Навқирон спортчиларимиз элу юрт ардоғида
  • 04 Сентябрь 2014

Навқирон спортчиларимиз элу юрт ардоғида

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида жорий йилнинг 16 — 28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган II ўсмирлар Олимпиадасида муваффақиятли қатнашган ёш спортчиларимизни шарафлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Хусусан, пойтахтимизда Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ташкил этилган ана шундай маросимда бир гуруҳ ёш спортчилар, уларнинг ота-оналари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда истиқлолимизнинг илк кунлариданоқ ҳам жисмонан, ҳам маънан етук, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбия топган авлодни вояга етказиш юксак мақсад этиб белгиланган. Шунга мувофиқ, ўғил-қизларимизнинг ўз ақл-заковати, истеъдодини тўла намоён этиши, маҳоратини муттасил ошириб бориши, юксак маънавиятли, баркамол инсонлар сифатида камол топиши учун улкан куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Бунинг самараси эса ўзбекистонлик спортчиларнинг жаҳон ареналарида эришаётган муваффақиятларида ўз ифодасини топаётир.
Нанкин Олимпиадасида 28 нафар ёш спортчимиз бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), трамполин, ўқ отиш, академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича ташкил этилган мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритгани энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.
— Биз, ёш спортчилар, бугун нимага эришаётган бўлсак, барчаси Президентимизнинг меҳри ва эътибори туфайлидир, — дейди мусобақа совриндори Темур Қодиров. — Бундан кейин ҳам юксак ғамхўрликка муносиб бўлиб, нуфузли мусобақаларда давлатимиз байроғини баланд кўтаришга бор куч ва маҳоратимизни ишга соламиз.
Тадбирда II ўсмирлар Олимпиадасида қатнашган пойтахтлик ёш спортчилар ва уларнинг оила аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.
* * *
Истиқлол йилларида Фарғона вилоятида ҳам ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Натижада вилоятлик спортчилар халқаро майдонларда катта муваффақиятларга эришмоқдалар. Нанкин шаҳрида ўтказилган
II ўсмирлар Олимпиадасида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган атлетлар орасида Фарғона вилояти вакилларидан Бектемир Мелиқўзиев олтин медални, Козимбек Мардонов эса ўз вазн тоифасида тўртинчи ўринни қўлга киритгани бунга мисол бўла олади.
Қўқон шаҳрида ана шу спортчиларни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда ёш олимпиадачиларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда ёш спортчиларга эсдалик совғалари топширилди.
— Ўғлимни қўқонликлар ўз жигарбандидек бағрига босаяпти, алқаяпти, ёшларимиз бошини силаган Юртбошимизни дуо қилаяпти, — дейди Бектемирнинг отаси Рўзматжон Мелиқўзиев. — Мустақиллик туфайли биз етолмаган орзуларга фарзандларимиз эришаётганидан чексиз фахр-ифтихор туймоқдамиз.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев сўзга чиқди.
* * *
II Олимпиада ўйинларининг дзюдо беллашувларида олтин ва бронза медални қўлга киритган Суҳроб Турсунов ўзининг юксак истеъдоди ва шижоати билан барчани ҳайратда қолдирди.
Термиз шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда ана шу музаффар спортчи шарафланди. Маросимда сўз олганлар Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини фахр ва ифтихор билан эътироф этишди. Хусусан, мустақиллик йилларида Сурхондарё вилоятида бир юз йигирмага яқин замонавий болалар спорти иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бугун уларда 43 мингга яқин ўғил-қиз спортнинг 31 тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Ана шу ёшлар орасидан халқаро майдонларда юрт номини улуғлашга қодир истеъдод соҳиблари етишиб чиқаётгани янада қувонарлидир.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э. Жўраев сўзга чиқди.
* * *
Нанкин Олимпиадасида юнон-рум кураши бўйича олтин медални қўлга киритган Илҳом Баҳромов — Самарқанд вилоятида туғилиб ўсган умидли ёш спортчиларимиздан бири. Дастлаб Оқдарё туманидаги 1-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабида машғулотларда чиниқиб, маҳоратини оширган Илҳом полвонни вилоят аҳли Самарқанд темир йўл вокзалида зўр шодиёналар билан кутиб олдилар.
Кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарда ташкил этилган спортчини шарафлаш тадбирида эса Илҳом Баҳромовнинг оила аъзолари, мураббийлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда журналистлар қатнашди. 
— Истиқлол шарофати ва Президентимизнинг ёш авлодга кўрсатаётган ғамхўрлиги туфайли фарзандларимиз ўз иқтидорларини намойиш этиб келишмоқда, — дейди Илҳомнинг онаси Мунира Турсунова. — Ёшлар камолотига катта эътибор қаратилаётган юртда яшаётганимиз ҳам аслида бизнинг бахтимиз.
Тадбирда Олимпиада чемпионига вилоят ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотларнинг совғалари топширилди.
Спортчини шарафлаш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими
З. Мирзаев қатнашди.
* * *
Ўзбекистонлик навқирон спортчиларнинг Нанкин Олимпиадасида эришган муваффақиятида бухоролик боксчи Сулаймон Латиповнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Ушбу нуфузли мусобақада 49 килограмм вазн тоифасида рингга чиққан Сулаймон кумуш медалга сазовор бўлди.
Бухорода унинг бу ютуғини шарафлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди. 
Қайд этилганидек, кейинги йилларда Бухоро бокс мактабидан кўплаб кучли чарм қўлқоп усталари етишиб чиқмоқда. Мазкур спорт тури бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Лондон Олимпиадаси совриндори Аббос Атоев, Лондон Олимпиадаси қатнашчиси Фазлиддин ўойибназаров шулар жумласидандир. Энди улар сафига ёш истеъдод эгаси Сулаймон Латипов ҳам қўшилди. У жорий йил Болгариянинг София шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида иккинчи ўринни қўлга киритган эди. Нанкин Олимпиадасида у ана шу натижани яна бир бор такрорлади.
Тадбирда Сулаймон Латиповга қимматбаҳо совғалар топширилди. Спортчини тарбиялашга муносиб ҳисса қўшган мураббийлар ҳам вилоят ҳокимлиги томонидан рағбатлантирилди.
Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи М. Эсанов сўзга чиқди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида Фазлиддин АБИЛОВ тайёрлади.

Fолиб спортчиларни шарафлаш маросимлари Андижон, Наманган, Тошкент ва Хоразм вилоятларида ҳам ўтказилди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn