Баҳслар қизғин паллага кирди
  • 21 Апрель 2015

Баҳслар қизғин паллага кирди

Футбол бўйича Ўзбекистон XXIV миллий чемпионати олий лига жамоалари ўртасида бешинчи тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу турдаги энг эътиборга молик воқеалардан бири “Андижон” клубининг мавсумдаги илк ғалабага эришгани бўлди.

Ўтган ўйинларда атиги бир очко жамғарган мазкур жамоа вакиллари бу сафар ўз майдонида “Бухоро” футболчилари билан баҳс юритишди. Қизиқарли кечган учрашувда андижонликлар 2:1 ҳисобида муваффақият қозониб, мухлисларини хурсанд қилишди.
Турнир жадвалида биринчи ўринда бораётган Қаршининг “Насаф” жамоаси Навоийнинг “Қизилқум” клуби билан беллашиб, 3:1 ҳисобида ғалабага эришди.
Амалдаги чемпион “Пахтакор” иродали ғалабани нишонлади. “Шўртан” (ўузор) клубини қабул қилиб, 0:1 ҳисобида ютқазиб турган тошкентлик футболчилар якунда устунликка эришди — 2:1. Яна бир муросасиз беллашув “Нефтчи” (Фарғона) ва “Машъал” (Муборак) жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Унда 1:0 ҳисобида мезбонлар зафар қучди. Учрашувда майдон эгаларини қўллаб-қувватлаш учун қарийб 12 минг нафар мухлис стадионга келгани эътиборга молик. Яна бир қизиқарли ўйин “Бунёдкор” (Тошкент) ва “Навбаҳор” (Наманган) жамоалари ўртасида кечди. Унда 2:1 ҳисобида “қалдирғочлар” ғалаба қозонди.
Қолган баҳсларда қайд этилган натижалар билан танишинг: “Олмалиқ” — “Қўқон — 1912” 2:1, “Сўғдиёна” (Жиззах) — “Металлург” (Бекобод) 0:0, “Динамо” (Самарқанд) — “Локомотив” (Тошкент) 0:1.
Ушбу турдан сўнг турнир жадвалида “Насаф” жамоаси 12 очко билан биринчи ўринни эгаллаб турибди. Ундан кейинги поғоналардаги “Локомотив” ва “Нефтчи”да 11, “Пахтакор” ҳамда “Олмалиқ”да эса 10 тадан очко бор.
Олий лигада навбатдаги тур ўйинлари 25 — 27 апрель кунлари ўтказилади. Унда мухлислар “Локомотив” — “Пахтакор”, “Шўртан” — “Насаф”, “Навбаҳор” — “Динамо”, “Металлург” — “Бунёдкор”, “Нефтчи” — “Сўғдиёна”, “Машъал” — “Қўқон — 1912”, “Қизилқум” — “Андижон”, “Бухоро” — “Олмалиқ” жуфтликлари ўртасидаги баҳсларга гувоҳ бўлишади.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn