Олимпиадага бешта йўлланма
  • 01 Декабрь 2015

Олимпиадага бешта йўлланма

АҚШнинг Хьюстон шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилди. Унда дунёнинг 98 давлатидан спортчилар қатнашиб, совринли ўринлар билан бирга, келаси йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмалари учун баҳс олиб борди.

Аввало, шуни айтиб ўтиш жоизки, мазкур спорт тури бўйича тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига лицензиялар сўнгги икки жаҳон чемпионатида терма жамоалар қайд этган натижаларга кўра тақсимланади. Регламентга кўра, умумжамоа ҳисобида 1 — 6-ўринни эгаллаган терма жамоаларга 6, 7 — 12-ўринларни банд этган мамлакат вакилларига 5, 13 — 18-ўринларга сазовор бўлганларга 4 ва ниҳоят 19 — 24-ўринни эгаллаган давлатлар спортчиларига 3 та йўлланма тақдим қилинади.
Қувонарлиси, ўтган йили Алмати шаҳрида ўтказилган ҳамда бу галги жаҳон чемпионатлари якунларига мувофиқ, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси умумжамоа ҳисобида саккизинчи ўринни эгаллади ва Олимпиада ўйинларига бешта йўлланмани қўлга киритди.
АҚШда ташкил этилган дунё биринчилигида ҳамюртимиз Иван Ефремов (-105 кг.) даст кўтариш беллашувида 192 килограмм оғирликдаги тошни бўйсундириб, олтин медаль билан тақдирланди. Мазкур вазн тоифасида яна бир умидли спортчимиз Сардорбек Дўстмуродов штангани силтаб кўтаришда 228 кг. натижа билан бронза медалига сазовор бўлди. Шунингдек, Олимпиада ўйинлари йўлланмалари қўлга киритилишида Улуғбек Алимов, Муҳаммад Бегалиев, Рустам Жангабоев, Адҳамжон Эргашев ва Фарҳодбек Собиров муносиб ҳисса қўшди.

Нуфузли мусобақада муносиб ғалаба
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида спорт курашлари бўйича уюштирилган Гран-при турнирида ўзбекистонлик полвонлар муносиб иштирок этди.
Жумладан, истеъдодли эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмонов вазни 70 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида барча рақибини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди.
Юнон-рум кураши бўйича беллашувларда эса Элмурат Тасмурадов (-59 кг.) кумуш медаль совриндори бўлди.

Навқирон чемпионлар
Пойтахтимизда таэквондо (WTF) бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Таэквондо (WTF) ассоциацияси томонидан ташкил этилган мусобақада Сардор Тоиров, Баҳодир Ўлмасов, Жасур Эркинов, Бўстон Турсунов, Самандар Илёсхўжаев, Нигора Турсунқулова, Мадина Маннопова, Милана Говдаева, Зуҳро Очилова каби умидли спортчилар ўз вазн тоифасида ғолибликка эришди.

Ф. АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn