«Гимнастика барча учун»
  • 02 Декабрь 2015

«Гимнастика барча учун»

Тошкент шаҳрида ана шу шиор остида анъанавий мусобақа бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, Гимнастика федерацияси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Тошкент шаҳри ва вилоятининг 29 жамоасидан 348 киши қатнашди. Улар 10 ёшгача бўлган қизлар ҳамда 50 ёшдан ошган уй бекаларидир. Шу куни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам мазкур шиор остида ўтказилган баҳсларда икки мингга яқин иштирокчилар ўз маҳоратини намойиш қилди.
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, ҳар йили шаҳару қишлоқларимизда замонавий спорт мажмуалари, стадионлар, сузиш ҳавзалари барпо этилаяпти. Улар зарур инвентар ҳамда жиҳозлар, малакали кадрлар билан таъминланмоқда. Турли ёш тоифалари, ҳаваскорлар, профессионаллар ўртасида кўплаб спорт беллашувлари мунтазам ўтказилаётир. Буларнинг барчаси эртамиз эгаларининг баркамол бўлиб вояга етиши, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи мустаҳкам қарор топишида муҳим омил бўлиб хизмат қилаяпти.
Бинобарин, юртимизда спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, трамполин, акробатика ва бошқа спорт турлари ҳам жадал ривожланмоқда. Айни пайтда республикамизда бир миллиондан зиёд хотин-қизлар жисмоний тарбия ҳамда спорт билан шуғулланаётгани, уларнинг беш юз минг нафарга яқини қишлоқ жойларда экани диққатга сазовордир. Ўз навбатида, жорий йилнинг ўн бир ойи давомида қизларимизнинг 65 нафари гимнастика турлари бўйича Осиё ҳамда жаҳон чемпионатлари, турли халқаро беллашувларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олгани барчамизни қувонтиради.
“Гимнастика барча учун” спорт мусобақаси иштирокчилари рақс ҳамда гимнастика элементларини ижро этиш бўйича ўз маҳоратларини кўрсатишди. Якунда пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур ва Тошкент вилоятининг Бекобод тумани жамоаси биринчи ҳамда иккинчи ўринларни эгаллаган бўлса, Учтепа тумани жамоаси учинчи ўриндан жой олди. ўолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn