Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ошмоқда
  • 25 Февраль 2017

Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ошмоқда

Ўзбекистон изчил ривожланаётган давлатлар қаторига киради. Тизимли ислоҳотлар самарасида мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ошмоқда. Хитой ва Ўзбекистон ўртасида турли соҳалардаги мавжуд самарали ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Биз ҳам мазкур ҳамкорлик натижаларига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз.

Ўзбекистонда барча соҳа қатори енгил саноат тармоқларини ривожлантириш учун ҳам жуда катта имкониятлар мавжуд. Серқуёш иқлим ва унумдор заминда етиштирилган пахта толасига бугун жаҳон бозорида талаб катта. Мамлакатингизда етиштирилган пахта сифати ва толасининг пишиқлиги бўйича дунёда етакчилардан ҳисобланади. Пахтадан тайёрланган маҳсулотлар икки баробар кўп даромад келтиради. Компаниямиз бу имкониятларни ҳар томонлама чуқур ўрганди.

Компаниямиз раҳбарлари Ўзбекистонда бир неча марта бўлиб, бу ердаги шароитлар билан яқиндан танишди. Ўзбекистондаги чет эллик инвесторларга яратилган қулай муҳит бизга ҳар томонлама маъқул бўлди. Тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “ЛТ Текстиль Интернейшнл” қўшма корхонасида Қашқадарё вилоятида етиштирилган пахта толасини қайта ишлаб, бозорга тайёр маҳсулот чиқариш мўлжалланган. Биринчи босқичда пахта толасидан ип-газлама ишлаб чиқарилади. Бу жараён жорий йилнинг иккинчи чорагидан бошланади. Иккинчи босқич 2018 йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат -Мирзиёев 24 февраль куни лойиҳа билан танишиб, уни тезроқ ишга тушириш чораларини кўришни таклиф қилди. Бу таклиф бизга ҳам маъқул бўлди. 

Мазкур лойиҳани тайёрлаш жараёнида Ўзбекистоннинг барча вилояти иқлим шароитини ўргандик. Қашқадарё вилоятини танлаганимиз бежиз эмас. Бу ҳудудда етиштирилган пахта толасининг пишиқлиги, соҳага ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларининг мавжудлиги эътиборга олинди. Жорий йилда 60 нафар коллеж битирувчисини Хитойга малака оширишга юборишни режалаштирганмиз. Бу уларнинг соҳани чуқур ўрганишида ва самарали фаолият бошлашида муҳим омил бўлади. 

Ҳамкорликда олиб бораётган ишларимиз икки томон учун ҳам манфаатли бўлишига ишонамиз. 

Чен Жи, 

«ЛТ Текстиль Интернейшнл» қўшма корхонаси директори.

ЎзА.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn