Таэквондочиларимиз муваффақияти
  • 10 Июль 2017

Таэквондочиларимиз муваффақияти

Жанубий Кореянинг Мужу шаҳрида таэквондонинг WTF йўналиши бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари биттадан кумуш ва бронза медалга сазовор бўлди.

Айтиш жоизки, дунёнинг 180 дан ортиқ давлатларидан спортчилар қатнашган мазкур нуфузли мусобақада совринли ўринларни олиш осон эмас. Бунинг учун спортчида нафақат кучли ирода ва маҳорат, шу билан бирга, мамлакатда спортнинг бундай тури билан мунтазам шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар бўлиши талаб этилади. Республикамизда ёш авлод камолоти, ўғил-қизларнинг таълим-тарбия олиши, спорт билан шуғулланиши учун имконият етарли. Айниқса, Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган спорт турларини кенг оммалаштириш борасида эзгу саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани ўз самараларини бермоқда.

Жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган маҳоратли таэквондочимиз Никита Рафалович кумуш медални қўлга киритди. У финалгача бўлган беллашувларда Озарбайжон, Доминикан Республикаси, Аргентина, Мексика ва қозоғистонлик рақибларидан устун келди.

Хотин-қизлар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этган ёш умидли спортчимиз Динорахон Мамадибрагимова Непал, Тунис, АҚШ, ҳамда сербиялик таэквондочиларни мағлубиятга учратиб, кучли учликдан жой олди. Эътиборлиси, бу ўзбекистонлик таэквондочи хотин-қизлар томонидан жаҳон чемпионатларида қўлга киритилган илк медаль ҳисобланади.

Қолаверса, мазкур мамлакатнинг Чун-Чон шаҳрида ўтказилган яна бир йирик турнир — “Корея Опен — 2017” халқаро мусобақасида ҳам Ўзбекистон таэквондо мактаби вакиллари истеъдод ва маҳорат бобида ҳеч кимдан кам эмасликларини яққол намоён этишди. Унда вакилларимиз жами 23 та медални қўлга киритишди. Шундан еттитаси олтин медаль ҳисобланади.

Фазлиддин АБИЛОВ.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn