Замонавий спорт мажмуалари
  • 19 Февраль 2014

Замонавий спорт мажмуалари

фарзандларимизнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб улғайишида муҳим аҳамият касб этмоқда

Фарзанд тарбияси юрт тараққиёти, жамият равнақида муҳим ўрин тутади. Бинобарин, эртамиз эгаларини ҳар жиҳатдан комил инсонлар қилиб вояга етказиш масаласи давлатимиз сиёсатининг муҳим ва устувор йўналишларидан биридир. Кейинги йилларда болалар ва ўсмирлар ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом ҳаёт тарзини кенг қарор топтириш, баркамол авлодни шакллантириш мақсадида мамлакатимизда кўлами ҳамда аҳамияти жиҳатидан жуда улкан ишлар бажарилди.
Бугун қайси шаҳар, туман ёки олис қишлоқ ҳудудига борманг, кўркам ижтимоий-маиший бинолар қаторида бири-биридан чиройли, муҳташам спорт мажмуалари, стадионлар, сузиш ҳавзалари ва бошқа шу каби иншоотларга кўзингиз тушади. Уларда минглаб болаларнинг ўзлари қизиққан спорт тури билан шуғулланаётгани ҳавасингизни келтиради. Давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари бу борадаги ишларни самарали ташкил этишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Яқинда Оқсаройда бўлиб ўтган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида Президентимиз мазкур Жамғарма фаолият бошлаганидан буён ўтган йиллар давомида эришилган ютуқлар, бу борада амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг аҳамияти ва натижалари хусусида атрофлича фикр юритди.
“Ёшларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан мутаносиб ривожлантиришга қаратилган бу тизимнинг йўлга қўйилиши ҳар томонлама тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда, — деди давлатимиз раҳбари. — Шаҳару қишлоқларимизда бунёд этилган замонавий спорт мажмуаларида болалар спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамламоқда. Соғлом, кучли, мард ва қатъиятли бўлиб камолга етмоқда. Фарзандларимизнинг иродаси тобланмоқда, турмуш тарзи, дунёқараши ўзгармоқда”.
Дарҳақиқат, истиқлол ёшлари беқиёс меҳр оғушида, ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етмоқда. Биргина 2013 йилнинг ўзида юртимизда 113 та спорт иншооти ва сузиш ҳавзаси, 55 та болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилгани, бу мақсадлар учун 210 миллиард 400 миллион сўм маблағ йўналтирилгани давлатимизнинг баркамол авлод тарбияси йўлидаги ғамхўрлиги нақадар юксак эканини яққол кўрсатиб беради.
Масалан, Навоий вилоятида 2003 — 2013 йилларда 76 та спорт иншооти, 10 та болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уларнинг ярмидан кўпи қишлоқ жойларда барпо этилгани диққатга сазовордир.
Бундан ташқари, Конституциямизнинг 21 йиллик байрами арафасида Қизилтепа туманида вилоятдаги ташкилот ва корхоналар ҳомийлигида ёшларга янги спорт мажмуаси туҳфа қилинди.
Олти миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган мазкур мажмуадан олти минг ўринли стадион ва иккита спорт зали жой олган бўлиб, бу ерда футбол, эркин кураш, стол тенниси, бадиий гимнастика каби ўнлаб турлари билан шуғулланиш мумкин. Кенг ва замонавий тренажёр зали соғломлаштириш гуруҳлари ихтиёрига берилган.
— Ёш авлод камолотини спортсиз тасаввур этиш қийин, — дейди мазкур туманнинг Фурқат номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мамлакат Азимова. — Шу боис юртимизда спорт, жумладан, болалар спортини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаяпти. Туманимиз марказида қад ростлаган ушбу мажмуа Президентимизнинг фарзандларимизнинг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб камолга етишлари йўлида кўрсатаётган ғамхўрликларининг ёрқин ифодасидир. Ишончимиз комилки, яқин келажакда бу ерда машқ қилаётган ўғил-қизлар орасидан кўплаб чемпионлар етишиб чиқади.
— Давлатимиз раҳбари “Болалар спорти объектларини қуриш ҳеч қачон тўхтамайди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади. Азиз болаларимиз камол топадиган бу мажмуаларни шундай чиройли ва мустаҳкам этиб қурайликки, бу биздан ўзига хос бир эсдалик, уларга меҳримизнинг ифодаси бўлсин”, дея фикр билдирдилар, — дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Навоий вилояти филиали директори Улуғбек Жабборов. — Ушбу эзгу даъват ҳар биримизни ўз ишимизга янада масъулият билан ёндашишга ундайди. Болалар спортини ривожлантириш борасидаги чора-тадбирлар вилоятимизда Соғлом бола йилида ҳам изчил давом эттирилади. Жумладан, 2014 йилга мўлжалланган Манзилли дастурга асосан, жами саккизта иншоот: битта спорт мажмуаси, тўртта мактаб учун спорт заллари қуриш, битта спорт иншоотини реконструкция қилиш, битта болалар мусиқа ва санъат мактабини янгидан барпо этиш ҳамда битта ана шундай муассасани мукаммал таъмирдан чиқариш кўзда тутилган. Бу яна кўплаб ёшларни спортга жалб қилиш, янги истеъдодларни кашф этишга туртки бериши, шубҳасиз.
Умуман, бугунги кунда вилоятда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 50 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз спорт билан шуғулланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ёш авлодни она-юртга садоқат руҳида тарбиялаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган уч босқичли тизим — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинларининг алоҳида ўрни бор. Мазкур мусобақаларнинг дастлабки босқичидаёқ минг-минглаб ёшлар спорт борасида ўз имкониятларини синаб кўрадилар. Аввало, шу орқали улар ўртасида спортнинг оммавийлиги ошади. Рақиби ўзидан кучлироқ эканини сезган ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланишга эҳтиёжи борлигини англайди ва бунга астойдил киришади. Қолаверса, бундай баҳслар ёшлар орасида соғлом рақобатни ҳам юзага келтиради. Яъни навбатдаги босқичларга ўтгани сайин кучли рақибларга дуч келиши уларни янада жиддийроқ машғулотлар олиб боришга ундайди. Уч босқичли спорт ўйинлари, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, эртанги чемпионларнинг парвоз майдонидир. У мактаб ўқувчиларидан тортиб, олий таълим муассасаси битирувчиларигача — ёш авлоднинг барча вакилларини қамраб олади.
Бундай ўйинларнинг яна бир муҳим жиҳати, баҳсларга тайёргарлик жараёнида ҳудудлар инфратузилмасида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда, кўплаб спорт иншоотлари қад ростлаётир. Ҳозиргача ана шундай мусобақалар ўтказилган жойларда ўзига хос спорт шаҳарчалари пайдо бўлдики, улар ўша ҳудуднинг кўркига кўрк қўшибгина қолмасдан, балки яна минглаб ёшлар қалбида спортга муҳаббат туйғуларини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Навоий вилоятида ҳам “Умид ниҳоллари” ўйинларининг финал босқичи ташкил этилгани муносабати билан кўплаб объектлар фойдаланишга топширилганди. Ўшанда вилоят ўқувчилари фаол қатнашиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритишган.
— Мактабимизда миллий кураш, дзюдо, юнон-рум кураши, самбо, белбоғли кураш, аёллар кураши секциялари фаолияти йўлга қўйилган, — дейди 5-ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактаби директори Тўймурод Адизов. — Мақтанишга йўймангу ҳисоблаб кўрсак, ўтган йилнинг ўзида халқаро, республика миқёсидаги мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз жамғарган медаллар сони 58 тадан ошибди. Мисол учун, 2013 йилнинг 6-8 декабрь кунлари спортнинг эркин кураш тури бўйича ўтказилган халқаро турнирда вакилимиз Шерзод Шамсуддинов 42 килограмм вазн тоифасида биринчи ўринни қўлга киритди. Умуман, Шерзодга ўхшаб ўз олдига катта мақсадларни қўйган, она-Ватанимиз шаънини халқаро майдонларда ҳимоя қилишни кўзлаган, аҳди қатъий, шижоатли ёшларимиз мамлакатимизда жуда кўп.
Демак, нафақат Навоий вилоятида, балки юртимизнинг барча жойларида ана шундай эзгу ишлар жадал давом этаверади. Бинобарин, соғлом авлодни тарбиялаш — буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш демакдир.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn