Адолат ва қонун устуворлиги — бош мезон
  • 25 Февраль 2017

Адолат ва қонун устуворлиги — бош мезон

Мамлакатимизда барча жабҳада қонун устуворлиги ҳамда қонунийликни таъминлаш, инсонпарварликка асосланган демократик қадриятларни қарор топтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Бу мақсадга эришишда ўз ишини фақат қонунлар асосида, ҳар қандай тазйиқ ва босимлардан, тўрачилик ҳамда маъмурий-буйруқбозликдан холи тарзда олиб борадиган, чинакам мустақил суд-ҳуқуқ тизимининг мавжудлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Бошқача айтганда, фуқароларнинг инсоний қадр-қиммати, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳар тарафлама ҳимоялаш мазкур соҳани изчил такомиллаштиришни тақозо қилади. Бинобарин, Ҳаракатлар стратегиясида судьялар ва суд аппарати ходимлари мавқеини, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш даражасини ошириш, судларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, судларни ихтисослаштириш, улар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация техноло-гияларини жорий қилиш каби долзарб вазифалар ўз ифодасини топган. 

Президентимизнинг  шу йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони ушбу вазифаларни рўёбга чиқаришда муҳим амалий қадам бўлди. 

Мазкур дастурий ҳужжат Конституциямизда белгилаб берилган судьялар мустақиллиги, уларнинг фақат қонунларга бўйсуниш принципларини кафолатлаш билан боғлиқ нормаларни мустаҳкамлади. Моҳиятига кўра, бунинг замирида одил судловга эришиш, фуқаролик жамиятининг асосий шарти — барчанинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари бирдек ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсади мужассам. 

Албатта, фуқароларни ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлардан фақат қонунлар асосида иш кўрадиган мустақил суд-ҳуқуқ тизими ҳимоя қилади. Шу маънода, Фармон асосида соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичга чиқиши алоҳида эътирофга молик. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташкил этилиши судьялик лавозимларига малакали мутахассислар орасидан очиқ ва шаффоф танлов асосида номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш тизими тубдан такомиллашувига, судьяларнинг мазкур жараёндаги иштирокини кенгайтириш ва юқори малакали судья-лар корпусини шакллантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази йўлга қўйилиши суд фаолиятини тизимли таҳлил қилиб бориш орқали ягона суд амалиётини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилмоқда. Ушбу ислоҳот суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этиб, одил судлов даражасини оширади. 

Қолаверса,  Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилмоқда. Бу билан давлат бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари ва қарорларининг қонунийлиги устидан суд назоратини таъминлашнинг демократик механизми яратилади.

Умуман, Фармонда назарда тутилган мақсад ва вазифаларнинг ҳаётга изчил татбиқ қилиниши суд тизими фаолияти самарадорлигини кафолатлайди.

Биз, Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳам бу жараёнда фаол қатнашиш баробарида, жамиятда қонун устуворлигини мус-таҳкамлаш, шу мақсадда тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар, дастурлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтиришимиз зарур. Фармон мазмуни ҳамда аҳамиятини, суд-ҳуқуқ тизимида жорий қилинаётган янгиликларни фуқаролар ўртасида кенг тушунтиришимиз, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш борасидаги ишларимизни жадаллаштиришимиз демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида долзарб вазифаларимиздан ҳисобланади.

Пахриддин МАТКАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn