Ҳаракатлар стратегияси ижроси изчил таъминланмоқда
  • 22 Апрель 2017

Ҳаракатлар стратегияси ижроси изчил таъминланмоқда

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг 72 та банди жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилиши керак эди. Хўш, ушбу тадбирлар ўз  вақтида ва самарали бажарилдими?

Пойтахтимизда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан ташкил этилган  анжуманда айнан шу саволга жавоб изланди. Тадбирда давлат дастурининг ижросига бевосита масъул бўлган давлат идоралари вакиллари марказ томонидан олиб борилган таҳлилий ўрганишлар, шунингдек, аҳолидан келиб тушган мурожаат ва таклифларни инобатга олган ҳолда, таклиф этилди. Унда илмий доиралар, мамлакатимиз ҳамда хориж журналистлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари қатнашгани ҳам жамоатчилик назоратини амалда ўрнатиш имконини берди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори А. Бурҳоновнинг таъкидлашича, Давлат дастури ижросига 168 та давлат органи ҳамда бошқа ташкилотлар жалб қилинган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 10 дан ортиқ қонунларимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Президентнинг 20 дан ортиқ Фармон ҳамда қарорлари ва Ҳукуматнинг 6 та қарори лойиҳасини, 15 та комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш белгиланган. Уларнинг тўлиқ ижро этилиши таъминланмоқда. Энг муҳими, ушбу саъй-ҳаракатларни амалга оширишда давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, фуқаролар фаол ва дахлдорлик туйғуси билан иштирок этмоқда.

Қайд этилганидек, Ҳаракатлар стратегиясининг давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларида белгиланган вазифалар изчил рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарорига асосан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганишнинг самарали тизими йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С. Отамуратовнинг маълум қилишича, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий этилган ушбу таъсирчан механизм ҳаётда ўз натижасини бераяпти. Унинг таъкидлашича, парламент аъзолари ўтган уч ой давомида мамлакатимизнинг 39 та туманидаги 22,8 мингдан ортиқ хонадонга ташриф буюрди, 218 минг нафардан зиёд фуқаролар билан мулоқот қилди. Ушбу учрашувларда 20 мингдан кўпроқ масалалар кўтарилди. Депутатлар ва сенаторларнинг саъй-ҳаракати билан муаммоларнинг 21 фоизи жойларда ҳал қилинди. Туман даражасида ҳал этилиши лозим бўлган 9 минг 909 та масала юзасидан маҳаллий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга аниқ таклиф ҳамда тавсиялар берилди, уларнинг ижроси назоратга олинди. Шунингдек, ҳудудларда вилоят даражасидаги ва республика миқёсидаги масалаларни депутат ҳамда парламент назорати воситасида ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, ҳозирги пайтда парламент аъзолари ушбу учрашувларда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар, қолаверса, муаммоларга ечим топиш мақсадида қатор қонун лойиҳалари устида иш олиб бораяпти. 

Давлат дастурига мувофиқ, Олий Мажлис палаталарининг ахборот-таҳлил ва тадқиқот фаолиятини кучайтиришга қаратилган таркибий бўлинмалар тузилди. Олий Мажлис Сенати Раисининг ўринбосари С. Артикованинг маълум қилишича, ушбу тузилма парламент палаталарининг қонунларни қабул қилиш ва назорат фаолияти сифатини оширишга, қонунларни чуқур таҳлиллар асосида ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Дастуриламал ҳужжатнинг қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларида биринчи чоракда кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилди. Аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини юксалтириш, номзодларни танлаш ва судьялар лавозимларига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ҳамда иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Мазкур конституциявий тузатишларга мувофиқ, суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар тузилди. Асосий Қонунимизга киритилган ўзгартишларга кўра, суд-ҳуқуқ тизимида янги институт — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди ҳамда унинг қонуний асослари яратилди. Бугунги кунда ушбу кенгаш тўлақонли фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Қ. Тоғаевнинг билдиришича, Ҳаракатлар стратегияси талабларини бажариш мақсадида жиноят қонунчилиги жазо тизимидан “қамоқ” жазоси чиқариб ташланди ва мажбурий жамоат ишлари жазо тури киритилди. Мажбурий жамоат ишлари маҳкумни ҳақ тўланмайдиган фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий тарзда жалб қилишдан иборатдир. Мажбурий жамоат ишлари бир юз йигирма соатдан тўрт юз саксон соатгача бўлган муддатга тайинланади.

Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишларида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам анжуман иштирокчиларининг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди. Маълумотларга кўра, Давлат дастурига биноан, темир  йўл соҳасида юқори тезликдаги “Talgo-250” русумли йўловчи поездини сотиб олиш, темир йўл линияларини қуриш, таъмирлаш, электрлаштириш ҳамда вагонлар таркибини янгилаш каби 6 та лойиҳа доирасида 107,7 млн. доллар маблағ ўзлаштирилди. Тайёр чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича умумий қиймати 12,7 млн. доллар бўлган 10 та лойиҳа рўёбга чиқарилди. Тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига 32 млн. доллар миқдорида инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига 3 та янги ва модернизация қилинган замонавий енгил саноат корхонаси ишга туширилди. Бундан ташқари, халқаро молия институтлари ва инвесторларнинг юртимиздаги лойиҳаларга имтиёзли кредит ҳамда инвестицияларини жалб қилиш бўйича жадал иш олиб борилаётгани қайд этилди. Хўш, бундай йирик лойиҳаларга йўналтирилаётган кредит ва инвестициялар давлатимиз ташқи қарзларининг ҳаддан ортиқ кўпайишига олиб келмайдими?

Иқтисодиёт вазирлиги бошқарма бошлиғи Феруз Раҳматовнинг айтишича, Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини ошириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш кўзда тутилган. Бугунги кунда асосий эътибор тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга қаратилмоқда. Бу чет эл корхоналари ўз технологияси, замонавий иш услуби, экспорт бозорлари, янги иш ўринлари билан кириб келиши билан ҳам аҳамиятлидир. Ўзбекистон инвестиция сиёсатининг ўзига хослиги шундаки, юртимизда четдан қарз олиш бўйича консерватив ёндашилади. Бунда узоқ муддатли, камфоизли ва албатта, қайтариладиган, натижа берадиган ҳамда халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган инвестициялар жалб этилади. Яъни бу соҳада ҳар томонлама пухта ўйланган қарорлар қабул қилинади. 

Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларидаги вазифалар ижроси анжумандаги савол-жавобларнинг асосий қисмини ташкил қилди.

Қайд этилганидек, бу йўналишда қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш борасидаги ҳудудий дастурлар доирасида 2 минг 633 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 18 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди. -Тижорат банклари томонидан фуқароларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва гўшт етиштириш, паррандачилик ҳамда асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада такомиллаштириш, тадбиркор аёлларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2,5 трлн. сўмлик кредитлар ажратилди. Тегишли ҳужжатларга мувофиқ, 343 номдаги дори воситалари, 44 номдаги тиббий буюмлар чекланган нархларда сотувга чиқарилиши белгиланди. Аммо бу борада айрим муаммо ва камчиликлар борлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.

Журналистларнинг рўйхатга киритилган айрим дори воситалари дорихоналардан топилмаётганига доир саволига соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э. Боситхонова жавоб берар экан, ҳақиқатан ҳам, олиб борилган таҳлиллар аҳолини арзонлаштирилган дори-дармон воситалари билан таъминлаш бўйича ишларда мураккабликлар борлигини кўрсатди, деди. Унинг билдиришича, шу мақсадда тегишли ҳужжат тайёрланмоқда. Масала атрофлича ўрганиб чиқилгач, халқимиз манфаатларига ҳам, фармацевтика корхоналари манфаатларига ҳам жавоб берадиган ечимга келинади.

Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларда белгиланган вазифалар ижроси сўзсиз таъминланаётгани кўрсатиб ўтилди. Жумладан, Ўзбекистоннинг хорижий шериклар билан 2017 йилдаги сиёсий-дипломатик соҳадаги ҳамкорлигини ривожлантиришга доир “йўл харитаси” лойиҳаси, дунёнинг 29 мамлакати билан 2017 йилдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ва молиявий-техник ҳамкорликни тубдан ривожлантириш ва кенгайтиришни таъминлашга доир “йўл хариталари”нинг лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси дипломатик хизмати тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси якунига етказилди. Консуллик устави ва “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонун лойиҳалари Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Анжуманда журналистлар, шунингдек, нақд пул муомаласи, банкоматлар, терминаллар билан таъминлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотлар, олий ўқув юртларига қабул квоталарини ошириш, олий таълимнинг турли шаклларини, шу жумладан, хусусий олий таълим истиқболлари ҳақидаги саволларига жавоб олдилар. Матбуот вакиллари ўз вақтида бажарилмаган бандлар ижросига ҳам эътибор қаратдилар.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn