Истеъдод ва маҳоратга муносиб рағбат
  • 30 Май 2015

Истеъдод ва маҳоратга муносиб рағбат

Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” теннис мажмуасида “Умид ниҳоллари — 2015” спорт мусобақаларининг вилоят финал босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, юртимизда Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, ўз истеъдод ҳамда салоҳиятини намоён этиши учун кенг шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, спортни оммалаштириш мақсадида мамлакатимиз барча ҳудудида замонавий спорт мажмуалари қурилиб, фойдаланишга топширилаётир. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Мазкур жамғарма маблағлари ҳисобидан 2003 — 2014 йилларда биргина Фарғона вилоятида 138 та болалар спорти иншооти барпо этилиб, ёшлар ихтиёрига берилди. Ушбу масканлар зарур инвентарлар, малакали мураббийлар билан таъминланган. Мана шундай имкониятлар туфайли ҳудуд вакиллари нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб қатнашиб, Ватанимиз номини улуғлашга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Буни Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганидан буён мазкур вилоятдан қарийб саксон нафар Осиё ва жаҳон чемпиони етишиб чиққани ҳам яққол тасдиқлайди.
“Умид ниҳоллари — 2015” мусобақаларининг қуйи босқичларида ҳудуддаги умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 110 минг нафарга яқин ўқувчи спортнинг 17 тури бўйича ўз маҳоратини синовдан ўтказди. Улардан 128 нафари кучлилар сафида эътироф этилди.
— Мусобақалар барчамизда унутилмас таассурот қолдирди, — дейди Фарғона шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби ўқувчиси Азиз Аҳмедов. — Спортнинг баскетбол тури бўйича ғолибликка эришганимиздан жуда хурсандман. Келажакда “Баркамол авлод”, Универсиада ўйинларида ҳам қатнашиб, ўз маҳоратимизни намойиш этиш ниятидамиз.
Fолибликка эришганларнинг ота-оналари ҳам фарзандлари ютуғидан беҳад мамнун.
— Ўғлим Ислом Азимов Фарғона шаҳридаги 4-умумтаълим мактабда ўқиш билан бирга, “Дельфин” сузиш ҳавзасига қатнайди, — дейди Зулфия Азимова. — Машғулотларда астойдил иштирок этганлиги боис “Умид ниҳоллари”да муваффақият қозонди. Ишонаманки, у келгусида халқаро мусобақаларда ҳам қатнашиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтаришга ўз ҳиссасини қўшади.
Умумжамоа ҳисобида Фарғона шаҳри спортчилари биринчи ўринни эгаллади. Марғилон шаҳри вакиллари иккинчи, Қўштепа тумани ва Қўқон шаҳри спорт жамоалари эса учинчи ўринга муносиб кўрилди.
Фарғона вилояти ҳокими Ш. Fаниев ғолиб жамоага Президентимиз совғаси — “Дамас” автомашинасини топширди.
Шунингдек, спорт ўйинларида юқори натижаларга эришган ўқувчилар олтин медаль, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ёшлик ва спорт байрами санъат усталари, эстрада хонандалари ҳамда бадиий жамоаларнинг концерт дастури билан якунланди.

Набижон СОБИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn