Шижоат ва нафосат уйғунлиги
  • 24 Декабрь 2015

Шижоат ва нафосат уйғунлиги

Навоийда “Гимнастика барча учун” спорт мусобақасининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Гимнастика федерацияси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилган турнирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 17 жамоа қатнашди.
Мусобақанинг очилиш маросимида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, жисмоний тарбия ҳамда спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётгани таъкидланди.
“Гимнастика барча учун” беллашуви ҳам бу борада алоҳида аҳамиятга эга. Чунки гимнастрадада кўплаб спорт турларининг фойдали жиҳатлари мужассамлаштирилган. Хусусан, бадиий ва спорт гимнастикаси, аэробика, акробатика, трамполин, замонавий рақс, фитнес каби машғулотлар уйғунлаштирилгани туфайли ҳам унга қизиқиш юқори. Қолаверса, гимнастрада билан шуғулланиш учун ёш чегараланмайди.
Мусобақада 14 ёшгача бўлган қизлар, аралаш ва 45 ёшдан юқори бўлган аёллар жамоалари тайёрлаган композициялар ижро маҳорати, рақс ҳамда гимнастика элементларини бажариш қобилияти бўйича баҳоланди. Якунда Зарафшон шаҳрининг (Навоий вилояти) “Fanky Dance” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Қолаверса, бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn