик билдирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.


Саиджон МАХСУМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn