Орзулар парвози
  • 02 Ноябрь 2015

Орзулар парвози

Навқирон авлод вакиллари ўртасида ноёб истеъдод эгалари кўп. Ҳар соҳада илғор ва пешқадам йигит-қизларимиз Ўзбекистон довруғини дунёга янада кенгроқ ёйишга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришга қаратилган юксак эътибор самараларини Қашқадарё вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Янги мактаблар, коллежлар, академик лицейлар бунёд этилаётир. Мавжудлари мукаммал таъмирланиб, замон талаблари даражасида билим олиш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Айниқса, истиқлол йилларида воҳанинг энг олис қишлоқларида ҳам замонавий спорт мажмуалари қурилиб, фойдаланишга топширилгани спортни янада кенг оммалаштиришга шароит яратди.
Айни пайтда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилаяпти. Хусусан, биргина Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2003 — 2014 йилларда Қашқадарёда 165 та замонавий спорт иншооти барпо қилинди. Аҳамиятли жиҳати, уларнинг 163 таси айнан қишлоқ жойларда қурилди.
Ҳозир вилоятдаги мавжуд спорт мажмуаларида 1500 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилиб, улар тажрибали мураббийлар билан таъминланган. Сўнгги йилларда қашқадарёлик ёшлар орасидан ҳам кўплаб иқтидорли спортчилар етишиб чиқаётгани давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаси, дейиш мумкин.
Гўзал Раҳмонова — ана шундай ёшлардан бири. Чироқчи туманидаги Халқобод қишлоғида туғилиб вояга етган ушбу истеъдод эгаси болалигидан спорт билан шуғулланади. Акаларига қўшилиб, миллий кураш бўйича машғулотларга қатнади. Унинг бу қизиқиши дастлаб ота-онасига маъқул келмади. “Бу спорт тури ўғил болаларга хос”, дея эътироз билдиришди. Лекин Гўзалнинг туман, вилоят ҳамда  республика миқёсида ўтказилган мусобақаларда бирин-кетин қўлга кирита бошлаган ғалабаларини кўриб, фарзандлари тўғри йўлни танлаганини англашди ва унга далда бўлишди.
Айни пайтда у Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти талабаси.
— Илк бор қизимнинг беллашувдаги иштирокини томоша қилиб, жуда ҳаяжонлангандим, — дейди Баҳриддин Бекмирзаев. — Рақиби устидан муваффақият қозонганида, шундай қувондимки, ўша пайтдаги ҳолатимни таърифлаб беришим қийин. Ёшлигимда жуда кўп кураш тушганман. Лекин ҳеч қачон бундай туйғуни ҳис қилмагандим. Шундан сўнг уни доимо қўллаб-қувватлашга қарор қилдим. Бизнинг давримизда спортга бугунгидек эътибор йўқ эди. Қизим менинг ушалмаган орзуларимни рўёбга чиқараётганидан фахрланаман.   
Гўзал Раҳмонова Ўзбекистон миқёсида ўтказилган кўплаб турнирларда муваффақиятли иштирок этиб, фахрли ўринларга муносиб кўрилди. Чироқчи спорт-педагогика коллежида ўқиб юрган кезларидаёқ миллий кураш бўйича Ҳиндистонда ўтказилган Осиё чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритди. 2013 йили жаҳон чемпионатида ҳам фаол қатнашди. 2014 йили Сирдарё вилоятида ташкил этилган Таиланд ва Ўзбекистон ўртасидаги Осиё кубоги мусобақасида иккинчи ўринни эгаллади. Шу йили халқаро тоифадаги спорт устаси унвонини олди. Унинг спортдаги ютуқлари ҳақида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. 
Жорий йил ҳам Гўзал Раҳмонова учун омадли келди. У Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
— Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ана шундай юксак мукофотга сазовор бўлганлигим, Зулфияхоним қизлари сафига қўшилганлигимдан кўнглим фахр-ифтихорга тўлди, — дейди Г. Раҳмонова. — Юртимизда иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларнинг ўз имкониятларини тўла намоён этишларига шунчалик эътибор берилаётган экан, бунга муносиб жавоб қайтаришимиз лозим. Қолаверса, бу бизнинг она-юртимиз, халқимиз, давлатимиз олдидаги фарзандлик бурчимиз ҳамдир. Ҳар гал навбатдаги спорт мусобақаларига тайёргарлик кўраётганда ана шу масъулиятни ҳис қилиб тураман. Бу туйғу мени ҳамиша ғалабалар сари руҳлантиради.
Ҳозирги кунда Гўзал машғулотларда ўз маҳоратини ошириб бораяпти. Қолаверса, чет тилларни пухта ўзлаштирмоқда. Бўш вақтларида эса тикувчилик ҳунарини ҳам ўрганаётир.
— Гўзал  ёш бўлишига қарамай, рақибига етарлича баҳо бера олади, — дейди устози Баҳриддин Ёрматов. — Табиатан жуда иродали ва ҳаракатчан. Белгиланган ҳар бир вазифани моҳирлик билан бажаришга интилади. Бунинг учун асло эринмайди. Шу хислати унинг ғалабаларини таъминламоқда.
Ёшлик — умрнинг навқирон даври. ўайрат ва шижоат фаслидир. Бинобарин, Гўзал каби баркамол авлод вакилларини кўриб, юртимиз эртаси янада нурафшон, истиқболи бундан-да ёруғ бўлишига ишончимиз ортади. 

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn