Замонавий спорт инфратузилмаси
  • 11 Февраль 2015

Замонавий спорт инфратузилмаси

ёшларимизнинг улкан ютуқларни қўлга киритишига хизмат қилмоқда

Мустақиллик шарофати билан юртимиз ёшлари турли халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиб, истеъдод ва маҳорат бобида ҳеч кимдан кам эмасликларини исботлашмоқда.
Ўтган йилда ҳам ана шундай қувончли воқеаларга кўп бора гувоҳ бўлдик. Бир мисол: 2014 йилнинг декабрь ойида Нукус шаҳар 4-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси Имамаддин Исмаилов ҳамда ҳудуддаги 23-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ихлос Оринбаев 2000 — 2007 йилларда туғилган болалар ўртасида спорт гимнастикаси бўйича ташкил этилган халқаро турнирда қатнашди. Уларнинг қобилиятини хорижлик мутахассислар юқори баҳолади — Имамаддин олтин, Ихлос эса бронза медалини қўлга киритди.
Энди ўйлаб кўринг. Мустақилликка эришмасимиздан аввал ҳали мактабда ўқиб юрган бола ёки қизнинг олис давлатлардаги нуфузли турнирларда иштирок этиши тасаввуримизга сиғармиди?! Очиғи, буни хаёлимизга ҳам келтира олмасдик. Чунки ўша даврлардаги шарт-шароит бунга имкон бермасди. Истиқлол шарофати билан, Президентимизнинг оқилона сиёсати туфайли мамлакатимизда спорт, хусусан, болалар спортини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, шаҳару қишлоқларимизда бир хил — бугунги замон талабларига мос спорт инфратузилмаси яратишга киришилди. 2002 йилда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилгани бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар изчиллигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Яъни ҳар йили ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан жойларда янгидан-янги спорт объектлари барпо қилиниб, фарзандларимиз ихтиёрига берилаяпти. Аниқ мақсадга йўналтирилган  мана шундай чора-тадбирлар натижасида униб-ўсиб келаётган  ёшларимиз ўз ҳаёти ва келажагини спорт билан боғламоқда.
— Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолият бошлаганидан буён Оролбўйида 129 та спорт иншооти ҳамда 18 та болалар мусиқа ва санъат мактаби бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди, — дейди мазкур жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори Адилбай Еримбетов. — Жумладан, биргина ўтган йилнинг ўзида 13 миллиард 770 миллион сўм  эвазига битта болалар спорт мажмуаси, учта мусиқа ва санъат мактаби, бешта спорт зали қурилди. 2 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби капитал реконструкция қилинди. Улардаги имкониятлар бугунги замон талабларига тўла мос.
Минтақада қизлар спортини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Хусусан, энг олис овулларда ҳам бадиий гимнастика тўгараклари ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда икки мингдан ортиқ қиз шу спорт тури билан мунтазам шуғулланаётир.
Мухтасар айтганда, юртимизда ёшларнинг спортга бўлган иштиёқ ва қизиқишини қўллаб-қувватлаш учун барча имконият мавжуд. Бу уларнинг келажакда юксак марраларни эгаллаши учун пухта замин бўлиб хизмат қилади.


Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn