Нафосат ва маҳорат кўриги
  • 12 Ноябрь 2015

Нафосат ва маҳорат кўриги

Мамлакатимизда хотин-қизлар спорти, жумладан, бадиий гимнастика тобора оммалашиб бормоқда. Бу, албатта, Президентимиз раҳнамолигида ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани, жойларда бири-биридан муҳташам спорт мажмуалари ташкил этилиб, улар энг замонавий жиҳозлар билан таъминланаётгани, машғулотларга малакали мураббийлар жалб қилинаётгани самарасидир.

Бундай шарт-шароитлардан баҳраманд ҳолда спорт билан астойдил шуғулланиб, маҳоратини ошираётган истеъдодли қизларимиз кейинчалик халқаро миқёсдаги нуфузли беллашувларда иштирок этиб, Ўзбекистон номини улуғлашга муносиб ҳисса қўшишаяпти.
Дарҳақиқат, спортнинг мазкур нафис тури бетакрор мусиқий оҳанглар уйғунлигида киши руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади. Инсоннинг феъл-атворида гўзалликка, эзгуликка мойиллик уйғотади. Булар, шубҳасиз, соғлом ҳаёт тарзининг муҳим омилларидан биридир.
Пойтахтимизда “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган “Камолот кубоги” республика очиқ турнири ҳам юртимизда янги иқтидор эгалари, истиқлолнинг баркамол авлоди вояга етаётганининг яна бир ёрқин ифодасига айланди.    
“Камолот” ЁИҲ Тошкент шаҳар кенгаши томонидан шаҳар маданият ва спорт ишлари бош бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу мусобақада республикамизнинг турли ҳудудларидан 5 ёшдан 10 ёшгача бўлган юз нафардан зиёд умидли бадиий гимнастикачи қизлар қатнашди.
Якунда Мўътабар Бобохўжаева, Роҳатой Шодиева, Жасмин Абдураҳмонова, Мадина Эргашалиева, Гулиза Маҳкамова, Камола Қобилбекова, Шаҳризода Халилова, Омина Аҳмаджонова ва Елизавета Горошконинг маҳорати ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn