Ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилиши
  • 24 Февраль 2017

Ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилиши

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг -навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мамлакатимизга Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия ҳамраиси А. Мамин бошчилигидаги делегация ташрифи доирасида уюштирилган мазкур тадбирда икки давлатнинг иқтисодиёт, савдо-саноат, сармоя, божхона, нефть-газ, ёқилғи-энергетика, атроф-муҳит муҳофазаси, маданият ва ижтимоий соҳаларда фаолият кўрсатаётган қатор вазирлик ҳамда идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг яқин ҳамкори, муҳим савдо шерикларидан биридир. Зеро, ўзбек ҳамда қозоқ халқлари азалдан яхши қўшни, яқин дўст бўлиб яшаб келган. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар ана шу тамойиллар асосида барча соҳада изчил ривожланаяпти. Бунда давлатларимиз ўртасида имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги, Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномалар, шунингдек, савдо-иқтисодий йўналишда сармояларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоялаш, икки томонлама солиқдан қочишга оид битимлар муҳим омил бўлмоқда. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия ҳамраиси О. Раматов Марказий Осиёнинг етакчи давлатлари бўлган мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорлик, айниқса, савдо-иқтисодий соҳада тобора мустаҳкамланиб, изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. 

Дарҳақиқат, юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик ва инвестиция  муҳити Қозоғистон ишбилармон доираларининг иқтисодиётимизга бўлган қизиқишини оширмоқда. Бунинг амалий тасдиғи сифатида саноатнинг етакчи тармоқларига сармоя киритилиб, қўшма корхоналар ташкил этилаётир. Бугунги кунда республикамизда қозоғистонлик инвесторлар иштирокида асос солинган қарийб 230 та корхона самарали фаолият кўрсатмоқда. Шундан 40 га яқини тўлиқ хориж капитали асосида тузилган.

Икки томонлама савдо алоқалари ҳам жадал суръатда тараққий этмоқда. Ўзбекистондан Қозоғистонга, асосан, мева-сабзавотлар, транспорт воситалари, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари ҳамда турли хизматлар экспорт қилинади. Ўз навбатида, Қозоғистондан юртимизга қора ва рангли металлар, ёғ-мой маҳсулотлари келтирилади. 2016 йил якунларига кўра, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб, 2 миллиард АҚШ долларидан ошди.

Музокарада дастлаб ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг ўтган йили Остона шаҳрида бўлиб ўтган ўн бешинчи йиғилишида қабул қилинган қарорлар ижроси, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.   

Томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги марраларга олиб чиқиш учун улкан имкониятлар мавжудлигини қайд этдилар.  Хусусан, икки давлатнинг автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган бўлиб, улардан янада самарали фойдаланиш келгусида транспорт коммуникациялари соҳасида янги уфқларни очиши, транспорт коридорларининг рақобатдошлигини ошириши, шубҳасиз.

Шу билан бирга, истиқболда тенг манфаатли алоқаларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини янада кенгайтириш, фойдаланилмаган ресурсларни ишга солиш, иқтисодиётнинг турли йўналишлари, жумладан, транспорт ва транспорт коммуникациялари, нефть-газ, ёқилғи-энергетика каби соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn