Навбатдаги турда пешқадам ўзгармади
  • 28 Апрель 2015

Навбатдаги турда пешқадам ўзгармади

Футбол бўйича Ўзбекистон XXIV миллий чемпионати олий лига жамоалари ўртасида олтинчи тур учрашувлари бўлиб ўтди.

Ушбу турда мухлислар бир қатор қизиқарли беллашувларга гувоҳ бўлишди. Жумладан, ўузорнинг “Шўртан” жамоаси ўз майдонида мусобақа пешқадами “Насаф” (Қарши)ни қабул қилди. Ўйиннинг 86-дақиқасига қадар мезбонлар ҳисобда олдинда боришаётганди. Аммо сўнгги дақиқаларда меҳмонлар фаоллик кўрсатиб, ғалабани ўз томонларига оғдиришга муваффақ бўлишди — 1:2. Шу тариқа чемпионатни кўтаринки руҳда бошлаган “Шўртан” кетма-кет иккинчи бор мағлубиятга учради. Тошкентнинг икки етакчи клуби “Локомотив” ва “Пахтакор” ўртасидаги учрашув ҳам муросасиз курашларга бой кечди. Унда мезбонлар
2:1 ҳисобида зафар қучишди.
“Нефтчи” (Фарғона) ва “Сўғдиёна” (Жиззах) қарама-қаршилигини томоша қилиш учун стадионга келган мухлислар мезбонларнинг ажойиб ўйинига гувоҳ бўлишди. Негаки, мазкур баҳсда дарвозаларга жами бешта гол киритилди. Шундан тўрттаси мезбонлар, биттаси эса меҳмонлар ҳисобига ёзилди. Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ўз майдонида “Динамо” (Самарқанд)ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Муборакнинг “Машъал”и эса “Қўқон-1912” (Қўқон)дан устун келди — 3:0. Ушбу турдаги энг йирик ҳисоб “Бухоро” — “Олмалиқ” ўйинида қайд этилди. Мазкур беллашувда олмалиқлик футболчилар мезбонлар дарвозасини тўрт бор аниқ нишонга олишди. Навоийнинг “Қизилқум” жамоаси “Андижон”ни кичик ҳисобда енгди — 1:0.
Мазкур турдан сўнг турнир жадвалида “Насаф” 15 очко билан пешқадам бўлиб турибди. Ундан кейинги ўринларда бораётган “Нефтчи” ва “Локомотив” жамоаларида эса 14 тадан очко бор. Олий лига жамоалари ўртасидаги навбатдаги тур ўйинлари 1-2 май кунларига белгиланган. Унда қуйидаги жуфтликлар ўзаро беллашади: “Пахтакор” — “Навбаҳор”, “Насаф” — “Локомотив”, “Динамо” — “Металлург”, “Бунёдкор” — “Нефтчи”, “Сўғдиёна” — “Машъал”, “Андижон” — “Шўртан”, “Олмалиқ” — “Қизилқум”, “Қўқон-1912” — “Бухоро”.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn