Сафардаги ишончли ғалаба
  • 18 Ноябрь 2015

Сафардаги ишончли ғалаба

Кеча футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионати иккинчи саралаш босқичи доирасида сафарда Яман терма жамоасига қарши майдонга тушди.

Таъкидлаш жоизки, вакилларимиз “H” гуруҳида шу пайтгача бешта ўйин ўтказиб, уларнинг биттасида имконият бой берилган, тўрттасида эса зафар қучишган эди. Келинг, ана шу натижаларга бир назар ташлаймиз.
КХДР — Ўзбекистон — 4:2.
Ўзбекистон — Яман — 1:0.
Филиппин — Ўзбекистон — 1:5.
Баҳрайн — Ўзбекистон — 0:4.
Ўзбекистон — КХДР — 3:1.
Футболчиларимиз бу сафар ҳам ўзларига билдирилган ишончни оқладилар. Баҳснинг 8-дақиқасида тажрибали ярим ҳимоячимиз Азиз Ҳайдаров ҳисобни очди. Учрашувнинг 31-дақиқасида тажрибали футболчимиз Сервер Жепаров мазмунли комбинацияга чиройли голи билан нуқта қўйиб, орадаги фарқни оширди. Иккинчи таймда ҳам ташаббус вакилларимиз тарафида бўлди. Буни 50-дақиқада ўнг қанотдан жамоамиз сардори Одил Аҳмедов етказиб берган тўпни боши билан дарвозага аниқ йўллаган Станислав Андреев яна бир бор исботлади. Бироқ ўйиннинг сўнгги 90-дақиқасида яманликлар ҳам гол уришнинг уддасидан чиқдилар. Унга Аҳмад ал-Сарори муаллифлик қилди. Шундай қилиб ҳамюртларимиз  очколар сонини 15 тага етказиб олдилар.
Ушбу турда Шимолий Корея ўз уйида Баҳрайнни 2:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, филиппинликлар дам олди.
Мазкур саралаш босқичи 2016 йилда давом этади. Унда терма жамоамиз 24 март куни Филиппин, 29 мартда эса Баҳрайнга қарши Тошкентда баҳс олиб боради.

М. ҚОСИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn