Муваффақиятлар сари муҳим босқич
  • 21 Апрель 2015

Муваффақиятлар сари муҳим босқич

Мамлакатимизда ёшларни оммавий спортга жалб этишда Президентимиз томонидан асос солинган ва мунтазам ўтказиб келинаётган  уч босқичли мусобақалар тизими алоҳида аҳамият касб этаётир. Жумладан, унинг доирасидаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг “Умид ниҳоллари”, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг “Баркамол авлод” ҳамда олий ўқув юртлари талабаларининг Универсиада спорт ўйинлари ўғил-қизларимизни янги марралар сари етакловчи бетакрор беллашувларга айланди.

Ушбу ноёб тизим фарзандларимизни фойдали ҳамда мазмунли ҳаракатга йўналтириш, қатъиятлилик ва мардлик хусусиятларини шакллантириш, ғалабага интилиш фазилатларини тарбиялаш, мухтасар айтганда, спортни уларнинг турмуш тарзига айлантиришга хизмат қилмоқда.
Маълумки, жорий йилда “Умид ниҳоллари”нинг республика босқичига Хоразм вилояти мезбонлик қилади. Ана шу мусобақага Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси ҳам қизғин тайёргарлик кўраяпти.
— Бўлажак беллашувларда қатнашадиган терма жамоани шакллантириш мақсадида 2014 йил ноябрь — декабрь ойларида спортнинг ўн олти, жорий йил январида эса бокс тури бўйича саралаш баҳслари ўтказилди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти раисининг ўринбосари Салауат Оринбаев. — Уларда жами 1761 нафар ўғил-қиз иштирок этди. Иқтидори ва маҳорати билан мутахассислар эътирофига сазовор бўлган 208 нафар ёш спортчи терма жамоамизга жалб қилинди. Вакилларимизнинг “Умид ниҳоллари — 2015” спорт ўйинларининг республика босқичида муносиб қатнашишини таъминлаш мақсадида ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилаяпти. Айни кунларда улар ҳудуддаги замонавий мажмуаларда спортнинг 17 тури бўйича қирқ нафар тажрибали мураббий ва мутахассис бошчилигида тайёргарлик кўришмоқда.
Мазкур жараёнда ўқувчилар маҳорати қай даражада шаклланаётгани турли беллашувлар орқали кузатиб борилаётгани эътиборга молик. Хусусан, январь ойининг сўнгги ҳамда февралнинг дастлабки кунларида Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкил этилди. Унда умумжамоа ҳисобида қорақалпоғистонлик мактаб ўқувчилари ғалаба қозонди.
Нурзия Камолова — спортнинг қўл тўпи тури бўйича тажрибали мураббий. Шу боис ҳам қизлар терма жамоасини беллашувларга пухта тайёрлаш вазифаси унинг зиммасига юклатилган. Мутахассиснинг айтишича, жамоа маҳоратли қизлардан ташкил топган. Бунга уларнинг ўтган йилнинг август ойида болалар спорт мактаблари ўртасида ўтказилган мамлакат биринчилигида ғолибликка эришгани ёрқин бир мисолдир. 2014 йилнинг декабрь ойида эса унинг шогирдлари Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиб, тажриба оширишди.
— Ўтган йили 24 — 26 декабрь кунлари спорт гимнастикаси бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда ғолиб чиққан эдим, — дейди ёш спортчи Имомиддин Исмаилов. — Ҳозир “Умид ниҳоллари — 2015” спорт ўйинларига тайёргарлик кўраяпман. Ана шу мусобақада ҳам юқори ўринларга сазовор бўлиш учун бор куч ва маҳоратимни ишга соламан.
Спорт гимнастикаси бўйича ўн нафар ўқувчи Хоразмда бўладиган баҳсларда Қорақалпоғистон Республикаси шарафини ҳимоя қилади. Жамоага жалб этилган ўғил-қизларнинг аксарияти Имомиддинга ўхшаган истеъдод эгалари ҳисобланади. Яқинда улар Тошкент шаҳрида ўқув-машғулот йиғинида иштирок этиб, маҳоратларини оширишди.
Сир эмаски, спортда муваффақиятларга пухта тайёргарлик кўриш орқалигина эришилади. Қорақалпоғистонлик мактаб ўқувчилари ҳам “Умид ниҳоллари — 2015”да айни шу жиҳатга эътибор қаратиб, қизғин ҳозирлик кўришаётир.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn