«Электрон парламент» тизими жорий этилади
  • 25 Апрель 2017

«Электрон парламент» тизими жорий этилади

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида “Электрон парламент” тизимини ривожлантириш комплекс дастурини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш белгиланган. Зеро, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизациялаш жараёнида Олий Мажлис ҳамда сиёсий партиялар ролини янада кучайтириш кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбатида Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида мазкур тизимни жорий этиш ҳамда ривожлантиришнинг долзарб жиҳатлари хусусида сўз юритилди. 

Парламент қуйи палатаси депутатлари, соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирокидаги тадбирда парламентни тараққий топтиришнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди. 

Таъкидланганидек, депутатлар фаолияти мамлакатимизда демократик тамойилларни қарор топтириш, ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан таъсирчан назорат механизмларини амалга ошириш билан чамбарчас боғлиқ. Бу борада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ушбу фаолиятнинг самарадорлиги ҳамда имкониятларини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда миллий парламент ахборот тизимларининг ҳозирги ҳолати, парламент фаолиятининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ва бошқа шаклларини амалга ошириш жараёнларида замонавий АКТдан фойдаланиш амалиёти тўғрисида ахборот берилди. Парламент палаталари расмий веб-сайтларининг техник ҳамда хизмат кўрсатиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Сайловчилар билан самарали мулоқот ўрнатиш мақсадида мазкур веб-сайтларни янада модернизациялаш чора-тадбирларига ҳам урғу берилди. 

Иштирокчилар халқаро тажриба асосида “Электрон парламент” комплекс дастури лойиҳасининг муҳим йўналишлари бўйича фикр алмашдилар. Вакиллик хокимияти органлари корпоратив маълумотлар узатиш тармоғини, фойдаланилаётган электрон ҳужжат айланиши тизимини такомиллаштириш ва парламент маълумотлар базасини, электрон кутубхона ҳамда бошқа ахборот ресурсларини шакллантириш юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди. 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn