Спортсевар ёшларнинг парвоз майдони
  • 29 Май 2015

Спортсевар ёшларнинг парвоз майдони

“Умид ниҳоллари — 2015” спорт ўйинларининг ҳудудларда ўтказилаётган финал босқичи унинг иштирокчиларида ёрқин таассурот қолдирмоқда.

Дунёда ёшлар ўртасида турли спорт мусобақалари ўтказилади. Аммо ҳеч бир мамлакатда биздаги каби уч босқичли ноёб тизим — умумтаълим мактаблари (“Умид ниҳоллари”), ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқувчиларининг (“Баркамол авлод”) ва олий ўқув юртлари талабаларининг (Универсиада) босқичма-босқич ўтказиладиган спорт ўйинлари учрамайди.
Президентимиз ташаббуси билан жорий қилинган бундай шижоат ҳамда нафосат байрамларининг ўзига хос жиҳати шундаки, уларда кашф этилган истеъдод эгаларининг маҳорати босқичма-босқич шакллантириб борилади, уларнинг спорт турлари билан мунтазам шуғулланишларида узлуксизлик таъминланади. Яъни навбатдаги мусобақаларда рақобат янада кучли бўлишини англаган ўғил-қизлар кўпроқ машқ қилишга, ғолибликка эришишга интилишади. Шу орқали, аввало, ёшларимиз ўртасида спортнинг оммавийлиги ошади. Қолаверса, нуфузли турнирлар ҳақида муайян тасаввур шаклланади. Ўзбекистон фарзандларининг қитъа ҳамда жаҳон чемпионатлари, Олимпиада ўйинларида муносиб қатнашиб келаётгани мана шундай омиллар билан узвий боғлиқдир.
Бу жиҳатлар айни кунларда жойларда катта шодиёналар билан ўтказилаётган “Умид ниҳоллари — 2015” спорт ўйинларининг финал босқичида ҳам алоҳида эътироф этилаётир.

АНДИЖОН. “Умид ниҳоллари — 2015” спорт ўйинлари вилоят финал босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган маросим Андижон шаҳрида жойлашган Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақаларнинг қуйи босқичларида ҳудуддаги умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 160 минг нафардан зиёд ўқувчи қатнашди. Улар спортнинг 17 тури бўйича ўз маҳоратини намойиш этди. Якунда 128 ўғил-қиз ғолибликка эришди.
Айтиш жоизки, мустақиллик йилларида Андижонда ҳам спорт инфратузилмасини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоятда 163 та замонавий спорт иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ана шундай юксак эътибор, яратилган шарт-шароитлар туфайли Руслан Нурудинов, Ҳусниддин Рўзиев, Шаҳло Йўлдошева каби жаҳон чемпионлари, Машҳурбек Йўлдошев, Умид Исманов, Ойбек Мамазулунов сингари қитъа биринчиликлари ғолиб ва совриндорлари етишиб чиқди. Уч босқичли тизим туфайли уларга муносиб издошлар кашф этилаётгани диққатга сазовордир.
— Умуртқа суягим тез-тез безовта қиларди, — дейди Андижон шаҳридаги 34-давлат ихтисослаштирилган мактабининг 8-синф ўқувчиси Нуржаҳон Алимова. — Мутахассисларга учрашганимизда сузиш билан шуғулланишни тавсия қилишди. Буни қарангки, сузиш туфайли нафақат бу муаммодан батамом қутулдим, балки бир қатор мусобақаларда ҳам юқори натижаларга эриша бошладим. “Умид ниҳоллари — 2015”да ғолиб чиққаним ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа бўлиб қолади. Қатъий аҳд қилдим: “Баркамол авлод”, Универсиада ўйинларида ҳам, албатта, олтин медалларни қўлга киритаман. Биз, ёшларнинг ҳар томонлама баркамол шахслар сифатида шаклланишимиз учун беқиёс имкониятларни яратиб бераётган Президентимиздан чексиз миннатдормиз.
Мусобақаларда умумжамоа ҳисобида Андижон шаҳри вакиллари биринчи, Асака ҳамда Жалақудуқ туманлари жамоалари иккинчи ва учинчи ўринларни банд этди.
Вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов Андижон шаҳри жамоасига Президентимиз совғаси — “Дамас” автомашинасини топширди.
Шунингдек, спорт ўйинларида ғолиб бўлган ўқувчилар олтин медаль, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Якунда санъат усталари, эстрада хонандалари ва бадиий жамоалар томонидан намойиш этилган концерт дастури тадбирга янада файз бағишлади.

САМАРҚАНД. “Умид ниҳоллари — 2015” спорт мусобақаларининг вилоят финал босқичи катта тантана сифатида ташкил этилди.
Юртимизда болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар самараси ўлароқ, 2003 — 2014 йилларда Самарқанд вилоятида 200 дан зиёд спорт иншоотлари фойдаланишга топширилди. Биргина ўтган йилнинг ўзида эса 17 та объектда қурилиш ва капитал реконструкция ишлари бажарилди.
Бундай ғамхўрлик натижасида ҳудудда спорт билан шуғулланаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда вилоятдаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг 56,3 фоизи, яъни 296 минг 781 нафари спорт машғулотларига қатнашади. Қизлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар доирасида барча туман ва шаҳарларда бадиий гимнастика, енгил атлетика бўйича секциялар фаолияти йўлга қўйилган. Айни пайтга келиб, ўқувчи-қизларнинг 5 минг нафардан зиёди бадиий гимнастика, 8 минг нафардан ортиғи енгил атлетика, 7 минг 500 нафари стол тенниси билан шуғулланаётир. Улар орасида нуфузли халқаро мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари бор.
“Умид ниҳоллари — 2015” спорт мусобақаларининг вилоят финал босқичида Самарқанд шаҳри жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи поғона эса Булунғур туманилик ёш спортчиларга насиб этди. Жомбой ва Самарқанд туманлари вакиллари учинчи ўринни қўлга киритди.
Вилоят ҳокими З. Мирзаев ғолиб жамоага Президентимиз совғаси — “Дамас” автомашинасини топширди.
Беллашувларда яхши натижаларга эришган ёшлар ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Ёшлик ва спорт байрами санъаткорларнинг концерт дастури билан якунланди.

СИРДАРЁ. “Умид ниҳоллари — 2015” спорт мусобақаларининг вилоят финал босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънан етук инсонлар қилиб тарбиялаш, улар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини шакллантиришда бундай спорт ўйинларининг аҳамияти беқиёсдир. Чунки айни мана шундай беллашувлар туфайли минг-минглаб ёшлар спортга ошно тутинмоқда, юксак марралар сари интилаяпти. Мусобақаларнинг Сирдарё вилояти қуйи босқичларида 71 минг нафардан зиёд ўқувчи қатнашгани бунга яққол мисол бўла олади.
— “Умид ниҳоллари” спорт ўйинлари биз, ўқувчилар учун нуфузли мусобақалар сари парвоз майдони ҳисобланади, — дейди Боёвут туманидаги 33-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мардонбек Авазов. — Чунки у Олимпиада ўйинлари тамойиллари асосида ўтказилади. Мақсадим — келажакда профессионал спортчи бўлиб, юртимиз байроғини юксакларга кўтариш.
Мусобақада умумжамоа ҳисобида Сирдарё тумани ўқувчилари биринчи ўринга лойиқ, деб топилди. Мирзаобод ва Ховос туманлари вакилларига иккинчи ҳамда учинчи ўринлар насиб этди.
Вилоят ҳокими О. Ашурматов Сирдарё тумани жамоасига Президентимиз совғаси — “Дамас” автомашинасини топширди.
Спорт байрамида таниқли спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Санъат усталари, эстрада хонандалари ва бадиий жамоалар иштирокида концерт дастури тақдим қилинди.

«Халқ сўзи» мухбирлари
хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn