Журналистлик фаолияти истиқболи ва қонунчилик
  • 23 Март 2017

Журналистлик фаолияти истиқболи ва қонунчилик

Оммавий ахборот воситалари ролини ошириш, журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш масалалари 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш жараёни устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан журналистлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ҳамда мутахассислар иштирокида ташкил этилган семинарда ахборот соҳасини демократлаштириш ва либераллаштириш борасидаги кенг кўламли ишлар кўриб чиқилди. Соҳага оид ўндан ортиқ қонун ҳужжатлари очиқлик ҳамда ошкораликни таъминлаш, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни самарали амалга оширишга хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.

Тадбирда Ҳаракатлар стратегияси доирасида ишлаб чиқилган “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунлар лойиҳалари муҳокама этилди. Жамоатчиликни тезкор ва ишончли ахборот билан таъминлаш жараёнида миллий оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш истиқболларига урғу берилди.

Сўзга чиққанлар депутатлар эксперт гуруҳлари билан биргаликда тайёрланган қонун лойиҳаларининг жамиятимиз ҳаётини янада демократлаштириш жараёни, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз ҳамда ахборот эркинлигини таъминлашдаги ўрни муҳим эканлигини таъкидлашди. Хусусан, ушбу қонунлар лойиҳаларининг қабул қилиниши оммавий ахборот воситалари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмларини белгилаш, шунингдек, уларнинг иқтисодий, ижодий мустақиллигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини амалга оширишда журналистларнинг ролини кучайтириш имконини беради.

Семинарда қонун лойиҳаларини янада такомиллаштириш, уларнинг жамоатчилик муҳокамаси жараёнида барча манфаатдор шахслар учун кенг имкониятлар яратиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn