Ҳамюртимиз — совриндор
  • 30 Июнь 2015

Ҳамюртимиз — совриндор

Мельбурн шаҳрида таэквондо (WTF) бўйича бўлиб ўтган Австралия очиқ чемпионатида тажрибали спортчимиз Жасур Бойқўзиев кумуш медални қўлга киритди.

Аввал хабар қилганимиздек, мазкур нуфузли мусобақада қирқдан зиёд давлатнинг энг кучли таэквондочилари совринли ўринлар билан бирга, 2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланма берувчи муҳим рейтинг очколари учун кураш олиб борди. Айни шу жиҳат беллашувларнинг муросасиз ва қизиқарли кечишини таъминлади.
Жасур Бойқўзиев қозоғистонлик Руслан Шарипов, Янги Зеландия вакили Дафдд Сандерсни мағлубиятга учратиб, совриндор бўлди.
Мазкур мусобақанинг дастлабки кунги баҳсларида ҳамюртимиз Дмитрий Шокин олтин медалга эга чиққан эди.

Талаба қизлар беллашуви
Пойтахтимиздаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба қизлар ўртасида футбол бўйича мусобақа ўтказилди.
Ўзбекистон аёллар футболи, минифутболи ва пляж футболи ассоциацияси томонидан Олий ва ўрта махсус таълим, Ички ишлар вазирликлари ҳамда Ўзбекистон футбол федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада саккиз жамоа ғолиблик учун баҳслашди.
Якунда Сингапур менежментни ривожлантириш институти жамоаси Тошкент ахборот технологиялари университети талаба қизларини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, бош совринни қўлга киритди.

Рейтингини яхшилаб олди
Буюк Британиянинг Ноттингем шаҳрида теннис бўйича эркаклар ўртасида майсали кортларда ўтказилган “ATP” таснифига кирувчи халқаро турнирда ҳамюртимиз Денис Истомин бош совринни қўлга киритди.
Финалда АҚШ вакили Сэм Куэррига қарши кортга чиққан спортчимиз ҳар икки сетда рақибини бир хил — 7:6 ҳисобларида енгди.
Эътиборлиси, бу Дениснинг “ATP” таснифидаги мусобақаларда қўлга киритган илк соврини ҳисобланади. У мазкур ғалабаси эвазига 250 рейтинг очкосига эга бўлди ҳамда дунёнинг энг кучли теннисчилари рўйхатида 30 поғона юқорига кўтарилди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn