Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш — пировард мақсад
  • 28 Февраль 2017

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш — пировард мақсад

Мамлакатимизда судни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилувчи чинакам мустақил институтга айлантириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаяпти. Аввало, соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий пойдевори яратилиб, тобора такомиллаштирилаётганини айтиш ўринлидир. 

Президентимизнинг шу йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ана шу йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, унда соҳани замон талаблари асосида янада равнақ топтириш, унга илғор институциявий ва тузилмавий механизмларни жорий этиш назарда тутилган. Бу эса давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирларни самарали бажариш учун мустаҳкам замин яратади.

Фармонга биноан, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш тартиби такомиллаштирилади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди негизида Ўзбекистон Республикаси Олий судини ташкил этиш, ҳарбий судларни Олий суд ихтиёрига ўтказиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва -молиявий таъминлаш масалаларини адлия органларидан суд ҳокимиятига бериш, хўжалик судлари негизида иқтисодий судларни ташкил қилиш, шунингдек, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқадиган маъмурий судларни ташкил этиш каби қатор вазифалар ижроси ана шу мақсадга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ҳам назарда тутилаяпти. Бундай ўзгариш эса судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципини таъминлашга кўмаклашиши билан аҳамиятлидир. Унда Кенгаш фаолияти асосий йўналишлари белгилаб берилди. Улардан бири судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалалари бўйича жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳисобланади. Бу бир томондан судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши устидан жамоатчилик назоратини мустаҳкамласа, бошқа тарафдан судьялар масъулиятини янада оширади.

Шу ўринда ушбу масалага кенгроқ тўхталиб ўтадиган бўлсак, маълумки, “Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари” Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимига тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг 2013 йил 

28 февралдаги қарори билан тасдиқланган. Унга кўра, судьялар одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши, одил судлов обрўсига, судьянинг қадр-қимматига салбий таъсир кўрсатиши ёки унинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийиши шарт. Ҳалоллик, муносиблик ҳамда поклик судьянинг ўз вазифаларини лозим даражада бажаришининг зарур шарти ҳисобланади.

Конституциявий суд судьялари ҳам “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьясининг шаъни тўғрисидаги Кодекс” қоидаларига тўлиқ амал қилишлари лозим. Кодексга биноан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз қасамёдига содиқ қолиши даркор.

Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси судья учун ҳамма нарсадан устун. Судья конституциявий назоратни амалга оширишда фақат Асосий Қонунимиз талабларига таянади. Судья ўзининг бутун фаолияти ва хулқи билан фуқароларда Конституциямизга ҳурмат ҳиссини шакллантиришга кўмаклашиши ҳамда қонунга итоат этиш намунасини кўрсатиши зарур. Яъни судья ҳар доим ва ҳар жойда ўзини шундай тутиши керакки, токи жамиятда Конституциявий суднинг одил ҳамда мустақил эканига ишонч қарор топсин.

Ўз навбатида, судья ўзгалар фикри таъсиридан, ўз фаолиятига танқидий баҳо берилиши эҳтимолидан чўчиш ва ҳадиксираш ҳиссидан холи бўлиши, дўст ҳамда танишлар орттиришда эҳтиёткор бўлиши, ўзининг обрўсини тўкиши мумкин бўлганлар билан алоқа боғлашдан ўзини тийиши, шунингдек, бошқаларда бирор шахс унга таъсир кўрсатиш имкониятига эга, деган тасаввур ҳосил бўлишига йўл бермаслиги мақсадга мувофиқ.

Судья барча ҳолларда ўзининг ҳар қандай ҳаракатини чуқур ўйлаб амалга ошириши, унинг юз бериши мумкин бўлган оқибатларини аввалдан кўра билиши, ўзини ҳар қандай ошкора айблашни эътиборсиз қолдирмаслиги керак. У фуқаролар билан муомалада хизмат вазифасини бажариб турганда ҳам, хизматдан ташқари мулоқотларда ҳам умумий қабул қилинган ахлоқ қоидаларига риоя этиши, ўз мавқеига муносиб иш тутиши, хушмуомалалиги, холислиги ва барчага бирдек муносабати, қатъиятлилиги, масаланинг моҳиятини чуқур таҳлил қилишга интилиши, бошқача нуқтаи назарни тинглай ва англай олиши, билдирилган мулоҳазаларни вазминлик билан эшитиши жоиз.

Конституциявий суд томонидан ўрганилаётган ёки кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарор қабул қилинмагунча судья ўз фикрини ошкора билдиришга ҳамда кўриб чиқилган ишлар юзасидан қабул қилинган қарорлар кучга кирмагунча жамоа олдида шарҳлар беришга ҳақли эмас. У Конституциявий суддан ташқарида ихтилоф ва низоларни ҳал этишда ҳакам ёки воситачи сифатида иштирок этмаслиги лозим.

Шулар қаторида судья ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайлаш ёки давлат лавозимига тайинлаш учун номзодларни жамоа олдида ошкора қўллаб-қувватлаши ҳамда уларни ёқлаб ёки уларга қарши ташвиқот қилиши мумкин эмас. У тарафлар, уларнинг -вакиллари, гувоҳлар, суд мажлисининг бошқа иштирокчиларига нисбатан сабр-тоқатлилик, хушмуомалалик ва ўз мавқеига муносиблик хислатларини намоён этиши, бирон-бир тарзда (сўз, ишора, имо билан) мажлиснинг у ёки бу иштирокчисига ўз муносабатини билдирмаслиги шарт. 

Фармонда судьялар томонидан нафақат қонун нормалари, балки юқорида кўрсатилган одоб-ахлоқ қоидалари бузилганда фуқаролар тегишли давлат органларига, шу жумладан, янги ташкил этилаётган Судьялар олий кенгашига мурожаат қилишга ҳақли эканлиги белгилаб берилаяпти. Кенгаш мурожаатларни кўриб чиқиб, судьяларга нисбатан тегишли таъсир чорасини кўради. Бу, аввало, судьяларнинг ўз бурчига бўлган садоқатини, масъулиятини оширади, тил ва дил бирлигини мустаҳкамлайди,  жамиятда адолат, -холислик, шаффофлик, ошкоралик, энг муҳими, қонун устуворлиги, қонун принципларини янада чуқур қарор топтиради. 

Мазкур ўзгаришларни ўз вақтида сифатли рўёбга чиқаришга қаратилган чора-тадбирларни қонуний мустаҳкамлаш мақсадида Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий судига Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш юклатилди. Янги қонунда Судьялар олий кенгашининг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятининг тартиби белгилаб берилади. 

Умуман, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқаролар ҳамда юридик шахслар ҳуқуқларини судлар орқали ҳимоялашнинг мустаҳкам тизимини яратиб беришга асос бўлади.

Бахтиёр МИРБОБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий судининг раиси.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn