Суд-ҳуқуқ тизими ривожи ва масъулият
  • 01 Март 2017

Суд-ҳуқуқ тизими ривожи ва масъулият

Урганч шаҳрида “Судьялар ва суд аппарати ходимларининг ахлоқ-одоби ва юриш-туриши, судлар фаолиятини такомиллаштириш чинакам суд мустақиллигини таъминлашнинг муҳим омили” мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда вилоят жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишларига ихтисослаштирилган судларнинг раҳбарлари, судьялари, ушбу судлар аппарати ходимлари ҳамда фахрий судьялар қатнашди.

Анжуманда юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунчиликни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Мазкур меъёрий ҳужжатлар миллий қонунчилик ҳамда суд-ҳуқуқ тизими замон талаблари ва халқаро андозаларга мувофиқ такомиллаштириб борилишида муҳим омил бўлмоқда.

Соҳанинг малакали кадрлар билан таъминланаётгани инсон ҳуқуқлари самарали ҳимоясига хизмат қилаётир.

Давлатимиз раҳбарининг Фармони билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳияти, унда қонун устуворлиги ва суднинг чинакам мустақиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилгани хусусида ҳам сўз борди. Жорий йилги Давлат дастурида қарорлар қабул қилишда судлар мустақиллигини таъминлаши керак бўлган Судьялар олий кенгашини тузиш, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьяларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирлар режалаштирилган. Бундай тадбирлар судларнинг одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада юксалтиради. 

Семинарда таъкидланганидек, мамлакатимизда одил судловни амалга оширишда судья одоб-ахлоқ қоидаларини такомиллаштиришга, уларнинг касбий-тарбиявий тайёргарлигини, суд этикаси, касбий малака, ҳалоллик ва муносиблик ҳамда ҳуқуқ, ахлоқ ва қобилият бирлигини таъминлаш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

— Одил судлов самарадорлиги нафақат суд мустақиллиги ва судьяларнинг эркинлигига, балки кўпгина бошқа омилларга ҳам боғлиқ,  — дейди жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп тумани суди раиси Акбар Аминов. —  Ана шундай омиллардан бири судья маданияти ва одобидир. Адолатли суд қарорлари қабул қилишда судьянинг касб одоби ва маданиятига риоя этиши катта аҳамиятга эга. Зеро, бу орқали одил судлов мақсади бўлган инсонпарварлик, бағрикенглик рўёбга чиқарилади.

Семинарда судьялар ва суд аппарати ходимларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги Қонун ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилиши, суднинг обрўсига зиён етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатдан тийилиши лозимлиги юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Ойбек РАҲИМОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn