Уч раундда уч нокдаун
  • 12 Август 2016

Уч раундда уч нокдаун

Боксчиларимиз ярим финалга чиқди. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида боксчиларимиз ажойиб ғалабалари билан барчамизга қувонч улашишда давом этмоқда.

Ҳамюртларимиздан рингга дастлаб вазни 91 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари баҳсида иштирок этаётган Рустам Тўлаганов кўтарилди. Ушбу босқичда спортчимизга анча номдор рақиб — ўтган йилги жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби, Европа ўйинлари ғолиби озарбайжонлик Абдулқодир Абдуллаев рўбарў келди.

Очиғини айтиш керак, беллашувдан аввал жуда кўп хорижий интернет сайтлари, спорт шарҳловчилари, мутахассислар Абдулқодирнинг тажрибасидан келиб чиқиб, унинг имкониятларини юқори баҳолаётганди. Лекин амалда Рустам ана шундай тахминларни йўққа чиқарди. Учта раундда фаол ҳаракат қилиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган боксчимиз ярим финалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу камида Олимпия ўйинларининг бронза медали билан тақдирланади, деганидир. Бироқ, келинг, ниятни каттароқ қилайлик: у юртимизга олтин медаль билан қайтсин.

Рустам Тўлаганов кейинги баҳсни россиялик Евгений Тишенкога қарши ўтказади.

Энг енгил вазн тоифасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган истеъдодли чарм қўлқоп устаси Ҳасанбой Дўсматов қозоғистонлик Биржан Жакипов билан куч синашди. Ҳасанбойнинг рақиби ҳам анойи эмасди: ўзидан тўққиз ёш катта, бўйи эса нисбатан баланд. Аммо беллашувни томоша қилган киши борки, пухта тайёргарлик кўрган, ўзига ишончи юксак спортчи учун бу жиҳатлар ғалаба йўлида тўсқинлик қила олмас экан, деган хулосага келгани аниқ. Чунки ҳамюртимиз ана шундай фазилатларни намойиш этиб, Қозоғистон вакилига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Шу тариқа, Ҳасанбой ҳам ярим финалга чиқди. Кейинги босқичда у АҚШлик Нико Мигель Эрнандес билан баҳслашади.

64 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги мусобақада яна бир иқтидорли спортчимиз — Фазлиддин ўойибназаров ажойиб ғалабага эришди. У конголик Дивал Малонгани уч раунд давомида уч маротаба нокдаун ҳолатига туширди. Сўнгги нокдаундан кейин ҳакамлар учрашувни муддатидан аввал тўхтатишди. Фазлиддин навбатдаги босқичда ҳиндистонлик Манож Кумар билан куч синашади.

Вазни 60 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари беллашувида Хуршид Тожибоев Буюк Британия вакили Жосеф Кординани енгиб, чорак финалга йўл олди. У ярим финал йўлланмаси учун Бразилия вакили Робсон Консеисао билан баҳслашади.

Шавкат ОРТИҚОВ тайёрлади.

Анвар ИЛЁСОВ («Жаҳон» АА) олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn