Янги марраларни кўзлаган авлод
  • 19 Июнь 2014

Янги марраларни кўзлаган авлод

Футбол бўйича Бразилияда давом этаётган йигирманчи жаҳон чемпионатини кузата туриб, спортнинг мамлакатни, халқни дунёга танитиш, нуфузини юксалтиришдаги ўрни нечоғли катта эканига яна бир карра амин бўласан, киши.

Чунки ҳар бир учрашув бошланиши аввалида майдонга ўзаро беллашадиган жамоаларнинг давлат байроқлари олиб чиқилиши, мадҳияларнинг янграши, футболчиларнинг уни жўр бўлиб куйлашию стадионга йиғилганларнинг ҳурмат билдириб олқишлаши барчада ўзгача ҳавас уйғотади. Шу боис ҳам бундай онлар мундиалда терма жамоаси қатнашаётган мамлакат вакиллари учун алоҳида аҳамиятга эга.

Мазкур жаҳон чемпионатини биз, ўзбекистонликлар билан бевосита боғлаб турадиган жиҳат ҳам йўқ эмас. Биласиз, унда ФИФА рефериси, ҳамюртимиз Равшан Эрматов ҳам иштирок этаяпти ва бундан ҳар биримиз чексиз фахр ҳамда ифтихор ҳиссини туймоқдамиз. Айниқса, ҳакамни таништириш чоғида Ўзбекистон номининг тилга олиниши ўзгача бир -туйғудир. Шундай эмасми?

Спортнинг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ўрни ҳам жуда катта. Бир тасаввур қилиб кўринг, нуфузли мусобақаларни катталар билан бирга, қанчадан-қанча болалар ҳам томоша қилишади. Ана шу жараёнда спортчиларнинг ғалабага бўлган интилиши, маҳорати улар қалбида иштиёқни юзага келтириб, “Мен ҳам, албатта, ўз истеъдодимни кўрсатаман, Ватаним шаънини муносиб ҳимоя қиламан”, деган истакни кучайтиради.

Замонавий тиббиёт хулосаларига кўра, спорт, хусусан, футбол билан шуғулланган бола соғлом ва бақувват бўлиб ўсади. Ақл-идроки ривожланади, ҳамжиҳатликни, жамоа бўлиб ҳаракат қилишни ўрганади. БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамда Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) келишувига кўра, 19 июннинг “Жаҳон болалар футболи куни” деб белгиланганида ҳам шу жиҳатлар алоҳида эътиборга олинган. Мазкур санада дунёнинг қатор давлатларида, хусусан, мамлакатимизда ҳам болалар футбол жамоалари иштирокида кўплаб спорт тадбирлари ўтказилади. Мусобақалар уюштирилиб, ёш истеъдод эгаларига яна бир карра ғамхўрлик кўрсатилади. Бу эса уларга қўшимча куч, ғайрат бағишлаши, шубҳасиз.

Таъкидлаш жоиз, истиқлол йилларида юртимизда футболни ривожлантириш, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган маҳоратли футболчиларни тайёрлаш мақсадида қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 1 майдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, Футболни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилди. У айни вақтда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

Президентимизнинг 2011 йил 19 январдаги “2011 — 2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, футбол бўйича мактаб-интернатлар, болалар ва ўсмирлар мактаблари, профессионал футбол клублари ва терма -жамоаларда ўқув-машқ жараёнини яхшилаш, футболчилар, мураббийлар ҳамда ҳакамларнинг маҳорат ва малакасини ошириш, стадионлар қуриш, мавжудларини талаб даражасида таъмирлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Тошкент шаҳрида “Бунёдкор” ва “Локомотив”, Бекобод шаҳрида “Металлург”, Олмалиқ шаҳрида “Олмалиқ”, Наманганда “Навбаҳор” футбол клубларининг замонавий стадионлари фойдаланишга топширилгани ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир. Жойларда бу борадаги тадбирлар изчил давом этаяпти.

Табиийки, амалга оширилаётган эзгу ишлар ўз самараларини ҳам бераяпти. Биргина ўтган йил мисолида айтадиган бўлсак, ўн етти ёшгача бўлган ўсмирларимиз ҳамда йигирма ёшгача бўлган футболчиларимиз жаҳон чемпионатларида қатнашиб, нуфузли мусобақаларнинг чорак финал босқичигача етиб боргани ҳаммамизга олам-олам қувонч ҳадя этди.

Яна бир гап. Футболимиз равнақи йўлида жонбозлик кўрсатиб келаётган мураббийлар, футболчиларни рағбатлантириб бориш масаласи ҳам доимо эътиборда. Бунга мустақиллигимизнинг йигирма икки йиллиги муносабати билан Президентимиз Фармонига асосан, бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев ҳамда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони, футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси катта мураббийи Алексей Евстафеев эса “Дўстлик” ордени билан мукофотлангани яққол мисол бўла олади. Шунингдек, Конституциямиз қабул қилинганининг 

21 йиллиги арафасида давлатимиз раҳбарининг “Юқори натижаларга эришган бир гуруҳ иқтидорли ёшларни мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, мамлакатимизнинг ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари таркибидаги ажойиб ўйинлари билан мухлису мутахассисларнинг эътирофини қозонган Тошкент шаҳрининг “Пахтакор” профессионал футбол клуби аъзоси Аббосбек Махсталиев “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланди.

Кўп кузатамиз, Президентимиз вилоятларга ташриф буюрганларида, албатта, ўша жойда спорт, жумладан, болалар спортини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратадилар. 2010 йилда Андижонга қилган сафарлари чоғида вилоят марказининг Шўрбулоқ даҳасида бунёд этилган, халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий спорт мажмуаси фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзларининг қимматли таклифларини берган эдилар. Шундан сўнг, давлатимиз раҳбарининг “Андижон шаҳрида футбол бўйича Ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур мактаб-интернатда яратилган шарт-шароитлар билан танишар экансиз, кўнглингизда ажиб бир қувонч, фахрланиш ҳисси уйғонади. Тўртта футбол майдони, спорт зали, сузиш ҳавзаси, тренажёр зали, ўқув хонаси, дам олиш хонаси, замонавий жиҳозлар футболимизнинг эртанги эгалари ихтиёрига берилган. Уч йил муқаддам таълим даргоҳининг 100х70 ҳажмдаги асосий майдонига Ўзбекистон Футбол федерацияси томонидан жаҳон талабларига мос сунъий қоплама тўшалгани туфайли бу ердаги имкониятлар янада яхшиланди.

— Мактаб-интернатимизда 10 ёшдан 15 ёшгача бўлган 120 нафар ёш футболчи тарбияланмоқда, — дейди ихтисослаштирилган мактаб-интернат бош мураббийи Лутфилло Мажидов. — Уларга тезлик, техника, дриблинг, ақлий изланишларни ривожлантириш каби замонавий футбол талаблари асосида сабоқ берилмоқда. Тарбияланувчиларимиз ўйин амалиётини ошириш мақсадида Фарғона водийсининг бошқа вилоятлари жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиб турилади. Шунингдек, вилоятимизда ташкил этилган “Келажак лигаси” ҳамда республика миқёсидаги мусобақаларда футболчиларимиз мунтазам қатнашиб, совриндорлар қаторидан жой олишмоқда. Асосийси, тажриба орттиришаяпти.

— Жуда кўп тенгқурларим қатори менинг ҳам ниятларим кўп, — дейди ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиси Муҳаммадали Турсунов. — Аввало, астойдил ўқиб, билимимни бойитмоқчиман. Футболчи сифатида номдор клубларда ўйнасам, миллий терма жамоамиз сафида тўп сурсам, дейман. Энг катта орзуим — нуфузли мусобақаларда муваффақиятга эришиб, байроғимизни бошим узра кўтариш, майдон бўйлаб югуриш. Ана шу мақсадимга, албатта, етишаман.

Ўз фикрига, мақсадига эга мана шундай ёшларимизнинг борлиги бизнинг бахтимиз, ғуруримиз. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир.

Болалар футболига бу қадар юксак эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Боиси, катта майдонга илк қадамлар айнан шу даврдан бошланади. Ишончимиз комилки, бугун ғалабанинг дастлабки нашидасини тотиб, мағлубиятдан тўғри хулоса чиқаришга ўрганаётган, интилишу изланишлари билан ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён этаётган навқирон авлод вакиллари келгусида жаҳон ареналарида она-Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қиладилар.

Шавкат ОРТИҚОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn